Тошкентдаги бир нечта манбанинг Озодликка хабар беришича, халқаро жиноий гуруҳларга алоқадорлиги иддао қилинадиган Ғафур Раҳимовнинг жияни, жиноят оламида "Золотой" лақаби билан танилган Равшан Муҳиддинов 11 июль куни Ўзбекистонга қайтган.
Озодлик телефон орқали боғланган Равшан Муҳиддиновнинг отаси Баҳодир Муҳиддинов бу хабарни тасдиқлади.
Оғир жиноятларда айблангани ортидан Ўзбекистондан чиқиб кетган Муҳиддинов¸ 12 йил халқаро қидирувда бўлган¸ Тошкент сўрови билан Истанбул ва Дубай қамоқхоналарида ўтириб чиққан.
Муҳиддиновнинг Тошкентга қайтиши арафасида унинг номи Ички ишлар вазирлиги сайтининг қидирувдаги шахслар рўйхатидан олиб ташланди.
Айблов олиб ташланди
2007 йилда 18 яшар Равшан Муҳиддинов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 242- моддаси бўйича (Уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва унга бевосита раҳбарлик қилиш) гумонланиб, қидирувга берилган.
Ички ишлар идоралари Равшан Муҳиддиновни ўзаро жанжаллашган икки гуруҳдан бирига раҳбарлик қилишда айблаши ортидан, у Ўзбекистондан чиқиб кетган.
58 яшар Баҳодир Муҳиддиновнинг Озодликка айтишича, орадан 12 йил ўтиб¸ жорий йил апрель ойида ўғлига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини қайта кўриб чиқишни сўраб, президент Шавкат Мирзиёев номига мактуб йўллаган.
- Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг олиб бораётган сиёсатларини кўриб, кўпчилик ноқонуний қидирувга берилганларнинг қайтиб келаётганини кўриб, президентимиз номларига бир илтимоснома ёзган эдик. Унда тергов ишлари қайтадан, одилона кўриб чиқилишини илтимос қилдик, - деди Баҳодир Муҳиддинов.
Орадан икки ой ўтиб Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси терговчилари у билан боғланиб, ўғлига нисбатан эълон қилинган қидирув олиб ташлангани ва 12 йил муқаддам қўзғатилган тергов иши қайтадан кўриб чиқилаётганини маълум қилган.
Баҳодир Муҳиддинов, айни пайтда¸ агар ўғли қайтиб келгач¸ тергов томонидан айбдор деб топилса, эътироз билдирмаслиги ҳақида ички ишлар ходимларига тилхат ëзиб берганини ҳам айтади.
Муҳиддиновга кўра¸ Тошкентга қайтгач сўроқ қилинган ўғли Равшан ҳам, 12 йил муқаддам бўлиб ўтган жанжалнинг бошқа иштирокчилари ҳам унинг жанжалга аралашмагани ҳақида кўрсатма берган.
- Тергов ишлари қайта кўриб чиқилди. Ўғлим¸ мана қайтиб келди. Барча айбловлар нотўғрилиги аниқланди, лекин 241-модда, яъни жиноят тўғрисида хабар бермаганликда айбдор деб топилиб, жиноят муддати ўтгани учун, бу иш ёпилди ва ўғлимдан ҳамма айбловлар олиб ташланди, - деди Баҳодир Муҳиддинов.
Озодлик ҳозирча Равшан Муҳиддиновнинг қайси асосда оқланганига изоҳ берилган расмий ҳужжатни кўрмади.
Равшан Муҳиддиновнинг ўзи Озодлик мухбири билан телефон орқали гаплашишни истамади.
Халқаро қидирув
Ўзбекистон ҳуқуқ тизими мулозимларидан бирининг ўтмишда Озодликка айтишича¸ 2009 йил сентябрда Интерпол орқали қидирувга берилган Равшан Муҳиддинов Истанбулнинг Отатурк аэропортида ҳибсга олинган.
Ҳибсга олинганидан сўнг уч йил давомида Истанбулдаги Молтепа қамоқхонасида сақланган ва Ўзбекистон томони илгари сурган айбловлар ўз исботини топмагани учун озод этилган.
Бироқ Равшан Муҳиддинов 2013 йил октябрида Бирлашган Араб Амирликларида Ўзбекистон талаби билан такроран ҳибсга олиниб¸ икки ой давомида Дубайдаги Ал-Авир қамоқхонасида ушлаб турилган.
Бу гал ҳам Ўзбекистон томони илгари сурган айбловлар ўз "исботини топмади"¸ деган асосда озод этилган.
"Равшан Золотой"
Равшан Муҳиддиновни яхши билганларнинг айтишича¸ ёшлигида сочи малла бўлгани учун жиноят оламида у Равшан Золотой лақабини олган.
У илк бор кенг жамоатчиликка шу йилнинг апрель ойида ўзбекистонлик Ахтам Самаркандский лақабли Ахтам Ёқубовга "вор в законе" "унвони" берилгани ортидан танилди.
Озодлик ўшанда ички ишлар подполковнига таяниб, Ахтам Самаркандскийнинг ўғрилар оламида танилиши ва "вор в законе" рутбасини олишида Дубайдаги қамоқхонада дўстига айланган Равшан Золотойнинг роли катта бўлганини хабар қилган эди.
Истеъфодаги полковникнинг иддао қилишича, Равшан Муҳиддинов 2013 йил ёзида уюшган жиноий гуруҳ сифатида танилган "Биродарлик халқаси"нинг ("Братский круг") етакчи аъзоларидан бирига айланган.
АҚШ Молия вазирлиги ҳужжатларига кўра, “Биродарлик халқаси” аъзоларининг Европа, Яқин Шарқ, Африка ва Лотин Америкаси давлатларида фаолият юритиб келади.
Равшан Муҳиддиновнинг тоғаси¸ йирик тадбиркор Ғафур Раҳимов АҚШ Молия вазирлигининг уюшган халқаро жиноий гуруҳ етакчиларига қарши жорий қилган санкциялари рўйхатига илк бор 2012 йилнинг 23 февраль куни "Евроосиëдаги жиноий синдикат" етакчиларидан бири сифатида киритилган эди.
2018 йил июль ойида Ғафур Раҳимов ҳам Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг “қидирувдаги шахслар” рўйхатидан олиб ташлангани ортидан Ўзбекистонга қайтган эди.