Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:40

Жиззахда 12 яшар қиз ўз жонига қасд қилди. Онаси мактабни айбламоқда(ВИДЕО)


Зомин туманидаги 50-умумтаълим мактаби
Зомин туманидаги 50-умумтаълим мактаби

1 июнь куни Жиззах вилоят, Зомин туман, Даштобод шаҳридаги 50-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси Эъзозахон Сиддиқова, онасининг айтишича, ўз жонига қасд қилган.

Онаси фикрича, қиз ўз жонига синф раҳбари яккалаб қўйгани учун қасд қилган.

Касалхонада қизнинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Зоминлик она Шаҳодат Ҳайдарова қизининг ўз жонига қасд қилишида ўқитувчиларни айбламоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:56 0:00

Мактаб психологларининг Озодликка айтишича, иқтидорли ўқувчининг ўз жонига қасд қилишига синф раҳбари томонидан яккалаб қўйилиши сабаб бўлган.

Синф раҳбари ўқувчи қиз ўз жонига қасд қилганини инкор этар экан, уни ҳеч қачон яккалаб қўймаганини иддао қилди.

Туман халқ таълими бўлими мулозими бу иш юзасидан суриштирув давом этаётганини айтди.

Ўз жонига суиқасд

Зомин туманидаги Даштобод шаҳрида 50-умумтаълим мактабининг 6 “д” синфида ўқийдиган 12 яшар қизи Эъзозахон Сиддиқова 1 июнь кечаси кўп миқдордаги дори ичиб, ўз жонига қасд қилган.

Бу ҳақда Озодликка гапирган қизчанинг онаси 48 яшар Шаҳодат Ҳайдарованинг айтишича, ўша куни фожиа содир бўлмасдан аввал уни уйидан ички ишлар бўлимига олиб кетишган эди:

- Мактаб раҳбарлари менинг устимдан “бизнинг боламизни ўлдиришга аҳд қилди” деб туҳмат қилган экан. ИИБ бошлиғи мен билан суҳбатлашиб, сизга туҳмат уюштирилибди, мен жиноят аломатларини кўрмаяпман, деб жавоб берди. Қизим мени милиция ходимлари олиб кетишганини кўрган эди. Уйга келсам болаларим уйғоқ. Ухланглар, мен чарчадим, дедимда ётдим. Ўша кечаси қизим мен сабаб онамни энди қамашади деб ўйлаб, менинг уйқу доримдан беш-олтитасини ичган экан. Эрталаб столнинг устида дорининг бўш қутичаси турганини кўриб қўрқиб кетдим, югуриб бориб қарасам, қизимнинг оғзи қийшайиб, кўзининг оқи кўриниб қопти. Қўшнининг машинасида дўхтирга олиб бордик. У ерда ичини ювишди ва бир ҳафта касалхонада ётиб чиқди.

Она ўқитувчини айбламоқда

Онанинг айтишича, қизининг ўз жонига қасд қилишига унинг синф раҳбари Раъно Қодированинг хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган.

- Синф раҳбари қизимни ёмон кўриб қолган ва бунга мен сабабчиман. Чунки, мен синфдаги ота-оналар кенгаши раисиман. Ўқитувчи синфдан жуда кўп пул йиғарди. Мен бу пул йиғишларга қарши бўлдим. 2018 йилда синф ремонти учун 520 минг сўм йиғиб берасизлар, деди. Ота-оналар ҳам, мен ҳам қарши бўлдик. Мен ремонтга кетадиган краскаю оҳакларни ўзимиз олиб келиб, ҳашар йўли билан ремонт қилиб берсак бўлмайдими дедим. Лекин бу гапимнинг боламга зарари тегишини билмаган эдим.

Шаҳодат Ҳайдарованинг айтишича, шундан сўнг синф раҳбари томонидан унинг қизини таъқиб қилиш бошланган:

- Ўқитувчиси очиқдан-очиқ қизимни бошқа болалардан ажрата бошлади, қизим билан дўстлашмасликни айтиб, қизимни синфдошларидан яккалади. Синф раҳбаримиз, ўртоқларим мени ёмон кўради, деб йиғлайверди. Кейин қизим мактабга бормайман, деб туриб олди. Ўқув йили бошида уч ой мактабга бормади, мен эса уни зўрлолмадим. Шу икки ой давомида битта ўқитувчиси ҳам нега мактабга бормаяпти деб сўрамади.

“Психологлар қизингизда суицидга мойиллик бор дейишди”

Она шундан сўнг мактабга бориб бу ҳолатни ўрганишларини, қизининг синфини ёки синф раҳбарини ўзгартириб беришни илтимос қилган:

- Ҳеч ким эътибор қилмади. Ўқитувчига чора кўрилмади. Вилоят Халқ қабулхонасига бордим. Прокуратурага чиқдим. Кейин синф раҳбари, мактаб раҳбарлари ҳаммаси мени ўртага олди-да, аризангизни қайтариб олинг, бўлмаса ўзингизга яхши бўлмайди, деди. Кейин мактаб психологлари келишди. Улар бола билан суҳбатлашиб, анча ёрдам қилишди. Суицидга мойиллик бор, эҳтиёт бўлинг, дейишди. Лекин мактабдаги муҳит яхшиланмади. Болам кун сайин сўлиб борди. Психологлар прокуратурани суицид эҳтимоли борлигидан огоҳлантиришди.

“Терговчи ўзгарганидан кейин иш тескарисига қараб кетди”

Шаҳодат Ҳайдарова туман прокуратурасига мурожаат қилганини аввал суриштирув яхши бошланиб, иш бошқа терговчига ўтганидан сўнг, вазият ўзгарганини айтади:

- Бошқа терговчи менга жиноятчига қарагандай қаради. Менинг боламни ҳимоя қилиш ўрнига мени жиннига чиқармоқчи бўлишди, оналикка нолойиқ деб топишмоқчи бўлишди. Мактаб директори ўринбосари мени оналикка нолойиқ деб, кўрсатма, беряпти. Директор менга айтяпти, тепадан шундай буйруқ бўлган, Зоминдан суицид ҳолати чиқиши мумкин эмас. Унинг мажлисда бу ҳақда айтганларининг аудиоёзуви бор менда.

“Болага нисбатан ноҳақлик бўлган”

50-мактабнинг исми сир қолишини сўраган психологларидан бирининг айтишича, у Эъзозахон Сиддиқова билан суҳбатлашганда, ҳақиқатан ҳам ўқувчи қиз уни синф раҳбари яккалаб қўйганини, ҳамма нарсадан кўнгли совиб мактабга боргиси келмаганини айтган:

- Эъзозахон билан биз мактабнинг икки психологи жуда кўп суҳбатлашдик. У тадбирларда, байрамларда қатнашиб шеър айтгиси келганини, рақсларга тушмоқчи бўлганини, лекин синф раҳбари уни четлаб қўйганини айтди. Унинг беш йўналиш бўйича иқтидори борлигини аниқладик. Икки йил давомида ўқувчининг яккаланиб қўйилиши унинг руҳиятига салбий таъсир қилган, бу яккалаб қўйишлар охири йиғилиб-йиғилиб, ўзининг жонига қасд қилишгача олиб келганига, биз психологлар, амин бўлдик. Болага нисбатан ноҳақлик бўлган.

Психологнинг айтишича, бола уч ой давомида мактабга келмагани ҳақида на синф раҳбари, на мактаб раҳбарияти уларга хабар берган:

- Халқ таълими бўлимидан Райимқул Маликов апрелнинг охирида мактабга келганида, биз психологлар боланинг уч ой давомида ўқимаганини ўшанда билдик. Шу пайтгача синф раҳбари ҳам, маънавиятчи директор ўринбосари ҳам бизларга мурожаат қилмаган. Мактаб директори, мана синф раҳбарини алмаштирдик, деган сохта буйруқни кўрсатиб, ҳаммани алдади. Қизнинг онаси ҳам сизларни овора қилибман, деб узр сўради.

Психологнинг айтишича, ўқувчи май ойида дарсга келганида қоғозда ишдан олинган, лекин амалда ишлаётган синф раҳбари томонидан яна бошқалардан ажратиш бошланган:

- 20 май куни Эъзозахон бир дугонаси билан синфдан ташқарига чиқиб кетганда, синф раҳбари келиб ўқувчиларни эртага Зомин қўриқхонасига сайрга олиб боришини, бу ҳақда Эъзозахонга айтмасликни тайинлайди. Эртаси куни у мактабга борса, синфдошларидан 3-4 нафари бор, холос. Улар қайтиб келганидан сўнг синфдошлари Эъзозахонга сайрни мақташади ва уни чақирмасликни синф раҳбари тайинлаганини айтишади. Шундан сўнг, ўқувчи синф раҳбарим алмашмабди, мени яккалашда давом этяпти, деб яна тушкунликка тушиб қолди. Биз яна бориб, уйида суҳбатлашдик. Ўшанда суицидга мойиллиги кучли эди. Онасига эҳтиёт бўлишни тайинлаб келдик. Прокуратурани огоҳлантирдик.

Терговчи ўзи айтган нарсани ёзиб беришимизни талаб қилди

Психологнинг айтишича, Зомин туман прокуратурасининг Шаҳодат Ҳайдарова аризаси бўйича иш олиб бораётган терговчиси ўзгаргач, ўқувчининг суицид содир этишига нималар сабаб бўлгани ўрганилмасдан, аксинча босим кучайган:

- Терговчи ўзгардию, биз психологларни яна чақиртирди. Ўқувчининг нима учун суицид қилганига қизиқмади ҳам. Бизга диктовка қилиб, ўқитувчилар қизнинг онасига қарши кўрсатма берган, сизларнинг кўрсатмаларингиз уларга қарши ёзилган, шуни ёзиб бер, деяпти. Биз ёзмадик ва прокуратура терговчисининг бу хатти-ҳаракатидан норози бўлиб, Халқ қабулхонасига ариза ёздик.

“Зоминдан нохуш хабар чиқмаслиги керак”

Шаҳодат Ҳайдарованинг иддао қилишича, айни пайтда бу ишни бости-бости қилиш ва қизини ўз жонига қасд қилмаган қилиб кўрсатишга ҳаракат бўлмоқда:

- Мен ўзим ёлғиз онаман. Ишсизман, уйда тикувчилик қилиб рўзғор тебратаман. Икки болам бор. Кам таъминланган оилалар рўйхатида тураман. Менинг ҳеч ортиқча даъвом йўқ эди. Мен фақат қизимнинг ўқитувчилар томонидан яккалаб қўйилишига, унга руҳий азоб беришганига қаршиман. Лекин менинг мурожаатларимга ҳеч ким қулоқ солмади, охир-оқибат қизим ўзини ўлдирмоқчи бўлди. Қайси она бунга чидаб тура олади? Ҳозир эса Зоминда суицид бўлганини хаспўшлаш, гўёки қизим дори ичмаган, бу ҳаммаси бўҳтон деган гапни тарқатишга ва гувоҳлар кўрсатмаларини ўзгартиришга жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишяпти. Менга ҳамма томондан, мактабдан ҳам, прокуратурадан ҳам босим бўляпти. Чорасиз қолдим.

Синф раҳбари: “Мен ўқувчини яккалаб қўймагандим”

50-умумтаълим мактабининг ўқитувчиси Раъно Қодирова Озодлик билан суҳбатда ўқувчисининг ўз жонига қасд қилишига унинг хатти-ҳаракатлари сабаб бўлганини инкор қилди:

- Унақа нарса бўлмаган, Эъзозахоннинг ўзини ўлдиришга ҳаракатига унақа сабаб бўлмаган, уни қабул қилган врач ҳам прокуратурага дори ичмаган деб ёзиб берган. Онаси шантаж қилган, биринчидан у қамалиб чиққан, иккинчидан унинг жиннилиги ҳақида справкаси бор, прокуратурада турибди, ҳаммаси. Мен у болани ҳеч қачон яккалаб қўймаганман. Ҳамма ёзган тушунтириш хатларимда ҳам ёзганман буни.

Расмийларнинг жавоблари

50-умумтаълим мактабининг директори Улфат Холиқов Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортди.

Мактаб директорининг маънавий ишлар бўйича ўринбосари Баҳром Йўлдошев Озодлик билан суҳбатда ўқувчи Эъзозахон Сиддиқованинг ўз жонига қасд қилганини тасдиқлар экан, бунинг учун синф раҳбари жазоланганини айтди:

- 1-май куни (ўқувчиси Эъзозахон Сиддиқова ўз жонига қасд қилишидан 1 ой олдин -таҳр.) Раъно Қодирова синф раҳбарлигидан олинган. Илмий-педагогик кенгашнинг қарори билан ойлигидан бир марта 20 фоиз ушлаб қолиш билан жаримага тортилган. Синф ўқувчилари билан қизнинг муаммоси йўқ. Ҳозирги кунда Эъзозахон туман ҳокимининг ёрдами билан ёзги оромгоҳга жўнатилган. Ҳозирги кунда қизнинг руҳий аҳволи жой-жойида.

Зомин тумани халқ таълими бўлимининг мулозими Райимқул Маликовнинг айтишича, бу ишни ўрганиш ҳали охирги нуқтасига етгани йўқ:

- Мудиримиз билан бориб воқеани жойида ўргандик, синф раҳбарига ҳам, директорнинг маънавий ишлар бўйича ўринбосарига ҳам чоралар кўрдик. Лекин ҳали қозон ёпилгани йўқ. Айни пайтда синф раҳбари меҳнат таътилида бўлгани учун бу иш шундай турибди. У ишга қайтганидан сўнг яна бу масала муҳокама қилинади ва тегишли чоралар кўрилади.

Зомин тумани прокуратурасининг телефонига ҳеч ким жавоб бермагани сабабли, прокуратуранинг бу масалага муносабатини олиш имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG