Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:03

Таниқли ëзувчи Ҳамид Исмоил ўзини Ўзбекистонга киритмаган расмийлардан узр талаб қилди


Ëзувчи Ҳамид Исмоил
Ëзувчи Ҳамид Исмоил

2019 йилги Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг нуфузли адабий мукофоти ғолиби бўлган ”Жинлар базми” романи муаллифи¸ таниқли ëзувчи Ҳамид Исмоил Ўзбекистон ахборот агентлиги саволларига жавоб беришни истамади.

Ëзувчи агентлик мухбирига ëзган хатида “Мени Ўзбекистондан чиқариб юборган мулозимлар расман узр сўрамагунича¸ улар ўзиники қилиб олган ерни елкамни чуқури кўрсин”¸ дея билдирган.

Бу мактуб тўлиғича ЎзА сайтида эълон қилинди:

“Азизим Анорахон, куюнчаклигингиз учун раҳмат, лекин менинг кўнглимда катта гина бор. Бундан роса икки йил аввал Тошкент қўналғасига учиб келиб биринчи қилган ишим – дўстлардан машина сўраб онамнинг мозор бошисига ўтмоқчи бўлганимда, Ўзбекистон расмийлари мени ўз Ватанимга киритмай Истанбулга қувишган. Бундай бедодликлар осонликча унутилмайди. Ўшанда ўзимга: то бу расмийлар расман узр сўрашмагунча, улар ўзиники қилиб олган ерни елкамни чуқури кўрсин, деб айтганман. Узр, лекин раҳматли онам мени ўз сўзида турувчи қилиб тарбиялаган. Афсуски, саволларингизга жавобим шу. Ишларингизда зафарлар тилаб, Абдулҳамид акангиз”.

Ҳамид Исмоилга юборилган қуйидаги саволлар эса очиқ қолди.

2017 йилнинг март ойида Би-Би-Си Марказий осиë хизмати мухбирлари ва Британия дипломатларидан таркиб топган делегация таркибида Ўзбекистонга келган Ҳамид Исмоил Тошкент аэропортида тўхтатилиб¸ Лондонга қайтариб юборилган эди.

Делегация таркибини тасдиқлаб расман таклифнома берган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўшанда нега Ҳамид Исмоил Ўзбекистонга киритилмагани борасида изоҳ бермаган эди.

”Жинлар базми” романига 2019 йилги Европа тикланиш ва тараққиёт банки адабий мукофоти берилиши юзасидан Лондонда ўтказилган тадбирга Ўзбекистоннинг Британиядаги элчиси расман таклиф қилинган бўлса ҳам¸ Тошкент дипломатлари бу тадбирда қатнашмади.

27 йилллик таъқиб

Таниқли журналист ва ёзувчи Ҳамид Исмоил давлат комиссияси ўзи суратга олишда иштирок этган ҳужжатли фильмни «маънавият тенденцияларига мос келмайди» деб топганидан сўнг¸ 1992 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган эди.

1992 йили Ҳамид Исмоил Би-Би-Си телевизион гуруҳи билан Ўзбекистон ҳақида фильм олиш устида ишлагани ортидан унга қарши жиноят иши қўзғатилган ва ëзувчининг ҳукуматни ағдариш уринишига алоқадорлиги ҳақида баёнот берилган эди.

Ҳамид Исмоилни қоралашга уриниш бу баëнотдан 27 йил ўтиб ҳам давом этмоқда

Жорий йилнинг 11 март куни Ўзбекистон Ëзувчилар уюшмасида ўтказилган наср кенгашининг ҳисобот йиғилишида уюшма расмийси Рисолат Ҳайдарова “халқаро адабий мукофотни қўлга киритган “Жинлар базми” романини "асар остида сиёсий манфаат ётибди” дея танқид қилди.

“Ўтган аср бошидаги воқеаларни қайта кўтаришга нима ҳожат бор эди? Архивлар, ўша даврдаги матбуотни қайта титкилаш нима учун зарур бўлиб қолди? Биламизки, Буюк Британия ва Россия Ўрта Осиё учун курашган. Муаллиф советларнинг зулмини кўрсатиш орқали сиёсий манфаат кўзлаган бўлиши мумкин. Биз бу асарга муносабат билдиришимиз керак. Акс ҳолда ёшлар ижтимоий тармоқдаги шов-шувларга учиши мумкин”, – дея гапирган уюшма расмийси Рисолат Ҳайдарова.

“Жинлар базми” романи икки қисмли. Ëзувчи Ҳамид Исмоилнинг Озодликка айтишича биринчи қисмда Ойхон тақдири қаламга олинади. Иккинчи қисмда эса таниқли ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг қамалиши ва 30-йиллардаги зиёлилар қатағони фожиаси очиб берилади.

Романни инглиз тилига инглиз таржимонлари Доналд Рейфилд ва Жон Фарндон ўгирган.

Ҳамид Исмоил ўз асарларини ўзбек ва рус тилларида ëзади. Унинг "Темир йўл" романи 2006 йилда таниқли инглиз ëзувчиси Роберт Чандлер тарафидан инглизчага ўгирилиб Лондонда чоп қилинган.

Ҳамид Исмоилнинг шеърий асарлари Ингаборг Балдауф ва Зигрид Клайнмихел таржимасида немис тилида ҳам чоп қилинган.

XS
SM
MD
LG