Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:59

Эрдўғон 29 апрелда Тошкентга келади. Турк бизнеси ўз муаммолари ҳал этилишига умид қилмоқда


Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан бери Туркия президенти билан Самарқанд ва Анқарада хос суҳбатлар ўтказди.
Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан бери Туркия президенти билан Самарқанд ва Анқарада хос суҳбатлар ўтказди.

29 апрель куни Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон давлат ташрифи билан Тошкентга келади.

Мазкур сафар доирасида 30 апрель куни Туркия Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши Тошкент ҳукумати билан ҳамкорликда турк-ўзбек бизнес форуми ўтказади.

Форум арафасида Озодлик гаплашган Ўзбекистонда ишлаëтган турк тадбиркори кейинги бир йил ичида мамлакатдаги бизнес муҳити тубдан яхшиланганини айтса¸ Туркиядаги потенциал сармоядорлар¸ президент Мирзиëев баëнотларига зид тарзда¸ хориж инвесторини турли баҳоналар билан “бозорга қўймаслик” ҳаракатлари давом этаëтганини билдирди.

Хориж сармоядори учун умид берувчи мисол?

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг Ўзбекистонда қайта иш бошлаган саноқли турк бизнесменларидан бири Тошкентдаги Demir супермаркетлари¸ Grand Mir меҳмонхонасининг собиқ мулкдори Аҳмат Демирдир.

Жаноб Демир ўтган йил сентябрида Ўзбекистонга қайтиб¸ Тошкент марказидаги “Чорсу” меҳмонхонаси базасида “Эски шаҳар” савдо-сайëҳлик мажмуаси қуришга киришди.

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг жорий ҳафта Тошкентга қиладиган сафари доирасида ўтказиладиган ўзбек-турк бизнес форумида қатнашадиган турк ишбилармонларидан бири бўлган Аҳмат Демир¸ Шавкат Мирзиëев саъй-ҳаракати билан мамлакатдаги бизнес иқлимида жиддий ўзгариш бўлганини айтади:

- Вазият мутлақо¸ кескин ўзгарди. Аввалги МХХ ë прокуратурадагилар каби бизнесмендан тама қилиш¸ доля сўраш ҳозир мумкин эмас. Бу – Ўзбекистондаги жиддий ўзгаришлардан биттаси. Худога шукур! Биз кўзимизга пушти кўзойнак тақиб¸ бўлди¸ ҳамма муаммо битди¸ деб гапираëтганимиз йўқ. Биз реалист одамлармиз. Биз ўзимиз кутган нарсалардан кўра кўпроқ ижобий нарса кўрдик¸ - деди Аҳмат Демир 24 апрель куни Озодлик билан суҳбатда.

“Бизнес планлар ўғирланмоқда. Мирзиëевга бизни “гуланчи” деб ëлғон ахборот беришмоқда

Туркия президентининг Тошкент сафари арафасида Озодлик Ўзбекистон ҳукуматига кейинги бир йил ичида ўз инвестицион лойиҳаларини тақдим қилиб¸ улардан рад жавоби олган айрим турк ширкатлари бошқарувчилари билан ҳам боғланди.

Бу суҳбатдошлар¸ Тошкент янги ҳукумати билан янги муаммоларига Эрдўғон сафари ечим топишига умид қилаëтганларини айтиб¸ ўзлари ва ширкатлари номи ҳозирча очиқланишини истамадилар.

“Сўнгги умидимиз¸ президент Эрдўғоннинг сафаридир. Агар шу сафардан кейин ҳам бизни алдаëтганлар хулоса чиқариб¸ алдаш ва тўсқинлик қилишни тўхтатмаса¸ у ҳолда матбуотга очиқ гапиришга мажбур бўламиз. Биз сиëсатчи эмас¸ иш одамимиз¸ шунинг учун муаммоларимиз сиëсийлашмасдан ҳал бўлишини истаймиз¸”- деди бир йил олдин Ўзбекистондаги тегишли идораларга ўз бизнес лойиҳасини тақдим этган йирик турк ширкатларининг Озодлик гаплашган бошқарувчилари.

Бу турк ширкатлари муаммолари тафсилотини Озодликка улардан яхши хабардор Тошкент ҳукумати мулозими тушунтиришга уринди.

“Бир нечта турк ширкати Рустам Азимовнинг ўтган йилги Туркия сафаридан кейин Ўзбекистонда завод ва фабрикалар қуришга оид бизнес режасини тақдим этган эди. Бу режани Тошкентда қабул қилиб олишди¸ кўп ўтмай¸ бизга тўғри келмайди¸ деб қайтариб беришди. Аслида¸ бу қиммат бизнес-планни ўғирлаб¸ ўз одамларига беришди. Турклар қуруқ қолди. Президент Мирзиëвга эса¸ буларни Рустам Азимов чақирган¸ ўшанинг одамлари (президент Азимовни кескин танқид қилиб келади – таҳр.)¸ аслида улар гуланчи экан¸ уларни киритсак¸ Эрдўғон қаттиқ хафа бўлади¸ деб ëлғон изоҳ беришди. Ўзбекистондаги олигархлар ҳали-вери ўз монополиясини бировга берадиган эмас”¸ дейди Озодликка шахси сир қолиш шарти билан гапирган Тошкент мулозими.

(Озодликка турк ширкатлари номи¸ уларнинг ўз бизнес-режасини айнан қайси вазирлик ва идорага тақдим этгани¸ айнан қайси масъул шахсларнинг бу режани рад этгани¸ туркларнинг бизнес-режаси асосида қаерда¸ қайси лойиҳа иш бошлагани маълум¸ аммо бу номлар ҳозирча эълон қилинмаëтир – таҳр.)

2 миллиард долларлик турк сармояси қани?

Шавкат Мирзиëев хориж инвестициясини Ўзбекистонга таклиф қилишни бошлаши билан¸ айни йўналишдаги махсус илтифот ва имтиëз турк бизнесига тақдим этилди.

Туркия президенти Эрдўғон Рустам Азимов бошчилигидаги ўзбек делегациясини 2017 йилнинг 27 февралида алоҳида илтифот билан қабул қилган эди.
Туркия президенти Эрдўғон Рустам Азимов бошчилигидаги ўзбек делегациясини 2017 йилнинг 27 февралида алоҳида илтифот билан қабул қилган эди.

2017 йил февралида ўшандаги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги Ўзбекистон расмий делегацияси турк сармоядорларга махсус таклифни шахсан президент Режеп Таййип Эрдўғонга¸ сўнгра йирик турк ширкатларига тақдим қилди.

Рустам Азимов Туркиядан бир миллиард долларлик турк сармоясининг Ўзбекистонга келиш истагини билдиргани ҳақидаги ҳисобот билан қайтган бўлса¸ ўтган йилнинг октябрь ойида президент Мирзиëевнинг Туркияга қилган давлат ташрифидан сўнг бу рақам 2 миллиард долларга етди.

Aммо орадан ўтган бир ярим йил давомида Ўзбекистонга Туркиядан айнан қанча инвестиция кирди¸ нечта турк ширкати ëки хусусий тадбиркори бу вақт ичида Ўзбекистонда бизнес бошлади¸ буниси расмий маълумотларда очиқланганича йўқ.

Президент Мирзиëевнинг ҳукумат мажлисларида “кўп миллиард долларлик иқтисодий шартномалар¸ йирик лойиҳаларга оид меморандумлар имзоланганига оид “баландпарвоз ҳисобот”ларга қарамай¸ Ўзбекистонга кутилган хориж сармояси келмаган”ини танқид қилганидан¸ Туркиядан ҳам ҳисоб берилган 2 миллиард долларнинг келмагани тахмин қилинмоқда.

"Сармоя қўрқоқ нарсадир..."

Мирзиëев ҳокимиятга келгандан кейин Ўзбекистонда бизнес бошлаган саноқли хориж тадбиркорларидан бири Аҳмат Демир¸ бундай сусткашлик ва кутиш жараëнида фавқулоддалик кўрмаслигини айтади:

- Бу нормал. Сармоя жуда қўрқоқ нарсадир. Секин-секин келади. Ўзларидан олдин келган одамларга қарайди¸ уларнинг шарт-шароитини¸ юришини томоша қилади. Нафақат турклар¸ балки Европа¸ Америка¸ Япония бизнесменлари ишонч ҳосил қилмоқ учун сабр билан Ўзбекистондаги янгиликларни узоқдан томоша қилаяпти¸ кўраяпти. Олти ой ўтар¸ бир йил ўтар¸ узоқдан томоша қилганлар яхши-яхши янгиликларни кўради¸ Ўзбекистонга кўпроқ жасорат билан келади¸- дейди Аҳмат Демир.

Demir Holding эгаси Озодлик билан суҳбат давомида¸ бу борада ўзининг Ўзбекистонда қайта бошлаган бизнеси эҳтимолий сармоядорларга ижобий намуна бўлишига умид билдирди.

XS
SM
MD
LG