Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:05

Zeromax компаниясининг собиқ директори Миродил Жалолов Тоштурмага ўтказилди (Янги тафсилотлар)


Zeromax компанияси собиқ ижрочи директори Миродил Жалолов
Zeromax компанияси собиқ ижрочи директори Миродил Жалолов

Озодликка маълум бўлишича, Zeromax ("Зеромакс") ширкатининг собиқ бош ижрочи директори Миродил Жалолов ўтган ҳафта Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги халқ орасида "Гвардейский" деб юритиладиган МХХ тергов изоляторидан Тоштурмага ўтказилган. Бу ҳақда Озодлик мухбирига исми сир қолишини истаган Миродил Жалолов яқинларидан бири ҳамда Бош прокуратуранинг тергов ишига алоқадор ходими маълум қилди.

Қисқа озодлик

Миродил Жалолов иши бўйича чиқарилган ажрим нусхаси
Миродил Жалолов иши бўйича чиқарилган ажрим нусхаси

2017 йилнинг 4 январида Озодлик суд ажримига таяниб, Миродил Жалоловнинг суд залидан озод этилгани ва ўша куниёқ Тошкент вилоятидаги дала ҳовлисига кетганини хабар қилган эди.

Суд ажримида Миродил Жалоловга "жиноят иши бўйича етказилган зарарни қоплаш учун вақт" берилгани алоҳида таъкидланганди.

Бироқ яқинларидан бирининг маълум қилишича, "ўнлаб миллион доллар"ни ташкил этган "етказилган зарар"ни қоплашга муваффақ бўлмагач, Миродил Жалолов март ойида яна қамоққа олинган.

Ўшандан буён тадбикор "Гвардейский" изоляторида сақланаётган эди.

Гулнора Каримова устидан бўлиши кутилаётган судда кўрсатма

Тергов ишига алоқадор Ўзбекистон Бош прокуратураси ходимининг билдиришича, Гулнора Каримова устидан бошланиши кутилаётган судда Миродил Жалоловнинг кўрсатма бериши кутилмоқда.

Унга кўра, Миродил Жалоловнинг кўрсатмалари фақат Zeromax ширкати фаолияти доирасида бўлади.

27 октябрда Гулнора Каримовага боғлиқ йирик коррупция ишини текшираётган Швейцария тергов гуруҳига яқин манба Озодликка Ўзбекистон расмийлари уларга Гулнора Каримова устидан суд бўлишини билдиргани тўғрисида айтган эди.

Швейцария прокуратураси 2012 йил ëзида Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган банк ҳисобидаги 800 миллион доллардан ошиқ пулни музлатиб қўйган ва ҳозирда беш йилдан ошиқроқ давом этган тергов якуний босқичга кирган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси жорий йилнинг 28 июль куни "Г.Каримовага нисбатан жиноят ишлари юзасидан хабар" тарқатган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланганини маълум қилган эди.

Баëнотда Бош прокуратура¸ “Г.Каримовага нисбатан уюшган жиноий гуруҳга жиноятларни содир этишга кўмаклашиш ҳолатлари бўйича алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом” эттирилаëтганини ҳам билдирган эди.

Миродил ва Беҳзод - Гулноранинг икки "соғин сигири"

Беҳзод Аҳмедовнинг Zeromax ширкати ҳақида берган кўрсатмаси
Беҳзод Аҳмедовнинг Zeromax ширкати ҳақида берган кўрсатмаси

Октябрь ойи бошида Стокҳольм маҳкамаси МТС-Ўзбекистон телеком ширкати бош директори Беҳзод Аҳмедовнинг 2012 йилнинг 10 сентябрида Россия терговчиси¸ 2015 йил майида эса Швейцария терговчиларига берган гувоҳлик кўрсатмасини жамоатчилик танишиши учун очиқ ҳужжатлар сирасига киритди.

10 йилдан кўпроқ вақт давомида Гулнора Каримованинг Ўзбекистон телеком бозорини тўлиқ назоратига олишдаги ўнг қўли бўлган Аҳмедов кўрсатмаларидан¸ айнан Аҳмедов гувоҳлиги яқин тарихдаги энг йирик коррупция ишининг бошланиши ва Ўзбекистоннинг энг қудратли аëли саналган Гулнора Каримованинг маҳкумга айланишига асос бўлгани кўрилади.

Ўз кўрсатмасида Гулнора Каримова билан муносабатларини таърифлаган Аҳмедов Гулнора марҳум президентнинг тўнғич қизи унга нисбатан исталган пайт "соғиладиган сигир" сифатида қараганини билдирган.

Унга кўра, Миродил Жалолов ҳам айни муносабат қурбони бўлган.

Беҳзод Аҳмедов ўз кўрсатмасида Zeromax расман TeliaSonera билан боғлиқ шартномада "расман" консультант вазифасини бажарганини айтади.

Аҳмедов сўзларига кўра, Гулнора Каримова унинг бўйнига илган 15 миллион доллар "қарзи"дан қутилиш учун Zeromax ижрочи директори Миродил Жалолов билан "мутлақо махфий" келишувга эришган:

"Ушбу шартнома 15 миллион долларлик қарзни тўлаш учун тузилганди... Ўша пайтда Гулнора Каримова менга қарз илган эди, лекин бу қарзни тўламагандим. Бунинг ўрнига мен (телекоммуникация) жиҳозлар сотиб олдим ва Zeromax буни етказиб берди... Биз Zeromax директори билан алоқаларимиз ва алмашинувимиз мутлақо махфий бўлиши ҳақида келишиб олдик... Zeromax қарзлари бу шатномани тузиш ва уни бажариш нуқтасидан бошланганди," дея кўрсатма берган Беҳзод Аҳмедов.

У, шунингдек, Zeromax-га, кўпчилик ўйлаганидек, Гулнора Каримова эмас, Миродил Жалолов эгалик қилганини таъкидлайди:

"Кўпчилик уни (таҳр: Zeromax-ни) Гулнора Каримованики, деб ўйлайди, лекин мен жавоб бериб айтаманки, у Миродил Жалоловникидир. Агар, компания орқасида Гулнора Каримова бўлганида, Zeromax касодга учрамаган бўларди. Мендаги маълумотларга таянган ҳолда айтаманки, бу ҳолат Гулнора Каримованинг Миродил Жалоловга босим қўллашига сабаб бўлди," деб айтган Беҳзод Аҳмедов.

Zeromax-нинг қулатилиши

Швейцарияда рўйхатдан ўтган Zeromax ширкати Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, қурилиш, тўқимачилик саноати, нақлиёт, шунингдек, нефть, газ ва олтин қазиб чиқариш билан шуғулланган.

2005 йилда ишга туширилган Zeromax нефт ва газ ширкати таркибидаги UzGazOil АЁҚШлари, кўп ўтмай, хизмат ва маҳсулот сифати борасида бошқаларга ўрнак бўлган ёнилғи шоҳобчаларига айланди.

2008 йилда Zeromax эълон қилган расмий рақамларга кўра¸ ширкат активлари ўшанда 3.298 миллиард Швейцария франки (қарийб 4¸5 миллиард АҚШ доллари)ни ташкил қилган.

Бироқ 2010 йил мартида Zeromax касодга учрагани эълон қилинди ва унга тегишли барча мол-мулкка ҳибс қўйилди.

Айни йилнинг май ойида Ўзбекистонда Zeromax фаолияти тўхтатилди, ширкатга тегишли мол-мулк давлат фойдасига мусодара қилинди ва ширкатнинг банклардаги ҳисоблари музлатилди.

Ўзбекистон халқи орасида "Одилбой" номи билан танилган Миродил Жалолов эса 2010 йил сентябрида ҳибсга олинди.

Zeromax активлари ва АЁҚШлари UzGazOil миллий холдинг тасарруфига ўтказилди.

Zeromax га нисбатан юз миллионлаб долларлик кредиторлар даъволари ҳозир ҳам сақланиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG