Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:57

Раматовнинг вилоятларга қилган “шоҳона” сафари пандемия давридаги сносларга старт берди (ВИДЕО)


Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов президент Шавкат Мирзиëевнинг энг садоқатли мулозимларидан бири экани айтилади.
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов президент Шавкат Мирзиëевнинг энг садоқатли мулозимларидан бири экани айтилади.

Самарқанд вилоят, Самарқанд туман, Қўштамғали маҳалласида яшовчи Қодир Аҳадов ҳовлисига 22 апрель, тонг соат 10 ларда 50 ка яқин одам Миллий гвардия аскарлари ҳамроҳлигида бостириб кирди.

Ҳовлига ëпирилиб кирганлар уйнинг эркак эгаларини карантин пайтида маска тақмаганликда айблаб¸ маъмурий жазо қўллаш учун ИИБга олиб кетди.

Уй эгаси олиб кетилиши билан¸ кўчада турган бульдозерлар ҳашаматли ҳовлига чўмичини солди¸ ҳовлида қолган аëллар ҳатто уй ичидаги мебель ва бошқа нарсаларини олишга ҳам улгурмади.

Бозор баҳоси 200 минг АҚШ долларига яқин бўлган Аҳадовлар ҳовлиси Самарқанд-Сити қурилиши учун қурбон қилинаëтган юзлаб уйлардан биридир.

Ҳаммага уйида ўтириш буюрилган карантин даврида қонунда кўзда тутилган талабларга зид равишда Аҳадовлар ҳовлисини бузиб ташлаш Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовнинг 19-20 апрель кунлари Самарқандга қилган сафаридан сўнг бошланди.

Нафақат Самарқанд¸ балки Жиззах ва Урганчга ҳам борган Раматов¸ Озодлик гаплашган маҳаллий мулозимларга кўра¸ пандемия давридаги бузилишлар ва қимматбаҳо ситилар қурилишига старт бериб қайтган.

Аҳадовлар ҳовлисидаги “қиëмат”

Самарқанд туманидаги Қўштамғали ва унга туташ маҳаллаларда жойлашган 150 дан ошиқ ҳовли 2019 йили бузилишга тушган.

Ҳокимликлар қарори билан янги қуриладиган Самарқанд Ситини Самарқанд шаҳри маркази билан боғловчи катта йўл шу маҳалладан ўтадиган бўлган.

Коронавирус пандемияси бошлангунга қадар¸ ҳокимлик бу уйларнинг аксариятини бузишга муваффақ бўлган. Лекин Аҳадовлар ва яна олти ҳовли эгаси¸ уйи учун таклиф этилган товон пулига кўнмаганидан иш судга оширилган.

- 12 сотихлик ҳовлимнинг 8 сотихини йўл учун оладиган бўлишди. Ҳовлимнинг яшайдиган 550 кв. метрлик қисми сносга тушди. Холис баҳоловчига 10 миллион тўлаб¸ уйни баҳолатдик. 1 миллиард 400 миллион сўмга баҳолади. Лекин ҳокимлик аввалига 775 миллион деди¸ кейин¸ 600 миллион ва 6 сотих ер берамиз¸ деди. Биз кўнмадик¸ иш судга ошди. 4 апрель куни бизни Миллий гвардия келиб¸ Самарқанд вилоят фуқаролик ишлари бўйича судига олиб кетди.(20 мартдан 10 апрелга қадар бундай ишларни кўриш Олий суд қарори билан тўхтатилган – таҳр) Ҳеч ким йўқ бинода суд уйни бузиб¸ қурилиш материалларини ҳам ҳокимликка бериш ҳақида қарор чиқарди. Бизга норози бўлсанг¸ Олий судга бор¸ дейишди. Лекин карантин¸ мостни тагидан нарига ўтолмаймиз¸ Олий судга телефон қилиб¸ тушолмадик. Ниҳоят биттаси¸ аризангизни почта билан юборинг¸ деди. Юбордик. Лекин Олий суд ишни кўрмай туриб¸ уйимни бузиб ташлашди. На пул беришди¸ на ер. Карантин пайтида уйсиз қолдиришди¸ дейди Аҳадов.

Самарқандда Сити учун карантин даврида уйлар бузилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:51 0:00

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгандан сўнг урфга кирган сити қурилишлари учун уйи бузилганлар ўт қўйиш¸ кўча намойишларига чиқиш орқали¸ бу жараëндаги ҳокимият бедодлигига ўз норозилигини билдиргани ортидан¸ 2019 йил 16 ноябрда Вазирлар Маҳкамаси 911-сонли қарор қабул қилган.

Унда:​

кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объекти мулкдорига келишувда, низо мавжуд бўлган ҳолларда эса суд қарорида, белгиланган компенсация тўлиқ тақдим этилгандан сўнг йўл қўйилади, деб ëзилган.

Бу қарор қабул қилинишидан уч ойча олдин¸ 2019 йилнинг 2 августида президент Мирзиëев¸ аҳоли сносларга қарши норозиликка чиққан Хоразм ва Қашқадарë вилоят ҳокимларига қаттиқ танбеҳ бериб¸ жумладан:

- Қўлингдан келмас экан, нима қиласан бир одамнинг туппа-тузук турган уйини бузиб? Сен хулоса қил, уйингни биров келиб бузса [нима қиласан]?

Ноинсофлар, мен сизларнинг қай бирингга бузгин, деб топшириқ бердим? Мен сизларга аввало одамларни рози қилиб, кейин жаноб Зокиров деган вазир билан ўтириб, лойиҳа қилиб, бош вазирга ҳисобот бериб, кейин қилинглар, деб топшириқ берганман, деган эди.

Иш судда якунланмай туриб уйларни бузиш Раматов сафаридан сўнг бошланди

Озодликка маҳаллий мулозимларнинг билдиришича¸ Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ўтган ҳафта қатор вилоятларга қилган сафари доирасида Самарқандга ҳам борган.

Бу сафарлар давомида муҳокама қилинган асосий мавзу¸ янги кўп қаватли уйлар қурилишини бошлаш учун бузилишларни тезлатиш¸ аҳолига компенсация тўловлари муаммосини ҳал қилиш бўлган.

Самарқанднинг Қўштамғали маҳалласи аҳолиси қолган уйларни бузишнинг айнан Раматов келиб-кетиши билан бошланганини тасдиқлайди.

- Адашмасам¸ 19 апрель куни ИИБ¸ Миллий гвардиячилар ҳамроҳлигида узун кортеж уйимизнинг олдидан ўтиб кетди. Бизга Раматов вилоят ҳокими билан Самарқанд Сити қуриладиган жойга келди¸ дейишди. Тўхтаб¸ биздан ҳол-аҳвол сўраса керак¸ деб умид қилгандик. Лекин бунинг ўрнига¸ у қурилишни тезлатинг¸ қолган уйларни бузиб ташланг деб кетган. Икки кун ўтиб¸ уйимизни бузишга келишди. Ҳозир Самарқанд Ситини қурадиган ишчилар ўзларига вагон уй қуришни бошлади¸ дейди ҳовлиси карантинда бузилган самарқандлик суҳбатдошлардан бири.

Озодликка Бош вазир биринчи ўринбосарининг вилоятларга сафари ҳақида хабар юборган маҳаллий мулозимларга кўра¸ сафарини водийдан бошлаб¸ сўнгра Жиззах¸ Самарқанд ва Урганчда тугатган Раматов¸ “снос элчиси” бўлиб борган.

Раматов бузиш ва қуришларни ҳеч кимни аяб ўтирмай бошлашни буюрди. У кетиши билан карантинда тўхтатилган сносларга қайта старт берилди. Жиззахнинг Навоий маҳалласида ҳам бузишлар қаттиқ кетаяпти. Ўрнига катта йўл ва кўп қаватли уй қурилади”¸ деди маҳаллий мулозимлардан бири.

Озодликка маълум бўлишича¸ 22 апрель тонгда Урганчдан Тошкентга қайтган Очилбой Раматов¸ аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш масалалари бўйича президент ўтказган видеоселектор йиғилишида қатнашган.

20 апрель кунги йиғилишда айни шу мавзуда гапирган Мирзиëев¸ қурилишларни “аҳоли бандлиги ва иқтисодий барқарорликни таъминлашдаги “драйвер”лардан бири” деб атади.

Шу боис, карантин даврида қурилиш ҳажми камайишига йўл қўймаслик мақсадида бу соҳага қўшимча 3,6 триллион сўм маблағ ажратилди”¸ деди Мирзиëев жумладан.

Бу баëнотдан¸ Очилбой Раматовнинг пандемия даврида бузиб-қуришларни жонлантириш мақсадида вилоятларга қилган сафарининг президент топшириғи ижроси экани тушунилади.

Пандемия давридаги снослар учун уюштирилган шоҳона сафар

Озодликка Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари Очилбой Раматовнинг аксар дунë уйидан чиқмай ўтирган бир пайтда¸ оддий халқнинг уйини бузишни тезлатиш мақсадида қилган сафари ҳақида хабар берган мулозимлар¸ бу сафарнинг ҳашаматидан ҳайратга тушганларини алоҳида таъкидлади.

Оддий бир боғбонга бир миллион ойлик беришни уддалай олмаëтган раҳбарлар Раматовнинг келишига ҳувиллаб ëтган вокзал ҳудудига қиммат гулларни эктиришди. Қизиғи уларга қарайдиган боғбон йўқ¸ улар эрта-индин қуриб қолади. Раматов ҳувиллаб етган вокзалу ëки станцияни ободонлаштирилганини кўргани келмагандир. Ўзтемирйўлйуловчи раҳбарлари лаганбардорлик қилгиси келган бўлса¸ қўлига бир даста гул тутқазсин эди. Ким уларга ишчи ходимлари уйларида бир ойдан буëн ойликсиз, пулсиз ўтирган бир пайтда¸ ишламаëтган вокзалларга миллионлаб пулларни сарф қилишиб гул эктириш ваколатини берган? Давлатнинг¸ халқнинг бу пулларни ишчиларига аванс тариқасида берса бўлмасмиди?” дейди маҳаллий темирйўлчилардан бири.

Озодликка Самарқанд ва Урганчдан юборилган хабарларда ҳам¸ Очилбой Раматов келишига¸ асосан¸ вокзаллар ҳудудининг бўяб-бежалгани¸ қиммабаҳо газонлар ва гуллар экилгани айтилади.

Ислом Каримов ўзига эп кўрмаган ҳашамат

Ўзбекистон Транспорт вазирлигига алоқадор мулозим Озодлик билан суҳбатда Очилбой Раматовнинг пандемия даврида вилоятларга қилган сафари ўз ҳашамат ва харажати билан президент сафаридан қолишмаганини айтади.

Очилбой Раматов вилоятларга самолëтда кетди. Лекин унинг учун Тошкентдан Ислом Каримов учун махсус йиғилган вагон¸ яна 7 вагон тақилган составда, 20-30 тача хизматчисини ҳисобламаса¸ бўм-бўш йўлга чиқди. Раматов меҳмонхона эмас¸ ана шу махсус вагонда дам олиш ва ухлашни ëқтиради”¸ деган мулозим ҳозиргача жамоатчиликдан сир тутиб келинаëтган бу вагон тасвирини чизиб берди.

Бу вагон худди Алишер Усмоновнинг самолëтидек. Кўз олдингизга келтиринг - йигирма метрлик муҳташам сарой¸ унақа сарой Амир Олимхондаям бўлмаган. Алоҳида ëтоқхона¸ алоҳида ванна-жакуззи¸ биотуалет. Катта залда телевизор¸ уголок мебеллар¸ вагон устида антенна¸ юргандаям-тургандаям тўсиқсиз тўлқин қабул қиладиган. Спецвагон юрганда темир йўлда бутун ҳаракат тўхтайди¸ йўл фақат шуники. Бу транспорт тизими учун қанчага тушишини тасаввур ҳам қилолмайсиз. Спецвагон шу маршрутдаги ҳар бир станциядан ўтгунча олдиндаги станциядаги ҳамма манëвр ишлари тўхтатилади, қўйлар ва моллар ҳам ҳайдалади, территория тозаланади, худди Президент келаëтгандек, фарқи шуки Президент бўлса¸ СБ бўлади, Раматовда СБ йўқ, битта шу билан фарқ қилади. Алишер Усмоновку¸ ўзининг пулига олган самолëтини¸ бучи¸ халқнинг¸ давлатимизнинг пулига маишат қилаяпти. Ҳозир миллионлаб халқ нонга муҳтож бўлиб турганда¸ бунақа сафарни пир во время чуми¸ дейишдан бошқа сўз тополмайман”.

Қаттиқ қўриқланадиган бу махсус вагонни суратга олиш имкони йўқлигини таъкидлаган Озодлик манбаларидан бири - транспорт соҳасида раҳбарлик лавозимида ишлаган собиқ мулозим¸ унинг тарихига ҳам қисқа справка берди.

Вагон тўқ арча рангида¸ рақами 11111. Бу вагон доим “Ўзтемирйўлйўловчивагонтаъмир” заводи территориясида, устини сплошной чехол билан ёпиб қўйилган ҳолда шу кунларгача турди. Бу вагоннинг асосий корпусини 10 йилча олдин Каримов учун махсус «Ўзтемирйўлмаштаъмир» заводида йиғишди. Кейин “Ўзтемирйўлйўловчивагонтамир» заводида қолган қисмини¸ араб шайхларининг ғилдирак устидаги қасридек ясатишди. Вагоннинг таги портлашга дош берувчи титандан¸ ойналари ўқ ўтмас қора шишадан¸ эшик тутқичлари¸ ванна туалетлари олтинсуви югуртирилган эди. Вагон тайëр бўлганидан кейин¸ Раматов уни ўша пайтдаги Бош вазир Шавкат Мирзиëевга кўрсатди. Бош вазир Мирзиëев¸ бу вагоннинг қанчага тушганини эшитиб¸ ҳуши бошидан учди. Ўша пайтдаги пул билан ҳам спецвагон бир неча миллиардга тушган. Каримов бунақа ҳашаматни ëмон кўрарди. Давлатнинг миллиардлари кетган бу вагон узоқ йил депода бекитиб қўйилди¸ Мирзиëев президент бўлганидан кейин¸ унда ҳукумат ишчи гуруҳи Мўйноққача борди. Бу вагонда¸ масалан¸ Бош вазир Абдулла Арипов юролмайди. Пандемия даврида Раматов уни ўзининг мобиль меҳмонхонасига айлантириб олди.

Каримовга қурилган махсус вагоннинг Тошкентдан Урганчга бўм-бўш бориб қайтганини тасдиқлаган “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясининг шахси сир қолишини сўраган юқори лавозимли мулозими¸ Раматов мобиль меҳмонхонасининг солиқ тўловчи учун қанчага тушганини ҳисоблаб берди.

Бу шоҳона эшелонда камида 30 га яқин хизматчи борди. Булар махсус танланган чиройли бортпроводницалар¸ врач ва ҳамширалар¸ массажчи¸ ошпаз ва ëрдамчилари. Масалан¸ Урганчда Раматов¸ шу вагонда еб-ичиб¸ шу ерда ҳокимлар билан мажлис ўтказди¸ шу ерда ухлади. Урганчдаги уч кунлик маишат¸ Темир йўлларига 10 минг долларга тушди. Саккизта вагон тақилган бу эшелоннинг алоҳида электровоз билан Урганчгача бориб қайтиши¸ Темир йўлларига минимум 15 минг долларга тушди. Ўзбекистонда қашшоқлик кескин кучайган ҳозирги шароитда Бош вазир ўринбосарининг бузилиш ва қурилишларнинг янги тўлқинига старт бериш учун биргина Урганчга бориб келиши¸ энг камтар ҳисобда давлатга 25 минг долларга тушди. Германия¸ Швеция¸ Англиядек бой мамлакат вазирларининг велосипедда иша бориб келишини ҳамма билади. Нима учун Ўзбекистондек ярим аҳолиси қашшоқ мамлакатда Бош вазирнинг битта ўринбосари сафарига бунча пул совурилаяпти. Махсус хизматлар ҳам¸ президент ҳам буни билади. Лекин Раматовга ҳамма нарса¸ негадир¸ мумкин”.

Озодлик “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбариятидан Очилбой Раматовнинг вилоятларга қилган сафари¸ хусусан¸ бу сафарнинг солиқ тўловчига қанчага тушгани ҳақидаги саволларга жавоб ола олмади. АЖ сайтида берилган рақамларга кун давомида ҳеч ким жавоб бермади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG