Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:06

Оққўрғонда икки фермер пахтага олган кредитини қайтаролмагани учун Тоштурмага ташланди


Қамоққа олинган оққўрғонлик фермернинг хотини Шаҳноза Қодирова қаровсиз қолиб кетган пахта даласида, ноябрь, 2018 йил
Қамоққа олинган оққўрғонлик фермернинг хотини Шаҳноза Қодирова қаровсиз қолиб кетган пахта даласида, ноябрь, 2018 йил

Тошкент вилоят, Оққўрғон туманидаги “Ўзбекистон” жамоа хўжалигида яшовчи икки пахтакор фермер - 39 яшар Шерали Тошибоев ва 54 яшар Эркин Мариповлар ҳибсга олиниб, шу кунда Тоштурмада сақланмоқда.

Яқинларининг Озодликка билдиришича, фермерлардан бири "Агробанк", яна бири "АБС Оққўрғон агро кластер" ташкилотидан қарзини тўламагани учун қамоққа олинган.

Тошкент вилоят ҳокимияти мулозими икки фермернинг ҳибсда олинганини тасдиқлар экан, октябрь ойи охиридан шу кунга қадар Оққўрғон туманида "яна бир неча фермер" пахта режасини бажармагани ва катта миқдордаги қарзини ёполмагани учун ҳибсга олинганини билдирди.

Шерали Тошибоев ҳокимият йиғилишида ҳибсга олинди

Онаси 58 яшар Бибиҳадича Мантиеванинг Озодликка айтишича, ўғли туман "Агробанк"идан 32 миллион сўм қарз бўлиб қолгани учун "ҳибсда сақланмоқда.

Озодлик билан суҳбатда Мантиева ўғлининг ҳокимиятдаги йиғилишдан қўлига кишан солинган ҳолда олиб кетилгани ва бу ҳақда ўша кезда оиласига маълумот берилмаганини айтди:

"27 октябрь шанба куни кечқурун "ҳокимиятдаги йиғилишга кетдим", деб кетганича қайтмади. 28 октябрь куни келиним айтди: "Ўғлингиз ҳокимиятдаги йиғилишга кетганича қайтмади", деб. Мен якшанба куни ёмғирда ўғлимни излаб бордим ва билсам, туман ИИБга қамаб қўйишган экан. Менга кўрсатишмади. Кейин эса Зангиотадаги янги Тоштурмага қамаб қўйишди".

Оиласининг айтишича, 32 гектар майдоннинг бир қисмида буғдой, катта қисмида пахта эккан Шерали Тошибоев "Агробанк"дан олган 32 миллион сўмлик қарзини тўламагани учун ҳибсга олинган.

"Менга вилоят прокуратурасидан келганлар: "Шу 32 миллион сўмни тўлаганингиздан кейин, ўғлингизни чиқарамиз", деб айтишди. Лекин, менда унча пул йўқ. Бор пулимизни шу пахтага сарфлаганмиз ўзи. Мен ёлғиз онаман. Ўғлим уй қуриш учун олган ер участкаси бор эди - фақат шуни сотишга умид қилиб турибман", деди Бибиҳадича Мантиева.

Фермер "давлат мулкини талон-тарож" қилишда айбланмоқда

Озодлик сўрови билан қамоққа ташланган Тошибоевнинг аҳволини ўрганган мобил мухбирнинг билдиришича, фермерга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-моддаси билан давлат мулкини "ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш" айби қўйилган:

"Ҳозирда фермерга нисбатан жиноят иши очилган ва Тоштурма ҳибсхонасида сақлашяпти. Уни бир неча бор адвокати билан кўриштиришган, аҳволи яхши, қийноқлар қўлланмаган, дейишяпти. Лекин онасига кўрсатишмаяпти".​

Эркин Марипов 50 миллионлик қарзни тўламаган

Оққўрғондаги вазиятни ўрганган мобил мухбирнинг аниқлашича, шу кунда Тоштурмада сақланаётган яна бир фермер - қарийб 54 миллион сўм пулни ўзлаштиришда айбланаётган Эркин Мариповдир.

Озодлик Мариповнинг оиласи билан боғланди, аммо улар ҳозирча саволларга жавоб бермаслигини, вилоят судига қилган мурожаатига жавоб кутаётганини билдирди.

Аммо, мобил мухбир қўлга киритган суд ажримидан нусхада Эркин Мариповнинг "АБС Оққўрғон агро кластер" масъулияти чекланган жамиятидан пахтани етиштиришда кетадиган ҳаражатлар учун олинган 53 миллион 948 минг сўмни ўзлаштириб юборгани даъво қилинган.

Оққўрғонда яна бир неча фермер ҳибсга олинган

Тошкент вилоят ҳокимиятининг исмини ошкор қилмаган мулозимига кўра, октябрь ойи охиридан шу кунга қадар Оққўрғон туманида "яна бир неча фермер" пахта режасини бажармагани ва катта миқдордаги қарзини ёполмагани учун ҳибсга олинган.

Мухбир билан микрофонсиз суҳбатлашган мулозимга кўра, ҳозирда ҳибсга олинганлардан икки нафари "Тоштурма"да сақланмоқда, қолганлари эса қарзини тўлагани учун қўйиб юборилган.

"Иккаласи қарзини тўлолмаган. Тошибоевнинг қарзи 30 миллиондан ортиқ, яна бири Эркин ака Мариповнинг қарзи 53 миллион сўм. Бу фермерларга қарзини қоплаш учун вақт берилган, лекин тўламаган. Ҳозир 167-модданинг 2-қисми "г" банди қўлланган буларга. Агар, давлатга етказган моддий зарарни қопласа, қамоқ жазоси қўлланилмайди", деди вилоят ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими.

Ҳокимият вакилининг айтишича, Оққўрғон тумани бу йилги мавсумда тажриба тариқасида шахсан президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган агрокластер тизимига ўтказилган.

"Кластер шунақа нарсаки - фермерлар, агар ўша пайтда пули бўлмаса, пахтасига кетадиган барча ишловларга шу ташкилотдан қарз олади, техника олади. Кейин пахта ҳосили даромадидан қарзини узади. Лекин, пулни мақсадли сарфламаса, кейин режани бажаролмаса жавоб беради".

Айни пайтда, бу мулозим бу йилги пахта терими пайтида ҳибсга олинган бошқа фермерларнинг шахсига оид маълумотларни тақдим этмади.

Товуқхонада яшаётган фермер

“Ўзбекистон” жамоа хўжалигида яшовчи 58 яшар Мантиева Бибиҳадича фермер ўғлини Зангиота туманига кўчирилган "Тоштурма" қамоқхонасидан чиқариш учун қўлидаги ягона мулки - бўш етган ер участкасини сотишга уринаётганини айтди:

"Ўғлимнинг уйи йўқ ўзи - колхознинг ("Ўзбекистон" жамоа хўжалиги - таҳр) эски товуқхонасининг қоровулхонасида яшаётган эди. Икки йил олдин ўзи юрагидан чиқариб, фермер бўламан, деди. Мен қайтардим, аммо қайтмадида. Ҳали фойда кўрмасак ҳам, лекин қарз бўлиб қолмадик ўтган йили. Лекин, бу йил пахта оғир бўлди, кўсак қурти еди, мол еб қўйди. Агар президентимиз билса, тушуниб, ёрдам беради, деб биламан мен. Илтимос, мен ёлғиз онаман, ўғлимни чиқариб беринглар, ишлаб қарзимизни узамиз лекин".

Мирзиёев: бу йил ҳашарот 1,5 баробар кўп бўлди

Бу йил мамлакатда сув танқислиги кучли бўлгани ва ҳашаротларнинг фавқулодда кўпайгани боис, қишлоқ хўжалиги оғир аҳволда қолгани кузатилмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 31 июлида ўтказилган видеоселектор йиғилишида: "Ҳашаротларнинг қишдан чиқиш даражаси 50 фоиз бўлганда фавқулодда ҳолат, деб баҳоланади. Бу йил эса ҳашарот 1,5 баробар кўп. Бундан барча раҳбарлар тегишли хулоса чиқариши, айниқса, фермерлар ўз ҳосили учун масъулиятни кучайтириши шарт”, деб таъкидлаган эди.

Бундан ташқари, қатор вилоятларда сув танқислиги ҳам кузатилди ва оқибатда, пахта йиғим-терими кеч қолгани ва ҳосилнинг оз бўлгани кузатилди.

Бу эса, ўз навбатида, буғдой экилиши ва суғорилишининг ортга сурилишига сабаб бўлди ва натижада, Озодлик биринчи бўлиб ёритган, "Оққўрғон иши"га сабаб бўлди.

Шу йилнинг 25 октябрида Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида буғдойни вақтида суғормагани учун 6 киши ариқдаги сувга туширилиб, таҳқирланди. Ўша куни вилоятнинг Бекобод туманида яна 6 киши далада кесак кўтартириб таҳқирланди.

Бу воқеалар ортидан Ўзбекистон Бош вазирининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари бўйича ўринбосари Зойир Мирзаев лавозимидан олинди, аммо Жиззахнинг Шароф Рашидов туманига ҳоким қилиб қўйилди.

Ўзбекистондаги ғаллакор фермерларнинг аксарияти, айни пайтнинг ўзида пахта ҳам етиштиради. Шу боис, қишлоқ хўжалигининг асосий йўналиши бўлган ҳар икки соҳадаги муаммолар натижасига, одатда, фақат фермерлар жавобгар қилиниши кузатилмоқда.

Озодликка мурожаат қилаётган фермерлар, президент Мирзиёев фермерларга ёрдам бериш ҳақида гапириб турган бир пайтда, бундан ташқари, пахтачилик ва ғаллачилик жуда оғир келган йилда фақат улар жавобгар қилинаётганидан шикоят қилмоқдалар.

XS
SM
MD
LG