Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:00

ЎзЛиДеп аъзоси: Туман ҳокими мени калтаклаб, кўйлагимни йиртиб ташлади


Каримов даврида Ўзбекистонда ҳокимларнинг давлат идоралари ходимларини калтаклаши кенг тарқалган эди
Каримов даврида Ўзбекистонда ҳокимларнинг давлат идоралари ходимларини калтаклаши кенг тарқалган эди

“Ҳоким мени бир уриб йиқитди ва сўнгра ўн мартача тепди. Йиртилиб кетган кўйлагим ўрнига бошқа кўйлак берди”, деб шикоят қилди Озодликка Қашқадарё вилоят Косон туманида яшовчи 27 яшар йигит.

“Ўзи зўрға турибдию унинг нимасини ураман?!” деди Озодликка туман ҳокими. Лекин йигитга янги кўйлак берганидан тонмади.

Косон туман прокуратураси йигитга ҳоким тан жароҳати етказганми-йўқлигини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинлади.

Косон туман, Косон қишлоқ фуқаролар йиғини, Халқобод қишлоғида яшовчи 27 яшар Бекзод Хусенов Озодликка бундан 3 кун муқаддам – 14 майда ўзини Косон туман ҳокими Бахтиёр Ражабов ҳокимлик биносида, ўзининг хизмат хонасида калтаклаганидан шикоят қилди.

ЎзЛиДеп аъзоси: Туман ҳокими мени калтаклаб, кўйлагимни йиртиб ташлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:31 0:00

Жанжалнинг бош сабаби

Бекзоднинг айтишича, у маҳаллий коллежда ҳуқуқшуносликка ўқиган, бир йилдан буён Ўзбекистон Либерал демократик партияси аъзоси.

У туманда ерлар талон-тарож бўлаётгани тўғрисида Президент виртуал қабулхонасига бир неча марта шикоят ёзган ва шунинг учун туман ҳокими ундан калтаклаш билан ўч олди.

Бекзоднинг шикоятини эшитгач, Озодлик мухбири туман ҳокими билан ҳам боғланди ва битта воқеанинг икки версиядаги тўлиқ манзараси ҳосил бўлди.

Шунинг учун воқеани “калтакланган” ва “калтакловчи”ининг айтганларини навбатма-навбат бериш билан ёритамиз.

Бекзод нега борди ҳокимликка?

Бекзоднинг версияси

Калтакланганини иддао қилаётган Бекзоднинг айтишича, 14 май куни унинг уйига маҳаллий МТП бошлиғи келиб, ҳоким чақираётганини айтган.

“Маҳалла раисини олиб, бирга ҳокимнинг қабулига кирдик”, деди Бекзод.

Ҳокимнинг версияси

Бахтиёр Ражабов Озодликнинг "Бекзодни чақиртирганмисиз", деган саволига жавобан “Кўп келади-да, ўзи. Ҳар куни ҳокимиятда у”, деди.

Бекзод қандай калтакланди?

Бекзоднинг версияси

Туман ҳокимининг хонасига кирганидан кейин юз берган воқеаларни айтаркан, Бекзод бундай деди:

“Туман ҳокими менга “Сен нима учун устимдан Президент қабулхонасига шикоят қилаяпсан”, деди. Мен ноқонуний ишлар бўлаётганини айтдим. Ишонмасангиз, бирга юринг, кўрсатаман, дедим. Шундан кейин ҳоким олдимга келиб, чап биқинимга бир туширди. Йиқилиб тушдим. Шундан кейин тепа бошлади. Тахминан 10 мартача тепди”

Ҳокимнинг версияси

Озодликнинг “Сен нима учун Президент порталига шикоят қиласан, деб Бекзодни урибсизмиш. Шу ростми?” деган саволига жавобан Бахтиёр Ражабов бундай деди:

“Ҳа, ўлганакан! Унинг нимасини ураман?! Ўзи кичкинагина бача бўлса. Бундай бўлиши мумкин эмас. Бошқа одам йўқми уришга?! Келиб-келиб шуни, ожиз одамни ураманми мен? Ўзи бир касалванд бола бўлса!”

Мелиса Бекзоднинг қўлидан ушлаб тилхат ёздирдими?

Бекзоднинг версияси

Ўзининг айтишича, Бекзоднинг кўзи яхши кўрмайди. 14 май куни ҳоким калтаклаганидан сўнг, Бекзоднинг иддао қилишича, ҳоким уни “Ҳокимга ҳеч қандай даъвоим йўқ”, деган мазмунда тилхат ёзишга мажбур қилишни бошлаган.

Кўзи ожиз сифатида Брайль ёзувидан фойдаланадиган Бекзод ёзолмаслигини айтган. Шундан сўнг ҳоким томонидан “Бекзодни қамаш учун" олдинроқ чақиртирилган милиция ходими уни қўлидан ушлаб тилхат ёздиртирган.

“Мен кўзи ожизлар мактабида ўқиганман. Шунинг учун Брайль ёзувида ёзаман. Ёзолмайман, десам мелиса қўлимдан ушлаб ёздиртирди. Кейин 10 оқ қоғозга муҳримни қўйдиртириб олишди. Имзо қўёлмаслиги сабабли кўзи ожизларнинг муҳри бўлади. Менда ҳам бор”, деди Бекзод.

Ҳокимнинг версияси

Бахтиёр Ражабов милиция ходими билан биргаликда Бекзодга мажбурлаб тилхат ёздирганини инкор қилди.

“Ўзининг ёзуви. Ўзининг почерки. Ўзи ёзган. Ҳоким бува, мен тушунмаган эканман, деди. Менга бир-иккитаси шундай деб ўргатгандан кейин ёзувдим, деди. Шундай қилсанг, ер беради дейишганди. Мана, сиз ер бераман деяпсиз. Бўлди, энди устингиздан ёзмайман, деди”, деди ҳоким.

Йиртилган кўйлак ўрнига ҳокимдан янги кўйлак

Бекзоднинг версияси

Бекзоднинг айтишича, ҳоким уни калтаклаётганда унинг кўйлаги йиртилиб кетган. Ҳар иккала томон бироз ўзига келгач, ҳоким Бекзодга бир янги кўйлак берган. Бекзод устидаги йиртиқ кўйлакни ечиб, ҳоким берган кўйлакни кийган.

Суратда: Бекзод Хусенов. Айтишича, калтакланаётганда йиртилган кўйлаги ўрнига эгнидаги кўйлакни унга ҳоким берган.
Суратда: Бекзод Хусенов. Айтишича, калтакланаётганда йиртилган кўйлаги ўрнига эгнидаги кўйлакни унга ҳоким берган.

Ҳокимнинг версияси

Бахтиёр Ражабов кўйлакнинг йиртилганига оид саволни жавобсиз қолдирди, лекин Бекзодга янги кўйлак берганини яширмади. Ҳатто, кулиб, унинг ўзи “битта кўйлак совға қилинг, сизнинг хонангиздан битта кўйлак кийиб кетай”, деди. Ҳа майли, деб битта кўйлак совға қилдим", деди.

Косонлик Бекзод: Ҳоким мени калтаклади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:17 0:00
Бевосита линк
Косон ҳокими Бахтиёр Ражабов: Бекзодни урганим йўқ!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:21 0:00
Бевосита линк

Воқеа гувоҳи нима деди?

Озодлик Бекзод билан ҳокимнинг қабулида бўлган маҳалла раиси билан ҳам гаплашди. У Бекзод билан ҳоким қабулига бирга кирганини, у хонада бўлган пайтда ҳеч қандай жанжал бўлмаганини, бироз ўтириб, Бекзодни ҳокимнинг олдида қолдириб чиқиб кетганини айтиш билан чекланди.

Ишга прокуратура аралашди

17 май куни Бекзод аввал вилоят прокуратурасига ҳокимнинг устидан арз қилиб борди. У ердан аризачини туман прокуратурасига жўнатишди. Туман прокуратураси терговчиси шу куни Бекзодга Косон туман ҳокими тан жароҳати етказганми-йўқлигини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинлади.

Ражабов Косонга қачон келган?

Бахтиёр Ражабов Косон туман ҳокими лавозимига 2015 йилнинг 21 ноябрида тайинланган. Косонга келгунича Ражабов Қашқадарё вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган.

Уронғичлар унутилаётган эди

Каримов даврида вилоят ва туман ҳокимларининг қўл остидагиларни, фермерларни, ҳатто ўқитувчиларни уриши деярли одатий ҳол бўлиб қолган, бундай фактлар акс этган ўнлаб хабарларни Озодлик архивидан топиш мумкин.

Давлат тепасига Мирзиёев келганидан буён уронғич ҳокимлар мавзуи, агар, Бўз туманида бўлган инцидентни демаса, унутилаёзган эди. Бекзоднинг иддаолари рост бўлса, Косонда бўлган воқеа ҳокимларнинг уронғичлигига доир Мирзиёев давридаги Озодликка маълум бўлган иккинчи воқеадир.

2017 йил Ўзбекистонда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили", деб эълон қилинган.

XS
SM
MD
LG