Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:53

Транспорт вазирлиги тузишга қарши бўлган Очилбой Раматов Транспорт вазирлигини ўзига олди


Президент Шавкат Мирзиëев Очилбой Раматов билан Хива вокзалида.
Президент Шавкат Мирзиëев Очилбой Раматов билан Хива вокзалида.

Ўзбекистон президентининг 28 январь куни эълон қилинган қарорига кўра¸ мамлакат Бош вазирининг 1-ўринбосари Транспорт вазири этиб тайинланган. Шавкат Мирзиëевнинг 2016 йил декабрь ойидаги қарори билан Бош вазирнинг 1- ўринбосари лавозими Очилбой Раматовга берилган.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси Раматовга айни пайтда ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси раҳбарлиги ҳам берилган эди.

28 январь кунги қарорга кўра¸ Очилбой Раматов лавозимининг иккинчи қисми Транспорт вазири сифатида қисқартирилди.

Фаолияти транспорт-логистика соҳасига алоқадор ўзбекистонлик тадбиркорлар бу янги тайинловдан ҳафсалалари пир бўлганини билдирдилар.

«Президент¸ транспорт-логистика соҳасини инқирозга олиб келган одамни Транспорт вазири этиб тайинласа¸ демак Мирзиëевга бу соҳадаги ҳақиқий аҳвол ҳақидаги маълумот етиб бормаяпти»¸ - деди Озодликка шахси очиқланмаслигини сўраб гапирган соҳа мутахассислари.

Ҳали тузилмаган вазирлик вазири

Шавкат Мирзиëевнинг 2018 йил ноябрь ойидаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Ҳукумат комиссиясига 2019 йилнинг 15 январига қадар Транспорт вазирлиги тузиш бўйича таклифлар киритиш топширилган эди.

Бу жараëнга бевосита алоқадор Тошкент мулозимининг Озодликка билдиришича¸ президент топшириғи ижроси билан боғлиқ кўпдан-кўп мажлислар ўтказилган¸ Транспорт вазирлигини тузиш структураси ва бу ҳақдаги президент қарори лойиҳаси тайëрланган¸ аммо транспорт соҳаси монополистлари охиригача бу таклифларни тўхтатишга уринган.

“Ўзбекистон темир йўллари”¸ “Ўзбекистон ҳаво йўллари”¸ Автомобиль ва дарë транспорти қўмитаси¸ Ўзавтодор - булар давлат бюджетини ўмариш билан овора. Албатта¸ улар ўзларининг тугатилиб¸ битта Транспорт вазирлиги бўлишини исташмайди. Раматов бу идеяни тўхтатиш учун зимдан ҳаракат қилди. Бўлмаганидан кейин¸ энди Транспорт вазири лавозимини ўзига олишга эришипти. Агар транспорт соҳасини расво қилганига қарамай¸ президент янги вазирликни яна шу одамга топшираëтган бўлса¸ Мирзиëев билан ораларидаги шахсий муносабатлар жуда яқин ва бу маълумотдан хабардор тизимлар ҳам уни президентга беролмаган”¸ дейди ҳукумат ичидаги жараëнлар ҳақида жамоатчиликка маълумот беришга ваколти йўқлигидан шахси сир тутилишини сўраган бу мулозим.

Бу суҳбатдош¸ ҳали Транспорт вазирлигини тузиш ҳақидаги қарор лойиҳаси президент томонидан имзоланмай туриб¸ Бош вазирнинг 1-ўринбосари (Очилбой Раматов) расмий лавозимига Транспорт вазири деган мақом қўшилгани ҳақидаги қарорни кўриб¸ ҳайратга тушганини айтади.

Бунақа иш фақат Ўзбекистонда бўлиши мумкин. Бош вазирнинг 1-ўринбосари Транспорт вазирлиги тузиш ҳақидаги президент фармони лойиҳасини ишлаб чиқадида¸ унга Бош вазирнинг 1-ўринбосари¸ яъни ўзини вазир этиб тайинлансин¸ деб ëзиб қўяди. Раматов бу ишни Мирзиëевнинг олдидан ўтиб қилганини тушуниш мумкин¸ лекин Мирзиëев нега бунга қўл қўйганини тушунишга қийналаяпмиз”¸ дейди транспорт соҳаси бошқарувига алоқадор мулозим.

Озодлик ҳозирча президент Шавкат Мирзиëевнинг Транспорт вазирлиги тузиш ҳақидаги қарорни имзолаган-имзоламагани ҳақида расмий маълумот ола олмади. Аммо расмий матбуотда 31 январга қадар бундай қарорнинг имзолангани ҳақида хабар эълон қилинмаган.

“Транспорт комплексининг “расво бўлгани”ни халқ кўриб туриптику!”

Озодлик суҳбатлашган транспорт-логистика соҳасида ишловчи тадбиркорлар ҳам бу соҳа бошқарувини “21-асрга тўғри келмайдиган” вазиятда деб баҳолади.

Бу соҳанинг расво бўлганини исботлаш учун ДХХ дан ҳужжат-далил олишга ҳожат йўқ. Халқ кўриб турипку аҳволни – билетлар қани? На поезд¸ на самолëтга онлайн билет олишнинг иложи йўқ¸ ҳалиям ўзларининг кассаларида сотиш керак. Нима учун? Қаерда нақд пул айланса¸ ўша жойда катта коррупция бор. Билет ололмайсиз¸ поезд ë самолëтга чиқсангиз¸ ярми бўш. Қани Россия¸ Қозоғистонга қўйиш ваъда қилинган автобуслар? Нима учун Ўзбекистон ҳудудида бошқа давлатларнинг автобуслари қатнаяпти? Ҳукуматлараро келишувда бунақа қатновлар тақиқланганку! Бунақа қатновдан тушаё​тган пуллар кимларнинг чўнтагига кетаяпти?”¸ дейди транспорт соҳаси бўйича мутахассис тадбиркор.

“Ўзбекистон темир йўллари” орқали ташиладиган транзит юклари ҳажми¸ Озодлик гаплашган соҳа мулозимига кўра¸ 2018 йили 7 миллион тоннага тушган.

Темир йўлдаги ташишлар ва транзит ташишлар 60% тушиб кетган. Биргина Афғонистонга юк ташиш ҳажми 2¸5 миллион тоннадан 1 миллионга тушди. Қолгани қаерга учди? Қўшни Туркманистонга – Раматов тарифларни бир томонлама ошириб қўйганидан кейин¸ бу юклар Туркманистоннинг Акина станцияси орқали ўтадиган бўлди. Бу соҳани ўз қўлига олганлар миллиардлаб даромад қилди¸ давлат бюджети ўмарилди¸ халқ автобусларда ëниб кетди. Қамчиқдаги туннел учун давлат 2¸5 миллиард доллар қарзга кирган. Ким тўлайди бунинг пулини? Шу ишларнинг тепасида турган одам энди Транспорт вазири бўлаяпти. Шуни тушуниш қийин бўлаяпти”¸ дейди Тошкент мулозими.

Озодлик Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси¸ хусусан Бош вазирнинг 1-ўринбосари Очилбой Раматов қабулхонасидан¸ Транспорт вазирлиги тузилмай туриб¸ Бош вазир 1-ўринбосарининг Транспорт вазири этиб тайинлаш ҳақидаги қарорга оид муносабат ва маълумот олишга муваффақ бўлмади.

Озодлик телефон орқали боғланган мулозимлар¸ бу ҳақда маълумот беришга ваколатли эмасликларини айтиш билан чекландилар.

XS
SM
MD
LG