Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:11

Тошкентлик лўлилар ўзбек киночиларидан норози


"Шаббона" фильмидан кадр
"Шаббона" фильмидан кадр

Тошкентнинг Сағбон маҳалласига ëндош лўлилар маҳалласида истиқомат қиладиган 61 яшар Саодатбиби Озодлик билан суҳбатда ўзбек киночилари суртага олган “Маржона” ва “Шаббона” каби фильмларда лўлилар ҳақида “ноўрин ва ҳақоратли” саҳналар борлигидан шикоят қилди.

Ўз қавмдошлари номидан гапирган Саодатбиби таниқли қизиқчи¸ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мирзабек Холмедов интермедияларидан ҳам "лўлилар камситилганига" эътибор қаратди.

Суҳбатдош тилга олган бу иккала фильм 2004 ва 2006 йилларда киночи Саид Мухторов тарафидан суратга олинган бўлиб¸ шу кунларда ўзбек телеканаллрида қайта кўрсатилгани тошкентлик лўлиларга ëқмаган.

Аммо, “Маржона” фильмининг сценарий муаллифи Рихсивой Муҳаммаджоновнинг Озодлик мухбирига билдиришича¸ киноасарда кимнидир камситадиган тасвирлар умуман йўқ:

- Асарда таниқли ўзбек жаррохининг ўзи даволаган ярадор лўли Русланнинг синглиси Маржонани севиб қолгани акс этган. Бу икки қавм ўртасидаги севги қиссаси. Бу асардаги лўлилар оиласи ижобий қилиб тасвирланган. Худди Фарҳод-Ширин каби, - дейди таниқли киночи.

Тошкенлик лўлилар эътирозини Озодликка етказган Саодатбибининг айтишича¸ “Шаббона” фильмида “лўлиларда мавжуд бўлмаган урф-одатлар” тасвирланган:

- Биз ҳам мусулмонмиз¸ бизнинг одатларимиз бошқа тошкентликардан фарқ қилмайди. Биз осмондан учар ликобчада учиб келган келгинди эмасмиз. Кинода (“Шаббона” фильми назарда тутилган) лўлилар ўз ўлигини уйига кўмгани тасвирланган. Шуни кўриб "бу ëлғон кинони олганларга минг лаънат," дедим. Уйимизга кириб кўринг¸ биттта ҳам қабр топа олмайсиз. Биз ҳам ўлигимизни қабристонга кўмамиз. Яна бир ëлғон гап - ота ўз қизини куëвнинг уйига елкасида ортиб боради. Бу ҳам бўлмаган гап. Ота тўй куни қизнинг уйига бормайди дейди¸ - кўнгли оғриганини яшира олмаëтган Садоатбиби.

Тошкентда лўлилар яшайдиган маҳалла
Тошкентда лўлилар яшайдиган маҳалла

Аммо, “Шаббона” фильмини суратга олишда қатнашган рассомнинг Озодликка айтишича, “кино ижодкорлари Ачавотдаги лўлилар урф - одатларни аниқ акс эттириш каби этнографик мақсадни ўз олдига қўймаган

- Булар эътироз билдираëтган саҳна¸ яъни уй ичида гўр қазиш¸ қари лўли кампирнинг тушида содир бўлади. Қолаверса, маййитни уйга дафн қилиш мусулмон халқларда кузатиладиган ходиса. Отанинг ўз қизини елкасига ортмоқлаб куëвнинг уйига олиб бориши Бухородаги лўлиларда бор¸ - дейди суҳбатдош.

Унга кўра¸ фильмда лўлилар салбий қахрамон қилиб кўрсатилмаган:

- Кинода лўли ҳам ўзбек ҳам ижобий қилиб тасвирланган. Икки ëш севгисига ҳалақит қилган урф-одатларгина қораланган. Истаган тошкентликдан сўрасангиз лўлилар ҳақида фақат салбий фикр айтади. Бизнинг кинода эса тошкентлик йигит лўли қизга ошиқ бўлади. Аслида бу фильмда лўлилар улуғланган¸ - дейди кино ижодкорларидан бири.

“Ўзбекфильм” киностудиясининг собиқ директори¸ таниқли киночи Ҳилол Насимовга кўра¸ “Лўлилар ҳаëтининг ранг-баранг колорити доимо киночиларни мафтун қилиб келган.

- Кинога зарур бўлган ранг¸ ритм¸ оҳанг ва такрорланмас типажлар айнан лўлиларда бор. Шу боис киночи Саид Мухторов лўлилар мавзусида кетма-кет кино олган. Мухторов олган киноларда лўлиларни камситадиган бирор кадр кўрмадим. Балки урф -одатларни аниқ акс эттира олмагандир. Бу борадаги танқидга ўиламан. Лекин кинода бирор бир элатни камситилган жойи йўқ. Бадиий кенгаш бу нарсага жиддий эътибор қаратади, - дейди таникли киночи Ҳилол Насимов .

Тошкентлик этнограф олим Норсаид Низомовнинг Озодликка айтишича¸ маҳаллий лўлилар эътирозига сабаб бўлган “Шаббона” фильмида лўлилар урф одати "асосан тўғри кўрсатилган":

- Лўлилар доимо ўзи яшайдиган элат яшаш тарзига уйғун яшайди. Шу боис Бухородаги лўлилар билан Ачавотдаги лўлиларнинг урф-одатларида тафовут бор. Фильмда Бухоро ва Тошкент лўлиларининг умумлашма образи яратилган, - дейди суҳбатдош.

Унга кўра¸ лўлилар асосан Тошкентнинг эски шаҳари¸ Спутник¸ Сергели¸ Қўйлиқ ва Водник мавзеларида муқим яшайди.

- 1979 йилги перепись пайтида Тошкент шаҳрида 6 минг лўли яшаши қайд қилинган. Ҳозир уларнинг аниқ ҳисоби йўқ. Тошкент лўлилари асосан ўзбек тилида гапиради ва шариат қоидаларига асосан ҳаëт кечиради, - дейди этнограф олим.

XS
SM
MD
LG