Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:42

Бир ойда 6 суицид. Андижонда коллеж ўқувчиси ўзини осди


Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида коллеж ўқувчиси бўлган 17 ёшли қиз ўз уйида осилган холда топилди. 22 январ куни рўй берган ушбу ҳодиса ҳақида Озодликка марҳумнинг курсдошларидан бири 31 январь куни хабар қилди. Коллеж ўқувчиси нега жонига қасд қилгани маълум эмас. Олтинкўл прокуратураси тергов олиб бормоқда.

Олтинкўл туманидаги Саноат коллежининг 3-босқич ўқувчиси бўлган О.Т. 22 январ куни соат 14.30ларда ўз уйида осилган холда топилди.

Ўз жонига қасд қилгани айтилаётган коллеж ўқувчисининг исми-шарифи Озодликка маълум.

Лекин тергов важидан ва аҳлоқий сабабларга кўра, унинг шахсини очиқламайди.

Исми очиқланмаслигини истаган курсдошининг Озодликка айтишича, коллеж ўқувчиси ўлимидан олдин бир ой давомида ўқишга келмаган.

Уйида анча осиғлик қолган, уйида ўша куни ҳеч ким бўлмаган. Декабрь ойидан буён ўқишга келмаётганди. Коллеж ҳам нега ўқишга келмаяпти, деб қизиқмаган”, - деди Озодликка марҳум коллеж ўқувчисининг курсдоши.

Олтинкўл тумани ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи Озодлик суҳбатлашган мулозим қиз нима учун ўз жонига қасд қилгани мавҳум бўлиб қолаётгани, айни масала юзасидан милиция тергов олиб боратганини айтди.

Қўшниларига кўра, қиз яккаланиб қолгани коллежда доимий камситилгани, изза қилингани сабаб ўзини осиб қўйган бўлиши мумкин.

Коллежнинг ўқув ишлари бўйича мудири қиз декабр ойидан ўқишга чиқмаганини тасдиқлади, лекин у камситилгани ҳақидаги иддаоларни рад этди.

Бу қизимиз яхши ўқир эди. Қишки каникулдан сўнг ўқишга чиқмади. Мен бундан хабарсиз қолибман, гуруҳ раҳбари эътибор бермаган. Бепарволик бўлган. Лекин, камситиш бўлмаган, қиз яхши ўқир эди. Отаси биология ўқитувчиси бўлган. Лекин ишини ташлаб бозорга чиқиб кетган эди”, - дейди коллежнинг ўқув ишлари бўйича мудираси.

Қўшниларидан бири Озодлик билан суҳбатда ўзини осган коллеж ўқувчисини бозор кунлари, айрим пайтларда ўқиш пайтлари ота-онаси билан бозорда савдо қилиб турганини кўрганини айтди.

Лекин, буни тасдиқлаш учун марҳум коллеж ўқувчисининг ота-онасига Озодлик мухбири боғлана олмади.

Бу озодликка маълум сўнгги бир ой ичидаги олтинчи суициддир.

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида 28 январь куни 21 ёшли О.Н ўз уйи молхонасида осилган ҳолда топилди.

Қашқадарёнинг Ғузор туманида эса 27-умумтаълим мактабининг 14 яшар ўқувчиси 17 январь куни уйининг молхонасида ўзини осгани ҳақида Озодлик хабар қилган.

Ундан олдин 9 январь куни Наманган вилоят, Косонсой туманидаги Қўқимбой қишлоғида яшаган 23 яшар йигит молхонасида осилган ҳолда топилган эди.

Жиззах вилоят, Фориш туманидаги Маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўғил бола ўқувчиси эса 6 январь куни осилган ҳолда топилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2017 йилнинг 22 декабрида ўтган ҳукумат йиғилишида, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаб, мутасадди идораларни ушбу муаммога эътибор қаратмаётганликда айблаган эди.

Ўтган йилнинг 16 март куни президент ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга қаратилган махсус қарор ҳам қабул қилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида дунё бўйича ҳар 40 секундда бир одамнинг ўзини ўлдириши¸ 20 одамнинг эса ўз жонига қасд қилишга уриниши айтилади.

XS
SM
MD
LG