Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:24

Қирғизистон Бош прокуратураси собиқ президент ва Муваққат ҳукумат аъзоларининг мол-мулкини текширмоқда


Қирғизистонда 2010 йилда иқтидорда бўлган Муваққат ҳукумат аъзолари.
Қирғизистонда 2010 йилда иқтидорда бўлган Муваққат ҳукумат аъзолари.

Қирғизистон Бош прокуратураси собиқ президент Рўза Ўтунбаева доҳил Муваққат ҳукумат аъзоларининг мол-мулкини текшириш жараёни бошланганини маълум қилди.

Бош прокуратуранинг бу борада Давлат рўйхатга олиш хизматига юборган мактуби интернетда эълон қилинди. Унда, Жиноий кодекснинг 337-моддаси (“Хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш”) билан очилган жиноят иши бўйича рўйхатдаги сиёсатчиларнинг мамлакат ҳудудидаги мол-мулки тўғрисида расмий маълумот бериш сўралган.

Рўйхатда 2010 йилда ҳокимиятга келган собиқ президент Рўза Ўтунбаева, 2011 йилдан 2017 йилгача мамлакатни бошқарган собиқ президент Алмазбек Атамбаев, 2010 йилда иқтидорда бўлган Муваққат ҳукумат аъзолари Исмаил Исаков, Бақтибек Алимбеков, Бектур Асанов, Кенешбек Дуйшўбаев, Азимбек Бекназаров, Байтемир Ибраев ва Қубатбек Байболов қайд этилган.

Жиноят иши Ўш воқеаларини қайта тергов қилиш доирасида очилгани айтилмоқда.

"Собиқларнинг мулки мусодара қилиниш учун текширилмаяпти"

Баъзи маҳаллий нашрлар ўз манбаларига таянган ҳолда, прокуратура тилга олинган сиёсатчиларнинг мулкини ҳибс қилиш учун аниқлаштириш ишлари олиб борилаётгани тўғрисида хабар берди.

Лекин Бош прокуратура бу маълумотларни инкор қилиб, интернетда эълон қилинган ҳужат юзасидан изоҳ берди.

“Тергов жиноят иши юзасидан текширилаётган одамларни Жиноий кодекс асосида шахси, аввал судлангани, улар номига рўйхатга олинган мулки ва бошқа масалаларни аниқланиши керак. Шу сабабли, жиноят иши доирасида терговчи турли давлат органларига бу каби сўровномаларни юборишга масъул”, - дейилади Бош прокуратура билдирувида.

Мухолифат терговни "сиёсий босим" сифатида баҳоламоқда

20 май куни прокуратура Ўш воқеаси юзасидан очилган янги жиноят иши доирасида 2010 йилдаги муваққат ҳукуматнинг уч аъзоси - генераллар Кенешбек Дуйшўбаев ва Исмаил Исаков ҳамда сиёсатчи Бектур Асановга “хизмат лавозимини суъистемол қилиш” моддаси бўйича айблов билдирган. Бу уч сиёсатчи айни пайтдаги ҳукуматга мухолифатдадир.

Айбланаётганлардан бири - 2010 йилда махсус хизматларни бошқарган Кенешбек Дуйшўбаев буни сиёсий босим сифатида баҳоламоқда:

“Ҳозир мол-мулкимиз хибс қилинмади. Буларнинг барчаси исботсиз, ноқонуний бўляпти. Биз мухолифатда юрганимиз учун, буни босим сифатида баҳолаяпмиз. Судда ўз ҳақиқатимизни айтишга ҳаракат қиламиз. Ким айбдор эканини ўшанда кўрамиз”, - деди Дуйшўбаев.

Ташиев "Миллатлараро низо содир этилганига Муваққат ҳукумат масъул"

Апрель ойида Бош прокуратура 2010 йилдаги Ўш фожиасига доир қўзғатилган жиноят иш тергови давом этаётгани билдирган.

Июнь воқеаси юзасидан 2010 йилда лавозимда бўлган жами йигирмага яқин сиёсатчи сўроқ қилинган. Улар орасида амалдаги президент Садир Жапаров ва Махсус хизмат раҳбари Қамчибек Ташиев ҳам бор.

Ташиев сўроқдан чиққач журналистларга берган суҳбатида Ўш воқеалари учун масъулиятни Муваққат ҳукумат аъзолари зиммасига юклаган:

"Муваққат ҳукумат ўз ҳокимятини, таъсирини сақлаб қолишга уринган ва маҳаллий сепаратистларни қўллаб, уларнинг имкониятларидан фойдалангиси келган. Шу сабабли миллатлараро жанжал чиққан".

Муваққат ҳукуматда Бош прокуратурани бошқарган Қубатбек Байболов 2010 йилнинг июлида Жалолобод вилоятида бир ой комендант ҳам бўлган. Байболов сўнгги беш йилдан бери сиёсатга аралашмаганини билдириб, назорат органининг мулкларни аниқлаш бўйича рўйхатига нима сабабдан қўшилиб қолганини тушунмаётганини айтди.

Роза Ўтунбаева ҳозирча экс-президент мақомини сақлаб қолмоқда

Бош прокуратуранинг тўққиз сиёсатчи мулкларини аниқлаш бўйича рўйхатида 2010 йил Муваққат ҳукумат теппасида бўлган экс-президент Рўза Ўтунбаева ҳам бор.

Қирғизистон қонунларига мувофиқ, экс-президент мақоми бўлган даврда дахлсизлик кафолатланган. Яъни у лавозимда содир этган жинояти учун жавобгарликка тортилмайди, сўроқ қилинмайди ҳамда уйи тинтилмайди. Бироқ экс-президент мақомидан ажратилганидан кейин жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Ҳозирда Алмазбек Атамбаевнинг экс-президент мақоми бекор қилинган ва у қатор жиноятларда айбланиб, суд қилинмоқда.

Фуқаролик жамияти: Биз қайта терговдан бошқа нарсаларни кутгандик

Жамоатчилик орасида, айниқса, Атамбаев ҳокимият теппасида турганида, Ўш воқеаларининг келиб чиқиш сабаблари қайта тергов қилиниши шартлиги, унга Муваққат ҳукумат жавобгар экани тез-тез айтиб турилган.

Аммо қирғизистонлик фаол Адил Турдуқулов жорий тергов мухолифатни заифлаштириш мақсадида олиб борилаётган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас, деб ҳисоблайди:

“Муваққат ҳукумат коллектив жавобгарликни ўз зиммасига олган эди. Демак, айблов Муваққат ҳукуматнинг барча аъзоларига билдирилиши лозим эди. Бироқ бундай бўлмади. Масалан, Текебаев ва Байсалов терговдан ташқарида қолмоқда. Уларга "сизлар мухолифатга қўшиладиган бўлсанглар, шундай жиноят иши очилади” деган мужда берилаётгандай, гўё”.

Қирғизистоннинг Германиядаги элчиси Ўмурбек Текебаев 2010 йилда Муваққат ҳукумат раҳбари ўринбосари, амалдаги Министрлар кабинети раиси ўринбосари Эдил Байсалов эса Муваққат ҳукумат маъмурияти бошлиғи бўлган.

Ўш воқеасида айбланиб қамалган кўплаб одамлар ҳуқуқини ҳимоя қилган ҳуқуқ фаоли Азиза Абдрасулова ҳозирги ҳукумат июнь воқеалари терговини охирига етказишига ишонмайди. Ҳуқуқ фаоли қонли воқеалардан сиёсий манфаатлар учун фойдаланиш давом этаётганини айтади:

“Беш мингга яқин очилган жиноят ишининг 1,5% гина фош қилинган. Бу ҳукуматнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Бу фақат сиёсий қарор бўлади. Бунга қадар “Миллий комиссия”, “Парламент комиссияси”, “Халқаро комиссия” Ўш воқеаси юзасидан уч сиёсий қарор чиқарган. Июнь воқеасида жабрланган минглаб одам умид қилиб ўтирибди. “Менинг уйимни ёндириб кетганлар, қизимни зўрлаб кетганлар, бўламни ёқиб юборганларни топишар экану”, деб умид қилишяпти. Мен аминман, уларни топа олишмайди. Мен Садир Жапаровдан ҳалқни бирлаштиришга бўлган ҳаракатни кутгандим”.

Журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Абдумўмин Мамараимов июнь воқеаси юзасидан қайта тергов аввалги суд ишларига эътибор қаратиши лозимлигини айтади:

“Июнь воқеалари юзасидан иш қайта кўриб чиқилишини эшитганда, судланганлар вазияти кўриб чиқилади деб ўйлагандик. Ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида кўп йил улар билан ишладик-ку, қамалганлар орасида айби исботланмай, қийноққа солингани оқибатида айбловни мажбуран тан олганлар ҳам бор. Кўпчилиги жазо муддати тугаб, озодликка чиқди. Бироқ умрининг охиригача қамалган 40дан ортиқ одам бор. Уларнинг тақдири ҳам кўриб чиқилармикин деб ўйлаган эдим. Афсуски бундай бўлмаяпти. Масалан,ҳамкасбимиз Азимжон Асқаров қамоқхонада вафот этди. У кишининг айбдор эканига далил йўқ. Унинг иши ҳам қайта кўриб чиқилиши керак”.

2010 йилнинг апрель ойида норозилик намойишларидан кейин Қиғизистонда президент Қурманбек Бакиев ҳокимиятдан ағдарилган ва ҳукумат алмашган. Ўша йилнинг июнида Ўш ва Жалолобод вилоятларида миллатлараро низо чиққан.

Июнь воқеаси ёки Ўш воқеалари, Ўш фожиаси деган ном билан тарихда қолган мазкур мудҳиш воқеада расмий ҳисоб бўйича 446 одам вафот этган, 2 минга яқин одам турли жароҳат олган. 57 одам бедарак йўқолиб, шу кунгача уларнинг 19таси топилмаган.

2010 йил 7 апрелдан кейин ҳукумат тепасига келган Муваққат ҳукумат таркибига 14 одам кирган. Улар: Рўза Ўтунбаева, Алмазбек Атамбаев, Ўмурбек Текебаев, Темир Сариев, Азимбек Бекназаров, Исмаил Исаков, Абдиғани Эркебаев, Элмира Ибраимова, Кенешбек Дуйшўбаев, Эмилбек Каптағаев, Болот Шер, Дуйшўнқул Чўтўнов, Иса Ўмурқулов, Тўпчубек Турғуналиевдир.

XS
SM
MD
LG