Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:48

Фарғоналик фолбиннинг ўғли ва келини пичоқлаб кетилди


Фарғона вилояти Қўштепа туманининг Шомирза қишлоғида яшайдиган фолбин Ойшахон Шерматованинг 24 яшар ўғли ва 22 яшар келини ўтган жума куни ўз уйида пичоқлаб кетилди. Олинган жароҳатдан ўғил ўша заҳоти жон берган, келиннинг ҳаёти эса касалхонада сақлаб қолинган. Воқеани туман прокуратураси тергов қилмоқда.

Исми сир қолишини сўраган Шомирза қишлоғи маҳалла фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, воқеа 27 октябрга ўтар кечаси содир бўлган:

“Ойша холанинг Қиргули шаҳрида ҳам квартираси бор экан. Баъзан ўша ерда ҳам яшаб тураркан. 27 октябрь куни мижозларни қабул қилгани қишлоқдаги уйига келибди. Ўғли билан келинини ётган хонасидан чақирса жавоб бермабди, кейин ичкарига кирса, иккиси ҳам қонга беланиб ётган экан. Дод солиб қўшниларини чақирибди, қўшнилар тез ёрдамга телефон қилибди. Дўхтирлар келиб кўришса, ўғлининг жони узилиб бўлган экан, келинини дўхтирга олиб бориб, ҳаётини сақлаб қолишибди”, деди маҳалла фаоли.

Унинг айтишича, қотиллик ўғрилик мақсадида қилинмаган:

“Уйдан ҳеч нарса ўғирланмаган. Ойша хола ўғлини уйлантирганига энди икки ойча бўлган эди. Ким уларни пичоқлагани ҳозирча номаълум. Агар келин ҳушига келса бу ҳақда балки бирор нарса айтар”, деди маҳалла фаоли.

Фарғона вилояти прокуратурасининг исми сир қолишини сўраган ходимларидан бири, Озодликка шундай воқеа бўлганини тасдиқлар экан, қотиллик бўйича бир неча версия кўриб чиқилаётганини айтди:

“Касалхонада ётган келин ўзига келган, унинг жароҳати оғир эмас. Келиннинг айтишича, улар иккиси ўз жонига қасд қилган. Аввал эри ўзига пичоқ санчган, кейин бу ўзига. Сабаби эса, қайнона билан келишмовчилик деган. Лекин бу жуда заиф версия. Терговчилар қотиллик содир бўлишида келиннинг ўзи қотил бўлиш ёки бошқа шахслар иштироки эҳтимолини ҳам текширмоқдалар”, дейди мулозим.

Шомирза маҳалласида истиқомат қилувчи, исми сир қолишини сўраган ўқитувчилардан бирининг айтишича, 47 яшар Ойша Шерматова фолбинлиги билан танилган:

“Ойша холани, Ойша бахши ҳам деб айтишади. Уйининг олдида доим 5-10та қиммат машиналар турарди. Бу мижозлардан кўпини аёллар ташкил этарди. Йўлимни очиб қўйинг, эримни иситиб беринг, бозоримизнинг йўлини очиб беринг деб келгувчилар кўп бўларди”, дейди ўқитувчи.

Ўзбекистонда маиший муаммолар негизида содир бўлган бошқа шу каби фожеалар тўғрисида Озодлик бир неча бор хабар қилган.

Жорий йилнинг 31 августида Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида яшайдиган аёл ўғли билан бирга Қумқўрғон туманидаги кундошини ўлдириб, икки ёш боласи билан ёқиб юборган эди.

14 август куни Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида уч фарзанднинг онаси қайнонаси билан уй-жой устида талашиб, уйига ўт қўйиб юборган, оқибатда 72 ёшли қайнона ўтда ёниб ҳалок бўлган эди. Аёлнинг 9 яшар ўғил куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилган.

Жорий йилнинг 19 август куни Фарғонанинг Бағдод тумани, Олчин қишлоғида 51 ёшли ота 27 ёшли ўз ўғлини, устига бензин қўйиб, ёқиб юборган эди. Ота жиноят жойидан ғойиб бўлган ва кейинчалик ушланиб, ҳибсга олинган. Жабрланувчи ўғил танасининг 70 фоизи куйиб, оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.

Август ойи бошида Фарғонада 51 ёшли ота 27 ёшли ўз ўғлини, устига бензин қўйиб, ёқиб юборгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Ўтган йилнинг феврал ойида Бухорода 47 ёшли ўғил ўзаро жанжал пайти жаҳл устида ота-онаси устига бензин сепиб, ёқиб юборганди.

Хоразмнинг Урганч тумани Ғойбу қишлоғида эса 2016 йилнинг январида 30 ёшли аёл оилада етишмовчилик сабаб икки фарзандини пичоқлаган эди.

XS
SM
MD
LG