Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:51

Тошкент Швейцария тергов гуруҳига Гулнора Каримова устидан суд кетаётганини маълум қилди


Гулнора Каримованинг МХХчилар билан тортишиб турган бу суратини 2014 йил 16 сентябрида Ryan Locksley чоп этган эди.
Гулнора Каримованинг МХХчилар билан тортишиб турган бу суратини 2014 йил 16 сентябрида Ryan Locksley чоп этган эди.

Келаси ҳафта Ўзбекистонга бориб, катта миқдордаги коррупция ва пул ювиш иши фигурантлари, хусусан Гулнора Каримова билан юзма-юз гаплашишни режалаштирган Швейцария терговчилари сафари номаълум муддатга қолдирилди.

Жараëнга алоқадор мулозимнинг Озодликка билдиришича¸ сафарнинг қолдирилишига Ўзбекистон томони берган расмий жавоб сабаб бўлган.

Тошкентнинг жавобида¸ Швейцария прокуратураси вакиллари боришни режалаган айни кунларда ишнинг асосий фигуранти Гулнора Каримова устидан Тошкентда ҳам суд мажлиси белгилангани боис¸ у билан швейцарияликларнинг учраша олмаслиги айтилган.

Швейцарияда 2012 йил июлида очилган жиноий иш доирасида олти Ўзбекистон фуқароси – Гулнора Каримова¸ Беҳзод Аҳмедов¸ Рустам Мадумаров¸ Гаяне Авакян¸ Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собировлар катта миқдордаги коррупцияга алоқадор пул ювиш жиноятларида гумонланмоқда.

Бу шахслар номига Швейцариянинг Lombart Odier банкида очилган ҳисоб рақамларидаги 800 миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағ¸ мазкур тергов доирасида музлатиб қўйилган.

Келаси ҳафта Тошкентга боришни режалаган Швейцария федерал прокурори Патрик Ламон бошчилигидаги тергов гуруҳи Ўзбекистон ҳукуматидан мазкур иш доирасида гумонланувчилар¸ хусусан¸ Гулнора Каримова билан юзма-юз сўроқ-жавоб қилиш имкони берилишини сўраган.

Аммо вазиятдан хабардор швейцариялик мулозимга кўра¸ Тошкентдан берилган жавоб¸ бу сафарни қолдиришга мажбур қилган.

“Хат қисқагина. Унда делегация Тошкентга боришни режалаган кунларда Каримова билан учрашишнинг иложи йўқлиги¸ унинг суд эшитувларида бўлиши айтилган. Бошқа ҳеч қандай тафсилот йўқ. Қанақа суд¸ қаерда бўлади¸ Каримова ўзи қаерда сақланмоқда – булар ҳақида лом-мим дейилмаган”¸ дейди расмий жавобни ўзи кўрганини айтган Озодлик суҳбатдоши.

Швейцария Бош прокуратураси матбуот хизмати режаланган сафар тафсилотларига оид Озодликнинг 27 октябрь куни йўллаган саволига¸ “Бош прокуратурадан ҳеч ким келаси ҳафта Ўзбекистонга кетмаëтганини маълум қиламан”¸ деган қисқа жавоб йўллади.

Гулнора Каримова ва қолган беш ўзбекистонлик устидан очилган жиноий иш жараëнини яқиндан кузатаëтган Швейцариядаги етакчи Le Temps газетаси мухбири Sylvain Besson швейцариялик терговчилар ишни судга оширишни тезлатиш мақсадида Тошкентга сафар қилишни режалаганини айтади:

- Швейцариядан 5-6 прокурор ва адвокат бир йилча олдин Тошкентга борган эди. Патрик Ламон бошчилигидаги бу гуруҳ билан Гулнора Каримовага Швейцария томонидан адвокатлик қилаëтган Gregoire Mangeat ҳам борган ва Каримова билан учрашган эди. Улар келаси ҳафта Тошкентга боришни режалаган эди. Мақсад¸ менинг манбаларимга кўра¸ ишни судга ошириш учун лозим сўнгги кўрсатмаларга фигурантларнинг имзосини қўйдириш бўлган¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Sylvain Besson.

Besson 19 октябрь куни терговга яқин манбаларига таяниб туриб¸ асл эгаси Гулнора Каримова экани айтилаëтган 800 миллион доллар устида¸ ҳали бу пуллар суд томонидан мусодара қилинмай туриб¸ камида уч давлат – Ўзбекистон¸ АҚШ ва Ҳолландия тортишаëтгани¸ айни пайтда¸ Швейцария ва Швеция ҳам бу пуллардан у ëки бу шаклда улуш олишни кўзлаëтганини ëзган эди.

Швейцариялик терговчиларнинг номаълум муддатга қолдирилган сафари ана шу пулларнинг реституциясига ҳам бевосита алоқадор эди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Besson:

- Мен бу сафарнинг музлатилган пуллар реституциясига бевосита боғлиқлигини тахмин қилаëтган эдим. Менимча¸ прокурорлар иш юзасидан айблов хулосасини тугатай, деб қолган ва улар суддан бу пулларни мусодара қилишни сўрашга ҳозирланмоқда. Пулларни мусодара қилиш учун суднинг ҳукми ва тамғаси керак¸ холос. Агар айбланаëтганлар қўйилаëтган айбни бўйнига олса ва тегишли кўрсатмаларга қўл қўйиб берса¸ бу жиҳат судда прокуратура сўровининг тезгина қондирилиши ва суднинг айбланувчиларга сиртдан ҳукм чиқаришига асос беради. Агарда¸ айбланувчилар¸ йўқ¸ мен айбни бўйнимга олмайман¸ ҳақиқий¸ очиқ суд бўлишини талаб қиламан¸ деб туриб олса¸ жараëн мураккаблашади ва жуда узоққа чўзилади. Менимча¸ прокурор Ламон¸ Тошкентга ана шу ниятда кетаëтган эди¸ дейди Besson.

Озодликка маълум бўлишича¸ Швейцария терговчилари ўтган йилги сафари давомида Ўзбекистонда қамоқ ëки ҳибсда сақланаëтган Беҳзод Аҳмедов (Аҳмедов 2012 йилдан бери Россияда яширин яшаб юрибди – таҳр.) дан бошқа бешала айбланувчи билан сўроқ-жавоб қилган ва улардан тўрттаси қўйилаëтган айбларни бўйнига олган.

Фақат битта айбланувчи – Гулнора Каримовагина қўйилаëтган айбларни тан олмаган ва Озодлик гаплашган швейцариялик мулозим¸ расмий Тошкентнинг швейцариялик терговчилар ва адвокатнинг келаси ҳафта Каримова билан учрашишига рухсат бермаганини Каримованинг ишни чигаллаштиришидан чўчиëтгани билан изоҳлашга уринди.

“Тўрттала айбланувчи¸ айбни бўйнига олиш орқали¸ Ўзбекистон қамоғидан тезроқ чиқиши мумкин. Лекин Гулнора - бошқа масала. У мени Ўзбекистонда адолатсиз суд қилишди¸ Швейцарияга олиб кетиб¸ у ерда очиқ суд қилинг¸ деб талаб қилиши мумкин. Гулнорани Швейцарияга чиқаришга Тошкент рози бўлмайди¸ жуда кўп одамларни¸ хусусан¸ ҳозирги ҳукумат тепасидагиларни ҳам фош қилиши мумкин. Унинг бу талабини рад этиш эса¸ айбланувчи ҳуқуқларини бузиш бўлади. Шундай вазиятда Гулнорани етти қават қулф остида ушлаб туриш¸ иккала томон манфаатига ҳам мос келиши мумкин”¸ дейди Озодлик суҳбатдоши.

Швейцариядаги терговга алоқадор шахсларнинг Озодликка айтишича¸ терговчи ҳам, унга адвокатлик қилаëтган Gregoire Mangeat ҳам ўтган бир йил давомида Каримова билан кўришиш ëки телефон ва электрон почта орқали гаплашишга муваффақ бўлмаган.

“Очиғи¸ унинг ўлик-тиригини ҳам ҳеч ким билмайди”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган мулозим.

Ўзбекистон Бош прокуратураси жорий йилнинг 28 июль куни “Г.Каримовага нисбатан жиноят ишлари юзасидан хабар” тарқатган ва унда Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан Г.Каримованинг Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165, 167, 179, 184, 227 моддалари бўйича айбдор деб топилгани ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланганини маълум қилган эди.

Айни баëнотда Бош прокуратура¸ “Г.Каримовага нисбатан уюшган жиноий гуруҳга жиноятларни содир этишга кўмаклашиш ҳолатлари бўйича алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом” эттирилаëтганини ҳам билдирган эди.

Швейцарияликларга юборилган расмий мактуб¸ ушбу тергов ҳаракатларининг якунига етиб¸ ишнинг маҳкамага оширилганини тахмин қилишга асос беради.

Аммо ҳозирча Ўзбекистон Бош прокуратураси жамоатчиликка бу янги жараëнга оид бирор маълумот очиқлагани йўқ.

27 октябрь куни Бош прокуратура матбуот хизмати телефон рақамига қилинган қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG