Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:28

“Каримов ва Путин юрган йўл”. Ўзбекистонда конституцияни ўзгартиришга старт берилди


Президент Шавкат Мирзиёев, марҳум президент Ислом Каримов билан, 31 август, 2007
Президент Шавкат Мирзиёев, марҳум президент Ислом Каримов билан, 31 август, 2007

Ўзбекистонда 2 та сиёсий партиянинг конституцияга ўзгартириш киритиш ташаббуси таҳлилчилар томонидан Шавкат Мирзиёев президентлик муддатини узайтиришга ҳозирлик ўлароқ баҳоланмоқда.

Янги констиутцияга эҳтиёж ўтган йилги сайловолди учрашувларида сайловчилар қўйган талаблар билан изоҳланмоқда. Аммо хусусан, иккинчи муддатга сайланган Шавкат Мирзиёев билан сайловолди учрашувларига оид расмий лавҳа ва хабарларда бу каби талаб янграмаганди.

17 май куни Либерал-демократик ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партиялари фракциялари қўшма йиғилишида конституцияни янгилаш бўйича қарор қабул қилинди.

Айрим таҳлилчилар, қомусий ўзгаришларнинг бошланиши, яқин ўтмишда бўлгани каби, Шавкат Мирзиёевни учинчи муддат президентликда қолиши билан тугайди, деган тахминда.

Мамлакат конституциясида бир шахснинг икки мартадан ортиқ президент бўлиши тақиқланган. Бироқ, Ўзбекистон ва қатор поссовет давлат лидерлари айнан конституцияни ўзгартириш орқали ҳокимиятдаги умрини узайтириб келгани маълум.


17 май куни Қонунчилик палатасида бўлган йиғилишда, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (O‘zLiDeP) фракцияси раҳбари Актам Хаитов, ўтган йилги сайлов олдидан “аҳоли билан учрашувларда” кўтарилган таклифлар асосида конституцон ислоҳотларни бошлашни таклиф қилди.

“Хусусан, сайловолди учрашувларида инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, тадбиркорлик кафолатларини янада кучайтириш, фуқаролик жамиятини, маҳалла, оила институтини ривожлантириш, давлатнинг ижтимоий муаммоларни ҳал этишга масъуллигини ошириш, ёшлар, кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш, таълим ва илм-фанни янги босқичга кўтариш, экология, она табиатни асраш борасидаги ҳуқуқий нормаларни қайта кўриб чиқиш юзасидан таклифлар билдирилган”, деди иқтидордаги O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси.

O’zLiDeP ижроия қўмитаси раисининг бу қарорини “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси ҳам қувватлади.

Йиғилиш сўнггида, конституциявий ислоҳотларни бошлаш масаласини, Олий Мажлис палаталари кенгашлари қўшма мажлисига киритишга қарор қилинди.

Бу ташаббус ҳақида матбуотга гапирган “Миллий тикланиш” партияси лидери Алишер Қодиров ҳам, Ўзбекистондаги ҳозирги воқеалик “Янги Конституцияга эҳтиёж борлигини кўрсатмоқда”, деган фикрни билдирди.

Унга кўра, Олий Мажлис қўшма мажлисида бу ташаббус маъқуллангач, жамоатчиликдан таклифлар йиғилади ва мутахассислар шу таклифлар асосида конституциянинг тегишли моддаларига киритиладиган ўзгаришлар лойиҳасини ишлаб чиқади.


Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатасида ўринлар сони бўйича иккинчи бўлган “Миллий тикланиш” партияси (150 ўриндан 36 таси шу партияда, 53 таси O’zLiDePда) лидери ўз Телеграм каналида аҳолига юзланди:

“Биз очиқ давлат фуқароларимиз. Мамлакатимиз тақдирини биз ҳал қиламиз. Турли туман бузғунчи талқинларни бир чеккага қўйиб, қўлингизга Конститутцияни олинг ва ҳижжалаб ўқинг: қайси модда нима учун ўзгариши керак? Асосланг ва таклиф юборинг”.


Ўтган йили иккинчи муддат президентликка киришган Шавкат Мирзиёев, иқтидорга келганидан бери икки марта конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

2017 йилда конституцияга суд тизимини модернизация қилиш, 2019 йилда эса “ҳукумат ва унинг ҳисобдорлигини демократиялаштириш”га қаратилган тузатишлар киритилди.

Мирзиёев, Ўзбекистон асосий қонунига киритилаётган ўзгаришларни "демократик ислоҳотлар" зарурати билан изоҳлайди.

Амалдаги Конституцияга мувофиқ, бир шахс 5 йилдан икки муддат президент лавозимини эгаллаши мумкин.

2021 йилда президентликка иккинчи бор ва конституцияга биноан, сўнгги бор сайланган Шавкат Мирзиёев учинчи муддатга сайланиши ёки сайланмаслиги ҳақида гапирмаган. Айни пайтда, икки муддат билан чекланишни ҳам ваъда қилмаган.

Ўзбекистон Қонунчилик палатасидаги икки йирик партия илгари сурган бу ташаббус таҳлилчилар томонидан марҳум Ислом Каримов ва постсовет давлатлари қатор лидерлари, жумладан Қозоғистон Элбошиси Нурсултон Назарбоев, Россия президенти Владимир Путин муттасил фойдаланиб келаётган сиёсий схемага ҳозирлик ўлароқ баҳоланмоқда.

Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов Мирзиёевнинг президентлик муддатини узайтиришга ҳозирлик бошланди, деб тахмин қилмоқда:

“Ҳозир биз бу йўналишдаги илк қадамни кўряпмиз. Бу ерда икки қадамдан иборат комбинация бўлади: биринчи босқичда (2022 йил) конституцияга қанақадир ўзгартиришлар киритилади, иккинчи босқичда (2023 йил) аввалги икки президентлик муддати бекор қилинади ва кейин, янги ҳуқуқий-конституцион воқелик пайдо бўлди, шу боис ҳаммасини бошидан, энг аввало, кейинги икки президентлик муддатидан бошлаймиз, деб маълум қилинади. Якуний мақсад - ҳокимият устидан назоратни ҳозирги ҳукмдорнинг қўлида сақлаб қолиш. Бу ерда ҳеч қанақа янгилик йўқ. Айни йўлдан, ҳозирги амирнинг икки раҳнамоси - Каримов ва Путин борган”.


Ижтимоий тармоқ фаолларидан Муҳаммад Матжон Ўзбекистонда қарор топган сиёсий тузумни “клептократик авторитар” деб атаб, бундай бошқарувда конституциянинг ўзгартирилишига мутлақо қарши эканини билдирди:

“Конституцияни режим манфаати учун эмас халқ манфаати йўлида ўзгартирмоқчи бўлса олдин сиёсий эркинликларни берсин, парламент ва судни мустақил қилсин. Конституциясига ўзгартириш жараёни халқни вакиллари (депутатлар, мухолиф сиёсий партиялар) назоратида ўтсин. Ўзгартиришлар жамоатчилик билан муҳокама қилинсин, референдум ўтказилсин.

Каримов юқоридаги демократик институтларсиз конституцияни қандай ўзгартирганини яхши биламиз. Бу президентни ваколатлари, муддатлари билан боғлиқ ва бошқа Ўзбекистонни ривожлантириб юборган ўзгартиришлар эмас диктатура манфаати учун бўлган ўзгартиришлар эди (масалан ҳалқ мансаб берган президентга ҳалқ томонидан ишончсизлик билдириш ва муддатдан олдин мансабини бекор қилиш механизми - импичмент йўқ қилинди.) Балки Мирзиёев импичментни қайта тикламоқчидир”.


1991 йилда Ўзбекистоннинг биринчи президенти этиб сайланган Ислом Каримов, 2016 йил сентябрда вафот этгунича, айнан конституцияни ўзгартириш орқали 4 марта президентликка сайланган ва бир марта референдум орқали муддатини узайтирган.

Ўзбекистон конституцияси мамлакат мустақиллигининг 30 йили давомида 16 марта ўзгартирилган ва дунёда қисқа муддатда энг кўп ўзгартирилган бош қонунлардан биридир.

235 йиллик тарихга эга АҚШ конституцияси ўтган давр мобайнида жами 27 марта ўзгартирилган.

XS
SM
MD
LG