Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:53

Эксперт: Ўзбекистонликлар Қозоғистондан товар ташишининг тўрт сабаби бор


Кейинги ойларда Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарасидаги назорат-ўтказиш масканлари “товар ўтказиш масканлари”га айланиб қолди. Тошкент шаҳри ва вилояти аҳолиси ўсимлик ёғи, қандолат маҳсулотлари, санитария-гигиена товарлари ҳамда маиший техникани Қозоғистондан сотиб олиб келмоқда.

Озодлик Ташқи савдо вазирлиги мулозими, тошкентлик сотувчилар ҳамда иқтисодиёт масалалари бўйича экспертдан Ўзбекистондаги нархларнинг Қозоғистондагидан баландлиги сабабларини сўради.

Ўзбекистонликлар Қозоғистондан товар ташишининг тўрт сабаби бор
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Тошкентлик Тошбек 20 февраль куни Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасига бориб, вазият билан танишди ва ўзбекистонликлар олиб келаётган баъзи товарларнинг Қозоғистон ва Ўзбекистондаги нархларини қиёслади:​

Бугунги нархлар

Ўсимлик ёғи (“Золотая Семечка” ва “Олейна” - 5 литри) - Қозоғистонда 40-42 минг сўм, Ўзбекистонда 50 минг сўм;

Конфет (“Қорақум”, “Рошен” -1 кг) Қозоғистонда 30-40 минг сўм, Ўзбекистонда 60 минг сўмгача;

Телевизор Қозоғистонда Ўзбекистондагидан ўртача 50 долларга арзон.

Ой бошидаги нархлар

Февраль бошида Озодликнинг мобил мухбири ҳам Ўзбекистондан Қозоғистонга ўтиб, ўзбекистонликлар ташиётган товарлар нархини ўрганган ва уларни Тошкентдаги нархларга қиёслаган эди:

Кунгабоқар мойи (5 литри) - Ўзбекистонда 58 000 сўм, Қозоғистонда 41 000 сўм;

Конфет (“Сникерс”, “Марс” – 1 кг) - O’zb - 79 990 UZS, Qoz - 52 000 UZS

Колбаса ("Салями" нави 1 кг) - O’zb - 43 000 UZS, Qoz - 40 000 UZS

Кофе (Jakobs Monarch - 200 гр.) -- 38 690 UZS, Qoz - 25 000 UZS

Кир ювиш кукуни (Tide, Persil -3 кг) - O’zb - 62 990 UZS, Qoz - 45 000 UZS;

Шампунь (Head & Shoulders) - O’zb - 28 000 UZS, - 20 000 UZS.

Кўриниб турибдики, ўрганилган товарлар Ўзбекистонда Қозоғистондагидан 10 фоиздан 30-35 фоизгача қиммат.

Озодликнинг икки қўшни давлатдаги нархларни қиёслаган мобил мухбирига кўра, маиший техника Ўзбекистонда Қозоғистонга қараганда, ўртача 25 фоизга қиммат.

Масалан, Кореяда ишлаб чиқарилган 42 дюймли, Samsung телевизорини Қозоғистонда 2 миллион сўмга сотиб олиш мумкин. Худди шу телевизор Ўзбекистонда 2,5 млн. туради.

Вазирлик мулозими нархлардаги фарқни тан олгиси келмади

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг ўзини таништиришни истамаган мулозими Озодликнинг нархлар тафовутига оид саволига жавобан бундай деди:

- Сиз қиёслагандай қиёслаш нотўғрироқ бўлиб қолади. Чунки ҳар бир товарнинг тури бор, ишлаб чиқарувчиси, ҳажми бошқа бўлиши мумкин. Масалан, колбаса, деяпсиз. Ахир колбаса ҳам ҳар хил бўладику? Ахир, 10 минг сўмдан ҳам колбаса борку, тўғрими? – деди мулозим.

“Биз ишлаб чиқарувчиси ҳам, ҳажми ҳам бир хил товарларни қиёсладик”, деган писандамизга вазирлик мутахассиси жавоб беришни истамади.

Сотувчилар: Нархларнинг Ўзбекистонда баландлиги бож ставкалари баландлигидан

Маиший техника савдоси билан шуғулланувчи ширкат бошлиғи (исми айтилмаслигини сўради) бундай деди:

- Қозоғистон Россия билан битта божхона зонасида. Қозоғистонда растаможка арзонроқ. Бизда эса, қимматроқ. Ишлаб чиқарувчидан олинадиган товар бир хил нархда, лекин бож ставкасидаги фарқ охирги нархни ошириб юборади, - деди маиший техника сотувчиси.

Озодлик яна бир ширкат сотувчиси билан боғланди ва ундан ҳам шунга ўхшаш гапларни эшитди. Иккала сотувчи ҳам Қозоғистондан олиб кирилаётган маиший техниканинг Ўзбекистондаги эгалари кафолат муддатисиз ва сервис хизматисиз қолиб кетиши мумкинлигига потенциал харидорлар эътиборини қаратишимизни сўради.

Эксперт фикри

Останадаги Евроосиё иқтисодиëт университети доценти Сапарбой Жубаев 20 февраль куни Озодлик билан суҳбатда нархларнинг Ўзбекистонда баландлигини 4 омил билан боғлади.

Сапарбой Жубаев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:53 0:00
Бевосита линк

Эксперт билан суҳбатнинг мухтасар мазмуни:

Биринчидан, девальвациянинг таъсири (сўм расмий курсининг бирданига икки марта кўтариб юборилгани назарда тутилмоқда );

иккинчидан, Қозоғистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо ва шунинг учун бу мамлакат бож ставкалари масаласида имтиёзлардан фойдаланади;

учинчидан, Ўзбекистон географик ўрни ноқулай бўлгани сабабли транспорт харажатлари кўп;

тўртинчидан, коррупция даражасининг баланд қолаётгани ҳам нархларнинг пасайишига йўл қўймаяпти, деди Сапарбой Жубаев.

Бошқа экспертнинг муҳим қўшимчаси

Яна бир ўзбекистонлик эксперт (исмини айтмасликни сўради) товарларнинг Ўзбекистонга нисбатан Қозоғистонда бироз арзонлигини Қозоғистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзоси эканлиги билан изоҳлади.

Экспертнинг айтишича, собиқ Совет иттифоқи ҳудудида икки хил темир йўл тарифи мавжуд бўлиб, Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзолари учун арзонроқ, Иттифоққа аъзо эмаслар учун қимматроқ тариф қўлланилади.

- Масаланинг яна бир муҳим жиҳати бор, - дейди эксперт, -ҳукумат Қозоғистон билан чегарадан бошлаб мамлакат ичкарисига қараб 100 километргача бир тариф ўрнатган. 101- километрдан бошлаб ўша тариф икки баробарга туширилган. Натижада товарнинг эгаси темир йўлдаги юкини ё Қозоғистонда тушириб, буёғига автомашинада ташишга, ёки темир йўл билан 101 километр ичкарига олиб кириб, яна Тошкентга қайтариб олиб келишга мажбур бўлмоқда. Тошкентда нархларнинг ошишига шу омил ҳам таъсир қилаяпти.

Чегарадан товар олиб ўтаётганлар диққатига:

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 6 февралда имзолаган “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга биноан жисмоний шахслар томонидан товарларни олиб киришнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган қуйидаги чекланган меъёрлари тасдиқланган.

Унга кўра:

Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропортлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 2000 (икки минг) АҚШ доллари миқдорида;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 1000 (бир минг) АҚШ доллари миқдорида;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 300 (уч юз) АҚШ доллари миқдорида;

халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар манзилига келаётган товарлар учун бир календарь ой мобайнида – 1000 (бир минг) АҚШ доллари миқдори белгиланган.

XS
SM
MD
LG