Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:01

Навоийда 3 миллион ўрнига 800 минг сўм ойлик берилган аёл раҳбарларга пичоқ билан ҳужум қилди


10 февраль кунги воқеа "Қизилқумцемент" АЖ биносида содир бўлган.
10 февраль кунги воқеа "Қизилқумцемент" АЖ биносида содир бўлган.

Навоийдаги "Қизилқумцемент" АЖнинг аёл ишчиларидан бири январь ойи учун штат бирлигида кўзда тутилганидан 2,5 баробар кам ойлик берилгани ортидан 10 февраль куни ҳисобчи ва завод раҳбарига пичоқ билан ҳужум қилди.

Воқеа тафсилотларидан хабардор ишчилардан бирининг Озодликка маълум қилишича, исми айтилмаётган аёл ишчи ҳар куни Навоийдан Нуротага қатнаб, завод филиалларидан бирида ишлаб келган.

"Қизилқумцемент" АЖнинг Озодлик боғланган масъули шундай воқеа бўлганини тасдиқлади. Мулозимга кўра, айни пайтда аёлга нисбатан ички ишлар ходимлари суриштирув-тергов ишларини олиб бормоқда.

"Кунига 120 километр йўл босиб ишга келган аëл 800 минг сўм ойликдан ғазабга келди"

"Қизилқумцемент" АЖда 10 февраль куни содир бўлган воқеа тафсилотидан яхши хабардор ишчилардан бирининг Озодликка маълум қилишича¸ душанба куни маош олиш учун заводга келган аёл январь ойи меҳнати учун 800 минг сўм ойлик ëзилганидан қаттиқ ғазабланган. Шундан сўнг у қўлига пичоқ олиб, олдин ҳисобчи, кейин эса ўша ерда бўлган завод раҳбарига ҳужум қилган. Аммо бу ерда турган бошқа ходимлар уни тўхтатиб қолишган.

Заводда ўртача ойлик 3-4 миллион сўм. Унга эса 800 минг сўм ойлик беришган. Аёл мана шундан ғазабланган

“Бу аёл ҳар куни Навоийдан заводнинг Нуротадаги филилалига бориб ишлар экан. Навоийдан Нуротагача 60 километр, демак у ҳар куни 120 километр йўл босган. Ҳар куни бориб келишга камида 30 мингдан йўлкира қилган. Заводда ўртача ойлик 3-4 миллион сўм. Унга эса 800 минг сўм ойлик беришган. Аёл мана шундан ғазабланган”, - деди "Қизилқумцемент" АЖсининг шахси очиқланмаслигини сўраган ишчиси.

Бу суҳбатдош¸ воқеа ортидан завод директори аёлни руҳий касалликлар шифохонасига юборишга буйруқ бергани ва унинг Навбаҳор туманидаги руҳий касалликлар шифохонасига олиб кетилганини иддао қилди .

"Январь ойида оз ойлик олганлар сони кўп"

Халқ орасида эски - "Навоийцемент" номи билан танилган завод ишчиларидан бирининг айтишича, январь ойида белгиланганидан 2,5-3 баробар кам иш ҳаққи олган ишчилар сони бир аёл билангина чекланмайди.

Ҳар бузилганда ойлигимдан ушлаб қолишаверса, унда менинг қулдан қандай фарқим қолади?

“Раҳбарият одамларнинг ғазабини келтирадиган иш қилаяпти. Масалан, менинг бульдозеримнинг болгаркаси синиб қолгани учун менга 1 миллион сўм ойлик беришди. Қолган уч миллионни ойлигимдан ушлаб қолишди. Мен уни махсус синдирганим йўқ-ку? Техника бўлганидан кейин бузилади. Бульдозер совет замонидан қолган, жуда эски, у кўп бузилади . Ҳар бузилганда ойлигимдан ушлаб қолишаверса, унда менинг қулдан қандай фарқим қолади?”, деган ишчи январь ойида заводнинг юзлаб ишчиси ойлигининг турли баҳоналар билан штат бирлигида кўзда тутилганидан бир неча баравар оз маош олганинибилдирди.

Расмий воқеани тасдиқлади

"Қизилқумцемент" заводининг Озодлик изоҳ сўраб мурожаат қилган масъулларидан бири 10 февраль куни корхона ишчиларидан бирининг ҳисобчи ва директорга пичоқ билан ташланганини тасдиқлади.

“Бундай воқеа бўлган, ҳужум қилган аёл билан ҳозир ички ишлар бўлими шуғулланмоқда. Завод директори аёлни жиннихонага жўнатди, деган гап ёлғон. Завод директорининг бунга ваколати йўқ, руҳий касалликлар шифохонасига суднинг қарори билан жойлаштириш мумкин”.

Айни пайтда¸ завод мутасаддиси ишчи аёл шахси, нега унга штат бирлигида ëзилган маошнинг учдан бири берилгани¸ завод бошқа ишчиларига ҳам ойликлар белгиланганидан бир неча баробар кам миқдорда берилганига оид Озодлик саволларини жавобсиз қолдирди. Мулозим шунингдек ишчи аëл ҳужуми оқибатида жароҳат олганлар борми¸ деган саволга ҳам жавоб беришни истамади.

Навоий шаҳар ички ишлар бўлими Тергов департаменти расмийси Улуғбек Кенжаев ҳодиса юзасидан Озодлик саволини эшитиши билан телефонини ўчириб қўйди ва қайта қилинган қўнғироқларга жавоб бермади.

Жисмоний таҳдид ноҳақликка қарши кураш усулими?

Ўзбекистонда расмийларнинг айрим ҳаракатларига жисмоний таҳдид билан норозилик билдириш ҳолатлари кам эмас.

Жумладан, 10 февраль куни ижтимоий тармоқларда​ Сариосиё туман, Гулобод маҳалла фуқаролар йиғинида кўксига президент Мирзиёев портретини осиб олган ёш аёлнинг қўлида болта билан уйини бузишга келганларга таҳдид қилгани акс этган видео тарқади.

21 январь куни самарқандлик Дилором Розиқова уйидан мажбурий чиқариш тўғрисидаги суд қарорини ижро этиш учун келган МИБ ходимларини ёқиб юборишга уринди. 23 январь куни Розиқовага суд қарори билан тергов жараёни якунлангунига қадар қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси қўлланилди.

Айни ўша куни Андижонда Хушнуд Ғойибназаров уйини мусодара қилишга келган МИБ ходими олдида ўзини ëқиб юборди ва орадан бир неча кун ўтиб касалхонада вафот этди.

2019 йили Яккабоғ туман ҳокими ўринбосари бульдозерга чиқиб¸ дўконини бузишга уринганида тадбиркор Баҳриддин Исомов унинг устига бензин сепиб¸ ëқиб юборган эди.

XS
SM
MD
LG