Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:59

Қўқонда Эркин иқтисодий ҳудуд қуриш учун уйлар ва боғларни бузмоқдалар


Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида ҳокимият Эркин иқтисодий зонага жой очиш учун ўнлаб дала ховли ва тижорат масканларини ёппасига бузишга киришди. Айни ҳудуддаги кўп йиллик боғлар бузилмоқда. Бу эса шу ҳудудда яшовчи аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.

​Қўқонлик тадбиркор Бахтиёр ака бундан ўн йил аввал шаҳарнинг Муқимий мавзесидаги ташландиқ ҳудудда отасидан мерос қолган ерга кўчат экиб боғ яратган, у ерга иморат қурган.

Энди эса шаҳар ҳокимияти шу уйни ва боғни бузиш учун унга уч кун мухлат берган, ерни эса давлатга топширишни талаб қилмоқда.

- Менга бу ер дадамдан мерос қолган. Саксонинчи йиллар охирида, ўша пайтни пули билан 300 рублга дадамни номларига олинган бу ер. Ҳужжатларим қўлимда. Ҳужжатни ҳокимиятга кўрсатсам "муддати ўтиб кетибди", дейди. 2008 йилда шу 4 сўтик ерга 50 туп гилос экдик. Ўтган йили мевага яхши кирганди. Уларни энди кесишмоқчи. Огоҳлантириш хати юборишибди, "уч кун ичида ўз ҳисобларингдан ҳаммасини бузасизлар", деяпти. Эвазига бизга ҳеч нарса беришмас экан, - дейди Бахтиёр ака.

Қўқон ҳокимияти уй ва дарахтларни бузиш учун уни эгаларига уч кун мухлат берган.
Қўқон ҳокимияти уй ва дарахтларни бузиш учун уни эгаларига уч кун мухлат берган.

Қўқонлик Шарифа опа ҳам Озодлик билан суҳбатда Муқимий мавзесида дала ховлиси бузиб ташланаётгани, ҳокимият эса компенсация бериш тугул бузилган уй қолдиқларини ҳам олиб чиқишни бўйнига қўйганини айтди.

- Бузиб ҳамма кераксиз ахлатларни олиб чиқиб, ерни бўшат деяпти. Бузмасанг ўзимиз бузамиз, бузганимизни пулини ҳам сизлардан оламиз, деяпти, - дейди Шарифа опа.

Қўқонда 700 гектар майдонда Эркин иқтисодий зона барпо этилади.
Қўқонда 700 гектар майдонда Эркин иқтисодий зона барпо этилади.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистоннинг тўртта жойида, жумладан Қўқонда ҳам янги Эркин Иқтисодий зона ташкил этиш ҳақида қарор чиқарганди.

Шу зонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи цехлар, тўқимачилик, гиламдўзлик, пойабзал фабрикалари, фармацевтика, озиқ-овқат, қурилиш материаллари ва автомобил саноати корхоналари ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Қўқоннинг Муқимий мавзесида барпо этилажак Эркин иқтисодий зона 700 гектар майдонни эгаллайди.

Шаҳар ҳокимиятининг исми сир қолишини истаган мулозимининг Озодликка айтишича, зона ҳудудида ўттизга яқин уй бузилмоқда, бузилаётган уйларнинг аксари кадастрда расмийлаштирилмаган ноқонуний иншоотлардир.

- Фақат ўзбошимчалик билан қурилган қурилмалар бузиляпти. Ҳужжатсиз қуриб ташланган ноқонуний қурилмалар. На Кадастр ва на Архитектура бошқармасидан рухсат берилган. Ҳужжати бўлса Учкўприк туманидан ер ажратилади. Учта уй эгасига уйи бузилгани учун Учкўприкдан 6 сўтикдан ер ажратиб бердик. Қолганларни ҳужжати йўқ. Биз ҳозир у ерда қурилиш ишларини бошлаб юбордик. Сув, газ, свет тортиб, эркин иқтисодий ҳудудни қурамиз, темир йўл боради. Қурилиш ишлари шиддат билан олиб бориляпти. Келаси йилни март ойига битади. Темир йўл боради у ерга, - деди ҳокимият мулозими.

Қўқоннинг Муқимий мавзесида уйлари бузилишига қарши чиқаётганлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ва прокуратура томонидан кучли босимга учраётганликларини ҳам айтишмоқда.

Кўпчилиги бу босимга ён берган ва уйлари бузилишига рози бўлган.

Қўқонлик Бахтиёр ака эса уйининг бузилиши ва ерининг асоссиз тортиб олинишини айтиб, президент Шавкат Мирзиёев қабулхонасига арз қилгани ва ундан жавоб кутаётганини айтади.

- Шавкат Мирзиёевдан умидимиз. Бузилган иморатларимизни компенсациясини талаб қиламиз, - дейди Бахтиёр ака.

Шаҳар ҳокимиятининг исми сир қолишини истаган мулозимининг Озодликка айтишича, зона ҳудудида ўттизга яқин уй бузилмоқда.
Шаҳар ҳокимиятининг исми сир қолишини истаган мулозимининг Озодликка айтишича, зона ҳудудида ўттизга яқин уй бузилмоқда.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлар ҳимоячиси Абдусалом Эргашевнинг айтишича, ҳокимият Эркин иқтисодий зона қуришдек йирик лойиҳага қўл урар экан аҳоли манфаатларини ҳам эътиборга олиши кераклигини айтади.

- Уяси бузилганда қуш ачинади. Одамларку баттар ачинади уйи бузилса. Кадастри борми, йўқми бу одамларни юрагига жуда катта дард бўладиган нарса. Менимча, ҳокимият шунча катта лойиҳани қуришга бел боғлаган экан уйи, мулки, ери шу ҳудудга тушиб қолганларни рози қилиши керак эди. Сих ҳам кабоб ҳам куймайдиган қилиб одамларга трвон пули бериши керак эди, - дейди Абдусалом Эргашев.

Ўзбекистонда янги қурилишлар одамларнинг уйлари бузилиши, аҳолининг норозилиги фонида кечади.

Бундай ҳолларда ҳокимият милиция ходимларини ишга солгани ва яшовчиларни уйларидан чиқаришга жалб этгани аввал кўп кузатилган.

XS
SM
MD
LG