Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:15

Қирғизистонда 2010 йил Ўш воқеалари хотирланди


Ўш шаҳрида 10 июнь куни 2010 йилги Ўш воқеалари қурбонларини хотирлаш тадбири ўтказилди. Маҳаллий расмийлар ва воқеада яқинларидан ажраган бир неча ўн киши фожиа қурбонлари хотирасига ўрнатилган “Оналар кўз ёши” деб аталмиш ёдгорлик пойига гул қўйди ва қуръон ўқилди. Пойтахт Бишкекда эса президент Садир Жапаров мурожаат билан чиқди.

“Бу кун бизга қонли воқеаларни хотирлатиш билан бирга, дўстлик ва иноқлик муносабатларини мустаҳкамлаш мажбуриятини эслатиб туради! Мамлакат раҳбарияти эътиборида эса доимо миллатлар орасидаги бирлик ва этнослар орасидаги иноқликни ҳимоя қилиш масаласи туриши даркор”, - дейилади президент мурожаатида.

2010 йилнинг 7 апрелида Бишкекда кўтарилган халқ исёни ортидан президент Қурманбек Бакиев ҳокимиятдан ағдарилган эди. Ўшанда Бакиев Бишкекдан ўзи туғилиб ўсган Жалолобод вилоятига қочганди. Аммо ижтимоий-сиёсий, жумладан, миллатлараро вазият қалтислашиб бориши оқибатида Бакиев Беларусдан бошпана сўрашга мажбур бўлганди. Бакиев Қирғизистонни тарк этганидан сўнг июнь ойининг бошларида мамлакат жанубида миллатлараро низо юз берган.

Ўша пайтда Қирғизистон ҳокимиятини бошқариб турган Муваққат ҳукумат “миллатлараро низода сепаратистик кайфиятдаги ўзбек лидерлари”ни айблаган эди.

2010 йилдан то шу кунгача Қирғизистонда тўртта президент - Рўза Ўтунбаева, Алмазбек Атамбаев, Сўўрўнбай Жээнбеков алмашди. Айни пайтда Садир Жапаров ҳокимиятни бошқармоқда.

Қирғизистоннинг 2010 йилдан то шу кунгача бўлган барча президентлари низо учун масъулиятни Ўш воқеалари чоғида ҳукумат теппасида бўлган у ёки бу амалдорга юклаш ҳаракатида бўлган.

Амалдаги президент Садир Жапаров ҳам бундан мустасно эмас. Бироқ бошқалардан фарқли равишда Жапаров даврида Муваққат ҳукуматнинг уч аъзосига расман айблов билдирилди.

Қирғизистон Бош прокуратураси 2010 йилнинг июнида содир этилган “Ўш воқеаси” бўйича очилган жиноят иши доирасида ўша вақтдаги Муваққат хукумат аъзолари бўлган Кенешбек Дуйшўбаев, Исмаил Исақов ва Бектур Асановга айблов билдирди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бир йил аввал июнь воқеаси юзасидан 2010 йилдаги Муваққат ҳукумат аъзоларига нисбатан очилган жиноят иши қайта тергов қилина бошлаганини билдирган.

Бунга қадар президент Садир Жапаров махсус хизматларга июнь воқеасининг келиб чиқиш сабабларини қайта тергов қилишга кўрсатма берган эди. Мазкур иш бўйича Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 25 апрель куни, президент Садир Жапаров 27 апрелда Бош прокуратурада гувоҳ сифатида сўроқ қилинган.

Ҳозиргача Ўш воқеалари чоғида раҳбарлик лавозимида бўлган 15 киши терговга чақирилди.

“Июнь воқеаси” номи билан аталувчи мазкур воқеада расмий ҳисоб бўйича 446 одам ҳалок бўлган, 2 мингга яқин одам турли жароҳат олган, 57 одам бедарак кетган. Cўнгги маълумотларга кўра, уларнинг 17 нафари бугунгача топилмаган.

Халқаро экспертлардан иборат мустақил комиссия бу низо “қирғиз ҳукуматнинг этномиллатчиликка асосланган сиёсати маҳсули экани” тўғрисида хулосага келган. Аммо Қирғизистон парламенти бу хулосадан норози бўлиб, комиссия раиси Киммо Килюненни мамлакатда “исталмаган шахс” сифатида эълон қилганди.

Қирғизистон ҳукумати комиссияси ва парламент депутатларидан иборат комиссия эса Ўш воқеаларининг содир этилишида Қирғизистондаги бир қатор ўзбек лидерларини айблаган.

Жумладан, ҳукумат томонидан айбланган ўзбеклар рўйҳати бошида бўлган Қодиржон Ботиров 2010 йилдаги давлат тўнтариши чоғида муваққат ҳукуматни қўллаб-қувватлаганди.

Қонли воқеалар ортидан Қодиржон Ботиров 2011 йилда Швециядан бошпана олган. 2018 йил 4 декабрида 62 ёшида вафот этган Ботиров 8 декабрь куни Тошкент вилоятининг Зангиота қабристонига дафн этилган.

2010 йил июнь воқеалари бўйича ҳозирга қадар 545 киши жиноий жавобгарликка тортилди. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллат вакилларидир.

Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг 2010 йилги ҳисоботида Ўш қирғини кунлари одам ўлдирганликларда айбланиб, бир умрга қамалган 30 кишининг 28 нафари ўзбек экани айтилган.

XS
SM
MD
LG