Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:51

Ғафур Раҳимов Гулнора Каримова фитнаси қурбони бўлганини билдирди


АҚШдаги ABC телеканали ўтказган суриштирувда Ғафур Раҳимовнинг Россиянинг Сочида олимпиада ўтказиш уриниши муваффақиятини таъминлаган "кримонал босс" экани айтилган эди.
АҚШдаги ABC телеканали ўтказган суриштирувда Ғафур Раҳимовнинг Россиянинг Сочида олимпиада ўтказиш уриниши муваффақиятини таъминлаган "кримонал босс" экани айтилган эди.

АҚШнинг Атланта шаҳрида жойлашган Around the Rings интернет нашрига интервью берган ўзбек жиноят дунëсининг авторитетларидан экани иддао қилинадиган Ғафур Раҳимов¸ ўзини Гулнора Каримова қурбонларидан бири сифатида тақдим этди.

2-3 ноябрь кунлари Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) Москвада ўз янги президентини сайлаши керак.

Ғафур Раҳимов президентликка номзоди қўйилган ягона шахс бўлиб турган бир пайтда¸ Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Ғафур Раҳимов Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) президенти этиб тайинланадиган бўлса, Олимпиада ўйинлари дастуридан бокс чиқариб юборилиши мумкинлиги тўғрисида баёнот берди.

Бундай баëнотга¸ Раҳимовнинг 2012 йили АҚШ Молия вазирлиги томонидан “ўзбек уюшган жиноят олами етакчиларидан бири” деб баҳоланиб¸ уюшган халқаро гуруҳ етакчиларига қарши жорий қилган санкциялари рўйхатига киритилгани ва ҳамон шу рўйхатда қолаëтгани асос бўлган.

Ана шу вазиятда Олимпия қўмитаси янгиликларини ëритишга ихтисослашган Around the Rings интернет нашрига интервью берган Раҳимов¸ янги ҳукумат ўзининг фитна қурбони бўлганини яхши билганидан¸ унинг номини оқлашда бевосита қатнашаëтганини билдирди.

Раҳимов “ҳақиқати”

Around the Rings интернет нашрига берган интервьюсида “AIBAга аъзо федерациялар келаси ойги конгрессда муҳим танлов қилишлари керак ва шу боис улар ҳақиқатни билишлари шартдир”¸ деган Ғафур Раҳимов¸ қандай қилиб АҚШ Молия вазирлиги томонидан “трансмиллий жиноий гуруҳлар вакили” деб таснифланишига оид ўз ҳикоясини айтади.

“Менга қарши кампания тепасида олдинги президентнинг қизи Гулнора Каримова ва унинг шериклари турди. Улар Ўзбекистондаги бизнесимдан улуш талаб қилди ва бошқа бизнесменлар каби менга ҳам таҳдид қилди. Мен йўқ дедим. Аммо босим давом этди ва мен 2010 йили оилам ва ўзимнинг хавфсизлигим учун мамлакатни тарк этишга мажбур бўлдим”¸ дейди АҚШ нашрига берган интервьюсида Ғафур Раҳимов.

Ғафур Раҳимов иддаосича¸ шундан сўнг ўша пайтда қудратли бўлган Каримова ва унинг гуруҳи ўзига қарши “нотўғри ахборот тарқатиш”га киришган ва АҚШ Молия вазирлигига “қолган бизнесини йўқ қилиш мақсадида сохта айбловларни тақдим этган”.

Янги ҳукумат – Очилбой Раматов - Ғафуров ҳимоясида

Гулнора Каримованинг отаси Ислом Каримов ўлимидан сўнг ўз номини “сохта айбловлар”дан тозалаш ҳаракатини бошлаганини айтган Раҳимов¸ “жараëн мураккаб эканига қарамай¸ ўз адвокатлари бу соҳада катта прогрессга эришгани ва ўзига нисбатан йўл қўйилган хатолик келаси 3-6 ой ичида тузатилишига ишонч билдиради”.

Around the Ringsнинг ëзишича¸ Раҳимов АҚШ нашрига 2018 йилнинг 18 сентябрь куни Ўзбекистон Бош вазирининг 1-ўринбосари Очилбой Раматов томонидан Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) ижроия қўмитаси ва ахлоқ комиссиясига юборган расмий хат нусхасини тақдим этган.

Бу мактубда Раматов “Ўзбекистон ҳукумати Раҳимовнинг Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) президентлигига номзодини тўлиқ ва ҳеч бир шартларсиз қувватлаши” таъкидланган.

“Етакчи Халқаро Олимпия федерацияларидан бири бўлган Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA)га Ўзбекистон ватандоши раҳбарлик қилса¸ бу мамлакатимиз учун буюк шараф бўлган бўларди”¸ дейилади номзодлар учун белгиланган муҳлат тугашига беш кун қолганида юборилган Раматов мактубида жумладан.

Ўзбекистон янги ҳукумати номидан ëзилган бу расмий хатда Ғафур Раҳимовнинг жиноий фаолиятга алоқадорлиги ҳам инкор этилади.

Биз имкондан фойдаланиб¸ жаноб Ғафур Раҳимовнинг ўтмишдаги жиноий фаолияти ҳақида айрим халқаро матбуотда ëзилганларнинг асоссиз далилларга қурилгани ва уларда реал асос йўқлиги ва ҳақиқатдан йироқлигини тасдиқлаймиз”¸ дейилади Бош вазирнинг 1-ўринбосари Раматов қўл қўйган расмий мактубда жумладан.

Around the Rings нашрига бу мактуб нусхасини берган Ғафур Раҳимов АҚШ интернет нашри билан интервьюда¸ “Ўзбекистон янги ҳукумати ўзига қўйилган сохта айбловлар ортида ким тургани ва уларнинг қандай қилиб АҚШ ҳукуматига етказилганини яхши” билишини таъкидлайди.

“Менинг номимни турли ножўя ишларга боғлаган халқаро матбуот фактларни бугунги Ўзбекистон ҳукумати билан текшириб олсин”¸ дея тавсия беради журналистларга Раҳимов суҳбат давомида.

Раҳимов Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) президенти этиб сайланган тақдирда ўз ўтмишига оид барча тафсилотларни Халқаро Олимпия қўмитасига тақдим этишни ваъда қилади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG