Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:58

Самарқандда “Абдулла долларчи” пичоқланди, бир неча минг доллари ўғирланди


Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида халқ орасида “Абдулла долларчи” деб ном чиқарган 34 ёшли тадбиркор пичоқлаб кетилди. Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, 1 ноябрга ўтар кечаси номаълум шахслар тадбиркорни пичоқлаб, ёнидаги бир неча минг долларини ўғирлаб, ўзини олма боғига ташлаб кетишган. Пичоқланган тадбиркор Пастдарғом туман касалхонасига оғир аҳволда ётқизилди.

Пастдарғом туман ҳуқуқ-тартибот идораларида ишловчи мулозимнинг Озодликка айтишича, асли исми Абдулла Орифжонов бўлган тадбиркорни номаълум шахслар унинг пулини ўғирлаш мақсадида пичоқлаганини тасдиқлади.

- Пичоқлаб пулини олишган. Бир неча минг доллар пули йўқ. Ўзини олма боғга ташлаб кетишган. Ҳозир бу бўйича тергов бормоқда. Пичоқлаганлар қидирилмоқда, - деди Пастдарғом ҳуқуқ-тартибот идораларида ишловчи мулозим Озодликка.

Пастдарғом туманининг энг бой кишиларидан саналган Абдулла Орифжоновнинг бир неча дўкони бор, айни пайтда у долларфурушлик билан ҳам шуғулланган.

Ҳамқишлоқларининг айтишича, шунинг учун ҳам у туманда “Абдулла долларчи” деб ном чиқарган.

- Йирик миқдорда доллар алмаштирмоқчи бўлганлар Жума шаҳридаги унинг точкаларига боришарди. Майда-чуйда алмаштирмасди. Айтишларича, уни пулини олиш учун пичоқлашган. Сабаби, ёнида ҳамма вақт беш-ўн минг доллари бўларди уни, - дейди пичоқланган тадбиркорни яқиндан билган пастдарғомликлардан бири.

Ўзбекистонда маиший муаммолар негизида содир бўлган бошқа шу каби фожеалар тўғрисида Озодлик бир неча бор хабар қилган.

Ўтган ой Сурхондарёнинг Қизириқ туманида халқ орасида “Зулайҳо Тиллочи” деб ном чиқарган 36 ёшли тадбиркор Зулайҳо Худоймуродова чавақлаб, ўлдириб кетилгани ва қотилликда гумонланиб, тиллочи аёлнинг доимий мижози бўлган ҳомиладор аёл қўлга олингани ҳақда Озодлик хабар берганди.

Сентябр ойида Тошкент вилоятининг Келес шаҳрида ўсмир ўғирлик мақсадида хонадонлардан бирига кириб, шу хонадонда яшовчи аёлни сўйиб ташлаган, эрини пичоқлаб яралаганди.

Август ойида Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 38 ёшли М. М. исмли собиқ маҳкум Назарбек маҳалласининг Тарнов дахасида яшовчи 79 ёшли отахон Маъруф Комиловнинг уйига қамоқдаги ўғлидан хабар олиб келган бўлиб, меҳмон бўлиб қолган ва ярим тунда отахон, унинг 64 ёшли ногирон синглиси Шаходат ва 49 ёшли қизи Шарифани бўғизлаган эди.

XS
SM
MD
LG