Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:23

Жиззахлик шифокор: Ҳамширалар аввал ҳам пахтани терган, ҳозир ҳам теряпти


Ўзбекистон ҳукумати бу йил ўқитувчи ва шифокорларни пахта теримига чиқармасликни ваъда қилган эса-да айрим вилоятларда тиббиёт ходимлари пахта теришга мажбурланмоқда. Андижонда эса мактаб ва коллежларда мактаб ўқувчиларининг ота-оналаридан пахтага бир неча ўн минг сўм миқдорида пул бериш ёки кунлик пахтага чиқиб бериш талаб қилинмоқда.

Исми-шарифи ошкор этилишини истамаган Жиззах шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг ҳамшираси Озодлик билан суҳбатда шифокорлар аввал бирлашма номидан пахтага чиқарилган бўлса энди ўзлари яшайдиган маҳалла номидан пахта йиғим-теримига мажбурланаётганини айтди.

-Ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Медсестралар аввал ҳам пахтани терган, ҳозир ҳам теряпти. Биров сўраса "маҳалла номидан пахтага чиқдик", деб айтар эканмиз”, - дейди жиззахлик шифокор..

Айни бирлашманинг Озодлик боғланган ходими ҳамширалар ишдан ташқари вақтларда пахтага ўз ихтиёрлари билан чиқаётганликларини айтди.

- Иш вақтида ҳеч ким пахтага чиқаётгани йўқ. Агар қайсидир ишчимиз далада пахта тераётган экан, ўз ихтиёри билан буни қилаётган бўлиши мумкин. Балки қўшимча пул ишлаш учун чиққандир, - деди Жиззах Тиббиёт бирлашмаси ходими.

Айни пайтда мактабларда ўқувчиларнинг ота оналари пахтага пул беришга ёки пахтага чиқишга мажбурланмоқда.

Пул бермаган ёки пахтага чиқмаган ота-оналарнинг фарзандлари дарсдан четлатилиш билан қўрқитилмоқда, синифдошлари орасида изза қилинмоқда.

Андижондаги 20-сон мактабда фарзанди ўқийдиган ота-оналардан бири бу ҳақда гапириб берди.

- Кеча қизим йиғлаб келди ҳаммани олдида дарсдан чиқариб юборибди сўкиб. Ўқишга пахтани нима алоқаси бор. Кимдир пахтага чиқмаса ёки пул бермаса болаларда нима айб, - дейди андижонлик она. Мактаб раҳбариятидан бу ҳақда изоҳ олиб бўлмади.

Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётгани тўғрисида кўп йиллардан бери халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ фаоллари хабар бериб келади.

Бунинг ортидан дунёнинг 150 дан ортиқ йирик ширкати ўзбек пахтаси ва ундан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилган эди.

XS
SM
MD
LG