Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:19

Фарғонада шифокорлар Президент кўрсатмасига зид равишда кўча тозалашга олиб чиқилди


Фарғона давлат университети талабалари "ҳашар"да.
Фарғона давлат университети талабалари "ҳашар"да.

Ўзбекистон президентининг соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ходимларини ободонлаштириш ишларига жалб этишни қатъий тақиқлаш ҳақидаги кўрсатмасига қарамай, Фарғонанинг Қувасой шаҳрида шифокорлар кўча тозалашга жалб этилгани маълум бўлди.

Қувасой шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг исми сир қолишини истаган ходими Озодликка врач ва хамширалар кўча тозалаш ишларига олиб чиқилгани сабаб, шифохона ва поликлиникада беморлар навбат кутиб қолишганини айтди.

Шунингдек, Озодлик Фарғона вилоятининг бошқа туман ва шаҳрларида ҳам шифкорлар ва таълим соҳаси ходимлари ҳамда талабалар “ҳашар” деб аталаётган кўча тозалаш ишига жалб этилганини аниқлади.

Қувасой шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг Озодлик суҳбатлашган бир неча ходими шаҳар ҳокимининг оғзаки буйруғи билан ҳар жума ободонлаштириш ишларига мажбурланаётганликларини тасдиқлади.

- Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўкитувчи ва тиббиёт ходимлари, талабаларни мажбурий мехнатга олиб чиқиш ҳакида танқидий сўзларини инобатга олмаган Қувасой шаҳар ҳокими Адҳам Зиёвутдинов тиббиёт бирлашмаси врач ва ҳамшираларини кўча тозалаш ишларига олиб чиқиб ишлатмоқда, - деди бирлашманинг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ходими.

Қувасой шаҳар Тиббиёт бирлашмасида врач ва ҳамширалар кўча тозалаш ишларига олиб чиқилгани сабаб, шифохона ва поликлиникада беморлар навбат кутиб қолишган.
Қувасой шаҳар Тиббиёт бирлашмасида врач ва ҳамширалар кўча тозалаш ишларига олиб чиқилгани сабаб, шифохона ва поликлиникада беморлар навбат кутиб қолишган.

Озодлик Қувасой Тиббиёт бирлашмаси ходимларининг ушбу шикояти юзасидан муносабат олиш учун Қувасой шаҳар ҳокимининг муовини Мирзаанвар Тўйчиевнинг телефонига қўнғироқ қилди.

Мулоқот бошида ўзининг ҳоким муовини Тўйчиев эканини тасдиқлаган мулозим Озодлик мухбири саволларини эшитгач, “бошқа жойга тушдингиз”, - деб телефонни қўйиб қўйди.

Қувасой шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг раҳбар ходимларидан бири эса, Озодлик билан суҳбатда бирлашма ходимлари ҳар жума ҳоким буйруғи билан касалхона атрофида улар учун ажратилган жойни тозалашга олиб чиқилаётганини тасдиқлади.

- Ҳар жума ўзимизни территорияга чиқилади. Кейин ҳокимият томонидан касалхона олдида территория бўлиб берилган, шу ерга чиқилади. Ҳокимнинг ободонлаштириш бўйича ёрдамчиси бор, шу одам курировать қилади. Асосан техник ходимлар ва санитар врачларни чиқаряпмиз, улар ҳам ўз хоҳиши билан чиқишяпти, - деди Тиббиёт бирлашманинг Озодлик суҳбатлашган мулозими.

Шунингдек, Озодлик Фарғона вилоятининг бошқа туман ва шаҳрларида ҳам шифкорлар ва таълим соҳаси ходимлари ҳамда талабалар “ҳашар” деб аталаётган кўча тозалаш ишига жалб этилганини аниқлади.

Жумладан, Фарғона давлат университетининг талабалари президент кўрсатмасига зид равишда кунлик ҳашар ишларига олиб чиқилган.

- Чиқмаган талаба ўқишдан ҳайдалади, деб огоҳлантиришди. Президент бир томондан гапираверади, ҳокимлар ўз билганини қилаверар экан-да, - дейди Фарғона давлат университетининг 3-курс талабаси.

Эслатамиз, 17 апрель куни Ўзбекистон президенти матбуот котиби Комил Алламжонов журналистлар учун брифинг ўтказиб, бюджет ходимлари ва талабаларни жамоат ишларига мажбурлаш тақиқланиши, бунга йўл қўйганларга нисбатан жиноий жавбогарликкача бўлган чоралар кўрилиши мумкинлигини айтганди.

Ўз чиқишида Алламжонов президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи олдидан ободонлаштиришга жалб қилинган ўқитувчининг ўлимига сабаб бўлган мансабдорлар ҳам жавобгарликка тортилишини маълум қилганди.

Президент матбуот котиби Мирзиёевнинг сафари билан боғлиқ кўзбўямачиликларга муносабат билдирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:42 0:00

Шу йилнинг 14 март куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 42-мактаб ўқитувчиси, 23 ёшли Диана Енекеева катта йўлдаги тўсиқларни оқлаш чоғида юк машинаси уриб кетиши оқибатида вафот этгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Озодликка маълум бўлишича, Самарқанд вилоят прокуратураси мажбурий меҳнатга жалб этилган ўқитувчи Диана Еникееванинг фожеали ўлими суриштируви натижасида Каттақўрғон тумани ҳокимлигининг 2 мулозими ишдан олинган.

Прокуратуранинг Facebook тармоғида эълон қилинган расмий хатида айтилишича, Каттақўрғон тумани Халқ таълими бўлими мудири ва Диана ишлаган 42-мактаб директори ишдан олинган.

XS
SM
MD
LG