Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:52

Ўзбек ҳужумчиси қурбонлари: 5 курсдош,”энг гўзал она”, оиладаги ягона фарзандлар


Қадрдон курсдошларнинг Нью Йоркка учиш олдидан Буэнос Айресда тушган сўнгги сурати.
Қадрдон курсдошларнинг Нью Йоркка учиш олдидан Буэнос Айресда тушган сўнгги сурати.

Ўзбекистонлик муҳожир Сайфулло Соипов 31 октябрь куни Нью Йоркда амалга оширган террор хуружи қурбонлари жасади пайшанба куни яқинларига топширилди. Аргентиналик беш курсдошнинг ўлими муносабати билан улар туғилиб-ўсган Rosario (Росарио) шаҳрида уч кунлик мотам эълон қилинди¸ уч яшар ва уч ойлик ўғилларнинг 31 яшар онаси жасади ҳам Бельгиянинг Staden (Стаден) шаҳарчасига юборилди¸ америкалик икки ëш йигит оиласининг эса¸ ҳозирча “бундай маънисиз қотиллик”ни қабул қилишга ожиз қолаëтгани айтилмоқда.

10 курсдошнинг беши кетди¸ беши қолди ...

31 октябрь кунги террор ҳужумида ўлганларнинг бештаси аргентиналик сайëҳлардир.

Пойтахт Буэнос Айресдан 300 км масофада жойлашган Росарио шаҳридаги Политехника коллежини битирганликларининг 30 йиллигини нишонлашга келишган курсдош йигитлар¸ учрашув жойи қилиб Нью Йоркни танлашади.

Бу таклифни Бостонда яшаëтган курсдошлардан бири таклиф қилади ва учрашувни ташкиллаштиришга бир йил вақт кетади.

Аксарияти архитектор бўлган 48-49 ëшдаги курсдошларнинг еттитаси шанба – 28 октябрь куни АҚШга учиб келади. Самолëтга чиқиш олдидан саëҳатчи курсдошлар "Libre" (Эркин) деб ëзилган бир хил майкада бирга расмга тушадилар.

Америкадаги учрашувнинг яна бир қатнашчиси¸ маҳаллий пўлат ширкатининг бадавлат эгаси ва икки юпқақўл дўстининг сафари харажатини тўлаган Ariel Erlij эса¸ бизнес учрашуви боис¸ АҚШга эртаси кун учиб келади.

10 курсдош якшанба-душанба кунлари Бостонда – учрашувни ташкил қилган Martín Marro меҳмони бўлганидан сўнг¸ сешанба куни Бостондан Нью Йоркка келадилар.

Манҳаттанни велосипедда кезишга қарор қилган курсдошлар¸ маҳаллий вақт билан тушдан кейинги соат 3 лардан ўтиб¸ West St-Houston кўчасининг велосипедчилар учун ажратилган махсус йўлагида ҳаракатланаëтган пайтда¸ бир йиллик ҳозирликдан сўнг пиëдаларга юк машинаси билан ҳужум қилишга қарор берган Сайфулло Соипов хуружи нишонига айланади.

Уларнинг кўча тарафдан кетаëтган бештаси - Diego Enrique Angelini, Ariel Erlij, Hernán Ferrucci, Hernán Diego Mendoza and Alejandro Damián Pagnucco воқеа жойида нобуд бўлади¸ юк машинаси зарбидан йўлак четига ўт устига қулаган бештаси - Ivan Brajkovic, Juan Pablo Trevisan, Ariel Benvenuto¸ Guillermo Banchini ва Martín Marro турли жароҳат билан омон қолади.

Тошкентлик муҳожир Сайфулло Соипов зарбасидан Нью Йоркда ўлган беш аргентиналик дўст.
Тошкентлик муҳожир Сайфулло Соипов зарбасидан Нью Йоркда ўлган беш аргентиналик дўст.

Нью Йоркдаги Аргентина консулининг матбуотга айтишича¸ тирик қолганлар қаттиқ шокка тушиш оқибатида¸ дўстларининг ўлганини тушуна олмаган. Уларнинг айримлари ҳозирда “ҳаëтига хавф солмайдиган жароҳатлар” билан касалхонада қолмоқда.

Қадрдон дўстларини АҚШга таклиф қилган Martín Marroнинг рафиқаси журналистларга¸ эрининг жисмоний яралари тузалган тақдирда ҳам¸ беш дўстни бир лаҳзада йўқотиш ва улар ўлимига гувоҳ бўлишдан туғилган руҳий жароҳатнинг бир умр битмаслигини билдирган.

Ўз шаҳрида яхши танилган архитектор-курсдошлар умрининг бу қадар кутилмаганда фожиа билан якун топганидан ларзага тушган росариоликлар улар учун уч кунлик мотам тутмоқда.

“Энг гўзал она”

31 яшар бельгиялик Anne-Laure Decadt Сайфулло Соиповнинг қонли юриши йўлидаги ягона аëл қурбон. Бири уч яшар¸ бошқаси уч ойлик болакайлар онаси ҳужум пайтида онаси ва икки синглиси билан Қуйи Манҳаттан кўчаридан биридаги махсус йўлакда велосипедда кетаëтган бўлган.

Anne-Laure Decadt
Anne-Laure Decadt

Унинг Бельгияда қолган эри Alexander Naessens¸ New York Times газетасининг ëзишича¸ хотинининг ўлгани хабарини бир соатча ўтиб телефон қилган NewYork-Presbyterian касалхонаси врачларидан эшитган.“Бу чидаб бўлмас¸ ақл бовар қилмас йўқотишдир. Anne-Laure ... беназир рафиқа ва иккала ўғлимизнинг энг гўзал онаси эди”¸ дейди икки норасида боласи онасиз қолган Alexander Naessens.

Бельгиянинг ғарбий Flanders минтақасидаги Staden шаҳарчаси ҳокимига кўра¸ Anne-Laure сингиллари билан жума куни Нью Йоркка келган ва бу ерда Halloween байрамининг нишонланишини кўришни режалаган. Аммо бельгиялик ëш она¸ бу байрам бошланмай туриб¸ Соипов машинаси зарбидан ҳаëтдан кўз юмди¸ унинг онаси ва сингиллари жароҳат билан омон қолди.

3 ноярбь куни 11 мингга яқин аҳоли яшовчи стаденликлар бир ҳафталик қувноқ саëҳатга кетиб¸ террорчи ҳужуми нишонига айланган Anne-Laure жасадининг АҚШдан келтирилишини кутмоқда.

“Онасининг яккаю ëлғиз фарзанди¸ таянчи”

Тошкентлик Сайфулло Соиповнинг шавқатсиз ҳужуми оқибатида ўлганларнинг яна бири 23 Nicholas Clevesдир.

Ҳужумнинг энг ëш қурбонига айланган бу йигит Нью Йоркда компютер муҳандиси сифатида эндигина иш бошлаган ва Соипов машинасидан зарба еган пайтда махсус йўлакда қулоқчин билан музика эшитиб велосипед ҳайдаб кетаëтган бўлган.

“Опам мутлақ шокда ва унинг қайғусига таскин йўқ. Оила сифатида биз ҳаммамиз тамом бўлдик. Nicholas ажойиб инсон¸ опамнинг якка-ëлғиз ўғли¸ ягона фарзанди эди. Она-бола жуда яқин эди. Тўрт йил олдин унинг отаси тўсатдан ўлганидан кейин¸ опам унга қаттиқ суяниб қолган эди”¸ дейди қурбоннинг холаси Nicole Missio АҚШ матбуотига.

“Оиламиз ҳозир шу қадар кучли қайғу-ҳасратда¸ шу қадар карахтки¸ ҳатто уни ўлдирганнинг кимлиги¸ нимага бу қотиликка қўл урганини ўйлашга куч тополмаяпмиз¸ деган бу аëл¸ “рўй берган воқеани маъниси¸ абсурд дейишдан бошқа сўз тополмаслигини айтади.

“Фариштадек беғубор¸ кўнгилчан бола”

“Соат 5 бўлди¸ лекин Darren келмади”¸ дейди журналистлар гаплашган 8-қурбон – 32 яшар Darren Drakeнинг отаси.

Darren Drake
Darren Drake

Darrenнинг дараги чиқавермагач¸ Нью Жерсидан яшовчи ота-онаси уни излаб Манҳаттенга кечки пайт машинага келади¸ Bellevue касалхонасида уларга эрталаб ишга деб чиқиб кетган ўғилалрининг аллақачон ўлганини айтишади.

"Биз ўзимизни тамоман йўқотиб қўйдик. 33 йил севиб-парваришлаган боламизни йўқотиб қўйдик”¸ дейди икки ҳафтадан кейин 33-туғилган кунини нишонлаши режаланган Darrenнинг мотамсаро отаси.

Ота-онасининг суянган тоғи бўлган Darren Moody's Investors Service молия гуруҳининг Қуйи Манҳаттаннинг Жаҳон савдо маркази биносида жойлашган офисида лойиҳа бошқарувчиси бўлиб ишлаган.

“Ҳаëт ўзига орзу қилган ҳамма нарсани бера бошлаган кўнгилчан Darren” китоб ўқишга муккасидан кетган зиëли йигит бўлган - у ишхонаси яқинида аудиокитоб эшитиб¸ велосипедда кетаëтган пайтида ўлим қуролига айланган юк машинаси зарбидан нобуд бўлди.

“Дунëда Darrenдек бегуноҳ¸ кўнгли тоза бола бошқа бўлмаса керак”¸ дейди бу қурбоннинг отаси.

2001 йилнинг 11 сентябридан бери Нью Йоркда қайд этилган энг қонли террор хуружи қурбонлари учун улар яқинлари баробарида ньюйоркликлар ҳам мотам тутмоқда¸ улар руҳи учун шамлар ëқиб¸ хотира маросимлари ўтказмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG