Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:16

Ўқувчисини калтаклаган ўқитувчи судга тортилди


Абдувакил Турдимуродов калтакланган куни олинган сурат.
Абдувакил Турдимуродов калтакланган куни олинган сурат.

Жиззах вилоят, Ғаллаорол тумани Лалмикор саноат коллежи ўқувчиси Абдувакил Турдимуродовни калтаклаганликда айбланган ўқитувчи Беҳзод Убайдуллаевнинг иши маҳкамага оширилди. Абдувакилнинг Озодликка айтишича, ўқитувчиси уни аёвсиз калтаклагани оқибатида 9 кун касалхонада даволаниб чиққан.

Калтак йўли билан "тарбия"

Воқеа 21 сентябрь куни Лалмикор саноат коллежи ҳудудида содир бўлган. Ушбу коллежнинг 2- курсида ўқийдиган Абдувакил Турдимуродовнинг айтишича, у курсдошлари билан ҳазиллашиб, туртишиб тургани устига келган ўқитувчилар уни калтаклаш йўли билан “тарбиялашган”:

- Ибодуллаев Беҳзод домла келиб қолди. Кейин "Нима бўлди деди?". "Ҳазиллашиб тургандик" дедим. "Сизлар ўзларингча катта бўлиб қолгансизлар. Бир-бирингдан кечирим сўра" деди. "Урушганимиз йўқ. Келишиб олдик" десам, чап томонимга бир урди, юзимга. "Ҳали сен менинг гапимни иккита қиладиган бўлдингми?", деди ва учинчи этаждаги ўқитувчилар хонасига олиб кириб кетди. Хонага олиб киргандан кейин кўйлагимнинг ёқаларини йиртиб ташлади. Яна бир-икки урди юзимга муштлаб. Энкайиб қолувдим, тиззаси билан 4-5 марта бошимга тепди. Кейин Ҳайитбоев Ойбек домла келди, "Нимага сен, муаллим билан ўчакишаяпсан", деб, у ҳам икки марта орқа томонимга тепди. Бетларимга ҳам шапатилаб, уриб ташлади,- дейди Абдувакил.

Абдувакил Турдимуродов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:29 0:00
Бевосита линк

Тарбиянинг иккинчи қисми: Яна куч ишлатиш

Абдувакил шу ерда ўқитувчилари уни ҳақорат ҳам қилишганини айтади. Унинг сўзларига кўра, ўқитувчилар хонасида бўлган домлалари бошида воқеага аралашмаган, кейинчалик Беҳзод Убайдуллаевдан калтаклашни тўхтатишни сўрашган. Шундан сўнг Абдувакил ўқитувчилар хонасидан чиқиб кетганини, бироқ Убайдуллаев унинг орқасидан келиб, яна уни калтаклаганини айтади:

- Ичкарига олиб кетди ёқамдан ушлаб. Биринчи этаждаги ўқитувчилар хонасига олиб кирди. Устимдан қулфлаб, яна урди. Тўғри келган жойимга урди. 10 минутлар урди. Кейин овозимни чиқариб, қичқирдим, домла бўлди қилармикин деб. Бир-икки бақиргандим, Абдушукуров Ҳамза домла келди ва ташқаридан ойнани ёпиб қўйди. Овоз чиқмасин, деди шекилли, мен шундай тушундим. Ундан кейин ҳам тўғри келган жойимга урди. Ичимга 1-2 марта тепди, қорнимга. Тепганидан кейин ётиб қолдим. Ётган жойимда ҳам 4-5 марта тепди. Домла узр деб, узр сўрасам ҳам яна урди. Кейин Ойбек домла ойна томондан келиб, "тез-тез бўл, эшикни оч" деди. Кейин эшикни очди, мен чиқиб кетдим - дейди Абдувакил.

Лалмикор саноат коллежи
Лалмикор саноат коллежи

Шифохонадан ҳайдалиш

Абдувакилнинг айтишича, шу куни кечқурин унинг мазаси қочгани боис шифохонага олиб боришган:

- Кечқурин овқат ҳам ея олмай қолдим. Ички жағим шишиб кетди. 4-5 марта қайт қилдим. Кейин дадам больницага ётқизди. 29 сентябрь куни чиқдим,- дейди Абдувакил.

Абдувакилнинг отаси Сайдулла Ҳайдаровнинг айтишича, ўғлига “бош мия чайқалиши”, "бош мия жароҳати”, “юз тўқималарининг кўкариш шиши” ташҳиси қўйилган.

Ҳайдаровга кўра, ўғлини тўла соғаймасдан шифохонадан чиқариб юборишган:

- Ҳали аҳволи тўла яхшиланмаган эди. Докторлар уйингда даволанасан, деб чиқариб юборишди. Ҳайдашганидан кейин мажбур бўлдик, чиқиб кетишга. Калтаклаган домлаларидан бири Беҳзоднинг яқин қариндоши туман ҳокимлигида ишлайди. Шунинг учун булар ишни бости-бости қилиш йўлларини излаяпти,- дейди Сайдулла Ҳайдаров.

Муштумзўр домлага иш очилди

Абдувакилнинг отаси Сайдулла Ҳайдаров ўғлининг калтакланишида коллежнинг уч ўқитувчиси- Беҳзод Убайдуллаев, Ойбек Ҳайитбоев ва Ҳамза Абдушукуровларга нисбатан жазо кўрилишини талаб қилиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига шикоят қилган.

Ғаллаорол туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, милиция фақат Беҳзод Убайдуллаевга нисбатан Маъмурий -жавобгарлик кодекси бўйича иш очган.

“Ўтказилган тергов-суриштирув ишлари давомида Ойбек Ҳайитбоев ва Ҳамза Абдушукуровларга нисбатан илгари сурилган айблов ўз тасдиғини топмагани боис, уларга нисбатан иш очилмади. Лекин тергов Беҳзод Убайдуллаевга нисбатан Маъмурий-жавобгарлик кодексининг 52-моддаси, 2-қисмига кўра яъни енгил тан жароҳати етказиш ва 41-модда, ҳақорат қилиш бўйича иш очиб, Ғаллаорол туман судига иш топширди”, деди Ғаллаорол туман ИИБ ходими.

Маъмурий-жавобгарлик кодексидаги ушбу икки модда бўйича айбдор деб топилган шахсга энг кам иш ҳақининг қирқ баробаригача миқдорда жарима солиниши мумкин.

Ўқувчини калтаклаган ўқитувчи устидан суд жараёни қачон бошланиши ҳозирча маълум эмас.

XS
SM
MD
LG