Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:46

Президент Мирзиёев Каримовнинг бош учувчисини нега пенсияга чиқарди?


23 август куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси бош директори Валерий Тян ўз лавозимидан озод этилди. 17 йилдан бери Тян бошқарган миллий авиакомпания раҳбарлигига “Ўзавтосаноат” раиси Улуғбек Рўзиқулов тайинланди.

“Яхши учувчи¸ ëмон бошқарувчи эди”

Озодлик манбаларининг айтишича¸ 71 яшар Тян Ислом Каримов вафотидан кўп ўтмай¸ пенсияга кетиш истагини билдирган¸ аммо президент Мирзиëев унга ҳали ишлаб туришни айтганидан сўнг¸ лавозимида қолган.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари”га яқин мулозимга кўра¸ Тян ўзи ташкил қилган ëш пилотлар ўқув-машқ марказига раҳбарликка қўйилиши мумкин.

Приморьелик этник корейс Николай Тян ва ленинградлик немис Тереза Икертнинг Қозоғистон чўлида туғилиб¸ Сирдарëда катта бўлган ўғли Валерий Тян¸ ўз учувчилик фаолиятини Ан-2 (“кукурузник”) самолëтидан бошлаган ва Ўзбекистон мустақиллигидан сўнг 1992 йилда Тошкентдан Ню-Йоркка борган биринчи Ил-62 учқичи командири бўлган.

Россия нашрларида авиация мутахассислари билдирган фикрларга кўра¸ Тян постсовет ҳудудида яхши танилган учувчи-командирлардан бири бўлган.

Валерий Николаевич¸ чиндан ҳам яхши учувчи¸ содда қилиб айтганда¸ яхши шофëр эди. Лекин “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ни яратган Арслон Рўзметов каби ташкилотчи ëки авиабизнесдаги яхши бошқарувчи эмас эди. Бу одам ижрочи¸ исполнитель эди¸ бўлганда ҳам¸ яхши бўлмаган ижрочи эди. Биргина мисол. Унга Самарқанд аэропортини бутун Евроосиë учун ҳам йўловчи¸ ҳам транспорт қатнови ҳабига айлантириш таклифини беришди. У буни ўзгартириб¸ Навоийда транспорт ҳаби яратмоқчи бўлди¸ ўхшамади. Корейс ширкатларини олиб келди¸ барибир ëрдам бермади. Чунки Навоий ғоясининг ўзи ўлик туғилган бола эди. Инфраструктура йўқ¸ сайëҳ учун нотаниш бу чўлнинг ўртасини қандай ҳаб қилиш мумкин¸ ким бу ерга қўниб-учишни хоҳлайди? Самарқанд бутунлай бошқа идея эди¸ шуни Тян йўққа чиқарди”¸ дейди миллий авиакомпания эволюциясидан яхши хабардор мулозим.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари"даги хизмат кўрсатиш сифатининг ниҳоятда пастлиги¸ ширкат ходимларининг мижоз билан муомала қилиш маданиятини ҳанузгача ўргана олмагани¸ Ўзбекистон¸ хусусан¸ Тошкент халқаро аэропортидаги хизмат кўрсатиш тизимининг дунëдаги энг ëмон даражада экани ҳам¸ кузатувчилар фикрича¸ Валерий Тяннинг¸ яхши менежер бўлмаганига яна бир мисолдир.

Қарзга ботган миллий “йўллар”

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” расмий сайтида келтирилган маълумотга кўра¸ компания авиапаркида Boeing-757/767, Boeing-787-8 Dreamliner¸ A-320, IL-114-100 йўловчи¸ ҳамда Boeing-767-300BCF юк ташувчи учқичлари бор¸ ширкат мунтазам суръатда дунëнинг 40 дан ортиқ шаҳрига парвозларни амалга оширади.

Бироқ, компания вазиятидан яхши хабардор Озодлик манбаси¸ аслида миллий авиакомпаниянинг молиявий-иқтисодий аҳволи жуда оғирлигини иддао қилди.

Ҳозир бутун бошли миллий авиакомпанияда икки дона Ил-76 (юк ташувчи учқич -таҳр.) қолган¸ қолгани тамом бўлган – мотори йўқ¸ двигатели йўқ¸ корпус қолган¸ холос. Олинган Boeing ва A-320 ларнинг ҳаммаси кредит ва лизингда¸ авиакомпаниянинг миллиард доллардан кўпроқ қарзи бор. Давлатдан аэропорт реконструкцияси¸ авиапаркни янгилаш учун олинган маблағлар еб битирилган. Президент Мирзиëев буни яхши биларди¸ фақат авиаширкатни ислоҳ қилишга навбат энди етиб келди”¸ дейди миллий авиакомпаниядаги аҳволдан яхши хабардор суҳбатдош.

2013 йилда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси учта Airbus A-310 ва учта RJ-85 русумидаги учқични ким ошди савдосига қўйганини эълон қилган эди. Ўшанда ихтиëрида жами 31 та учқич борлиги айтилган авиаширкат бундай чорага¸ мутахассислар таъкидича¸ зарарга ишлаб келаëтгани¸ ўз авиапаркига техник хизмат кўрсата олмай қолгани¸ лизингга олинган Ғарб самолëтлари учун олган улкан қарзларини вақтида қайтара олмай қолгани боис¸ қўл урган эди.

Аммо миллий авиаширкат ўз молиявий-иқтисодий авҳолининг абгорлигини бирор марта жамоатчилик олдида эътироф этган эмас.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» сотувга қўйилади»

Озодлик суҳбатлашган мулозимлардан бирининг айтишича¸ "Ўзбекистон ҳаво йўллари" раҳбарлигига Улуғбек Рўзиқулов миллий авиакомпанияда жиддий структуравий ислоҳот қилиш топшириғи билан қўйилган.

«Ҳукумат дастури ишлаб чиқилаяпти. Унга кўра¸ «Ўзбекистон ҳаво йўллари» компанияси приватизация қилинади¸ аэропортлар¸ учқичлар¸ хизматларнинг ҳаммаси хусусий ширкатларга сотилади. Тошкент аэропорти дунëдаги энг ëмон аэропортлардан бири¸ уни тузатишга пул йўқ. Аҳволни тузатишнинг приватизациядан бошқа йўли йўқлиги кўриниб турипти.

«Госавианадзор» ҳаво йўлларига берилган¸ булар хоҳласа самолëт беради¸ хоҳламаса бермайди¸ хоҳласа коридор беради¸ хоҳласа бермайди. Буни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» назоратидан чиқариш таклифи бор. Ширкат авиаперевозканиям¸ аэропортларниям¸ авиахавфсизликниям ўз монополиясига айлантирди ва бошқаларнинг на йўловчи ташишига ¸ на юк ташишига рухсат берди. "Абу Сахий" бундан истисно. Агар ана шу монополияга йўл берилмаганда эди¸ бу пайтгача¸ Ўзбекистонда 10-15 та кичик-кичик хусусий авиаширкатлар ишлаб турган бўларди¸ аэропортларимиз дунëдаги энг ëмон аэропортлар рўйхатига тушмас¸ йўловчилар бунча қийналмас эди¸ авиаперевозкалар бунча қиммат бўлмас эди.

Халқаро майдондаги аҳвол ҳам абгор. Хориж авиакомпанияларининг Ўзбекистонга учишини атайлаб невигодний қилиб қўйишди. Билетларни сўмга сотасан дейишди¸ лекин уларнинг сўмини конвертация қилиб беришмади. Аэропортни қиммат¸ қўниш-кўтарилишни қиммат¸ парковка нархларини қиммат қилиб қўйишди. Lufthansa, Czech Airlines кабилар Ўзбекистонга учмай қўйди¸ Россия ширкатлари талашиб-тортишиб¸ билетларни долларга сотиладиган қилишга эришди¸ арзон авиаширкатлар Ўзбекистонга умуман яқинлашмади. Ана шуларнинг ҳаммаси энди босқичма-босқич ислоҳ қилинади. Ҳар қалай¸ берилган таклиф¸ муҳокамадаги тавсиялар¸ стратегиядаги гаплар шу мазмунда. Ижроси қандай бўлади¸ бу бошқа масала»¸ деди 23 август куни раиси ўзгарган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ширкати яқин келажагига тўхталган Озодлик суҳбатдоши.

XS
SM
MD
LG