Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:36

Андижонда аксар мактаблар ўқувчилар ҳисобидан иситилмоқда


Синф хоналари совуқлигидан ўқувчилар пальтода ўтиришади
Синф хоналари совуқлигидан ўқувчилар пальтода ўтиришади

Андижон вилоятининг табиий газдан узиб ташланган мактабларида ўқувчилар синфхоналарни иситиш учун мактабга кўмир ва ўтин олиб келишга мажбурланмоқда. Ота-оналарга кўра, агар ўқувчи кўмир ёки ўтин олиб боролмаса, ўрнига 20 минг сўм пул бериши талаб қилинаяпти. Талабни бажармаган ўқувчиларнинг ота-оналарига директорлар босим ўтказмоқда. ​

Ўтин солиғи

Уч фарзанди мактабда ўқийдиган андижонлик Зоҳидхон аканинг Озодликка айтишича, мактаб раҳбарияти синфхоналарни иситиш учун ҳар бир ўқувчига бир қоп ўтин ёки кўмир ё бўлмаса 20 минг сўм пул олиб келишни тайинлаган. Ўтин олиб келмаган ўқувчилар эса синфдошлари олдида уялтирилмоқда:

"Ҳар ой ҳар бир ўқувчи шунча миқдорда ўтин олиб бориши керак экан. Ўтин бўлмаса пулини берасизлар, деяпти. Менинг уч фарзандим ўқийди, ойига уч қоп ўтин ёки 60 минг сўм беришим керак. Бермасам болаларни синфдошларини олдида уялтиряпти экан “отанг мактабга бир боғ ўтин беришга қурби етмади", деб. Ҳокимият мактабларга қараса бўлмайдими, қачонгача мактабнинг юкини кўтариб юрамиз", дейди Зоҳиджон ака.

"Мактабни иситиш керакку"

Озодлик мухбири Андижон шаҳридаги бир қанча мактабга телефон орқали боғланганида, мактаб мулозимлари ўтин олиб келиш талаб қилинаётганини тасдиқлади.

Мактаб раҳбарларидан бири бу мажбурий эмаслиги, мактабни иситиш учун фақат қурби етган ота-оналардан ёрдам сўралганини айтди:

- Агар қурби етса, дейилди. Бу мажбурий эмас. Болалар совуқда ўтирмасин, деб қилиняпти-да бу. Ота-оналар беминнат ёрдам беряпти, ахир уларни фарзандлари ўқийдику, шулар учун қилиняпти бу, қишдан чиққунча бир амаллаймиз-да, - деди Андижондаги мактаблардан бирининг мулозими.

Расмий: Газ бор

Андижон вилоят ҳокимининг ёрдамчиси Озодлик билан суҳбатда мактабларга кўмир ва ўтин "солиғи" солинганини инкор қилди:

"Газ бор, берилаяпти", - деди ҳоким ёрдамчиси ва телефонни қўйиб қўйди.

Озодликнинг аниқлашича, Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидаги аксар мактабларда ҳам иситиш ўқувчилар зиммасига юклатилган.

Тошкентда ҳам мактабларни иситиш муаммо

Ҳатто пойтахт Тошкентдаги айрим мактабларда ҳам иситиш тизими учун ўқувчилардан пул йиғилмоқда.

- Синфхоналар совуқ, газ йўқ. Ҳар йили 50 минг сўмдан пул йиғишади, лекин болалар пальтоларда ўтиришади, - дейди мактаб ёшидаги икки фарзанднинг отаси Анвар ака.

"Совуқда ўқиймиз, келмасанг, ўқишдан ҳайдашади"

"Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги иқтисодиёт коллежининг хоналаридан бирида олинган сурат. Ҳаво ҳароратига қаранг. Бу ер умуман иситилмайди. Совуқда ўқиймиз. Кимга нима деса бу ҳолат ўзгаради?

Дарсга қатнашмаса, ўқувчилар қаторидан четлаштиришади. Дарсга қатнашса, ўкувчи касал бўлади. Нима қилиш керак?"

Озодлик Ўзбекистондаги мактабларни иситиш нега ўқувчилар зиммасига юкланаётгани юзасидан изоҳ олиш учун Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига боғланди.

Вазирлик матбуот хизмати мулозими бу ҳақда изоҳ беролмаслигини айтди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг четга сотиладиган газ ҳажмини ошириши аҳолига газ таъминотининг камайиб кетишига олиб келди.

Ўзбекистон йилига 65 миллиард куб метр газ қазиб олади. Газ қазиб олиш бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида учинчи ўринни эгаллайди.

Ўзбек газининг асосий харидори Россия ҳисобланади.

Ўзбекистонни ўзида эса аҳоли ҳар йили қиш мавсумида газ тақчиллигидан азият чекади.

XS
SM
MD
LG