Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:36

Хоразмда пахтага оид йиғилишни ёритмоқчи бўлган журналист 7 суткага қамалди


 Хоразмлик журналист Давлат Назар. Сурат журналистнинг Facebook саҳифасидан олинди.
Хоразмлик журналист Давлат Назар. Сурат журналистнинг Facebook саҳифасидан олинди.

29 октябрь куни "Хоразм ёшлари" газетаси муҳаррирининг ўринбосари Давлат Назар майда безориликда айбланиб, 7 суткага қамалди.

Журналистнинг яқинларига кўра, Давлат Назар Қўшкўпир туман ҳокимлигининг пахта бўйича йиғилишини видеотасвирга олаётган пайтда олиб кетилган.

Ҳокимлик вакилларига кўра, журналист ширакайф бўлиб, йиғилишга ҳалақит қилгани учун уни судга беришган.

29 октябрь куни Хоразм вилояти, Қўшкўпир тумани маъмурий ишлар судида ўтган маҳкамада судья журналист Давлат Назарни Маъмурий-жавобгарлик кодексининг 183-моддаси яъни “Майда безорилик”да айбдор деб топиб, 7 суткага қамади.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган журналистнинг яқинларидан бирига кўра, Давлат Назарни 29 октябрь куни эрталаб милиция ходимлари олиб кетган.

“У Ички ишлар ходимлари олиб кетаётган пайт менга хабар жўнатди. Хабарида уни орган ходимлари олиб кетаётганини айтиб, кечгача Фейсбукка бирорта пост қўймаса, демак, уни қамашган бўлишини ёзган. Уни репортаж олаётган жойидан олиб кетишган. У Хоразмда ўтаётган математика бўйича Халқаро Олимпиадани ёритаётган пайтида мелисалар келган ва олимпиаданинг ўзидан уни олиб кетишган”, деди журналистнинг яқинларидан бири.

Ўша куни тушдан кейин Қўшкўпир туман судида ўтган маҳкамада суд залидан Давлат Назарни қўлига кишан солиб, олиб кетишган.

Маҳкама тафсилотларидан хабардор журналистнинг дўстларидан бирининг айтишича, суд ярим соатча давом этган.

“Суд соат 16ларда бошланган ва ярим соатлардан кейин дарров тугаган. Унга адвокат ҳам беришмаган. Судда фақат гувоҳ сифатида Қўшкўпир туман ҳокимлиги вакиллари иштирок этган. Аввалига 15 сутка беришмоқчи бўлишган. Кейин 7 суткага туширишган. Суд залининг ўзида қўлига наручник солиб олиб кетишган”, деди маҳкама тафсилотларидан хабардор журналистнинг дўсти.

Журналистнинг яқинларига кўра, Давлат Назар 25 октябрь куни Қўшкўпир туман ҳокимлигида ўтган пахтага оид йиғилишни видеотасвирга олгани учун қамалган.

Йиғилишда мактаб директорлари, докторлар, боғча мудираларини пахтага чиқариш масаласи кўрилган. Йиғилишдагилардан бири бу ҳақда Давлат Назарга хабар берган. У тўйда бўлган ва дарров ҳокимиятга етиб келган. Йиғилишга кириб, уни видеога олган. Йиғилиш тугагач, ҳаммага рухсат бериб юборишган ва Давлат Назарни мелисалар қўлга олган. Ўша ернинг ўзида уни олган видеоларини ўчириб ташлашган ва ўзини Урганчга олиб бориб, бир сутка ушлаб, эртасига қўйиб юборишган. Орадан 4 кун ўтиб, яна келиб уни олиб кетиб, қамашди”, дейди журналистнинг яқинларидан бири.

Қўшкўпир туман ҳокимлиги мулозимларидан бирига кўра, Давлат Назар ўша куни ширакайф бўлган ва йиғилишни ўтказишга ҳалақит қилгани учун уни судга беришган.

Журналист Давлат Назар "Ёшлар иттифоқи" рахбари Қаҳрамон Қуронбоевдан интервью олаётган пайт. (Сурат журналистнинг Facebook саҳифасидан олинди)
Журналист Давлат Назар "Ёшлар иттифоқи" рахбари Қаҳрамон Қуронбоевдан интервью олаётган пайт. (Сурат журналистнинг Facebook саҳифасидан олинди)

Давлат Назар тахаллуси билан ижод қилаётган қўшкўпирлик 47 яшар Давлатназар Рўзметов олдин “Ёшлар овози” газетасининг Хоразм вилояти бўйича мухбири бўлган.

Сўнгги йилларда эса “Хоразм ёшлари” газетасида фаолият юритиб келаяпти.

Жорий йил 29 майда ўтган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев жорий йил пахта мавсумида мажбурий меҳнат мутлақо қўлланилмаслиги шарт эканини айтди.

Бироқ жорий йил ҳам пахта мавсумида мажбурий меҳнат ҳолатлари кузатилмоқда.

Озодликка бўлаётган мурожаатларга кўра, ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимлари пахтага мажбуран чиқарилаяпти. Бу ҳақда PaxtaGram саҳифасида батафсил танишасиз

XS
SM
MD
LG