Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:23

Бўз туман шифохонасида 34 ёшли ҳомиладор ва унинг ҳомиласи ўлди


Бўз тумани Тиббиёт бирлашмаси палатасидан олинган сурат.
Бўз тумани Тиббиёт бирлашмаси палатасидан олинган сурат.

Андижон вилоят, Бўз туман Тиббиёт бирлашмасида 10 январь куни 34 ёшли ҳомиладор аёл оламдан ўтди. Аёл қорнидаги олти ойлик ҳомиласи ҳам нобуд бўлди.

Бўз туман Тиббиёт бирлашмасининг Озодлик суҳбатлашган ходими экспертиза натижалари чиқмагунича ўлим сабаби ҳақида ҳеч нарса деёлмаслигини айтди.

Марҳумнинг яқинлари эса, фожиада туғруқхона врачларини айбламоқда.

Айни пайтда, туман прокуратураси ҳомиладор аёл ўлими юзасидан суриштирув бошлаганини Озодликка билдирди.

34 ёшли ҳомиладор Н.А. Бўз туман Тиббиёт бирлашмасига 8 январь куни ётганидан икки кун ўтиб оламдан ўтди.

Яқинларининг Озодликка айтишича, аёл шамоллаш касаллиги белгилари билан касалхонага олиб келинган.

- Шифохонада вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш ташкил этилмагани сабаб оддий шамоллашдан ўлиб кетди, қорнидаги боласи ҳам нобуд бўлди. Иккинчи фарзандини туғиши керак эди. Уч ёшли боласи етим қолди, - деди марҳумнинг қариндоши.

Бўз туман Тиббиёт бирлашмаси шифокорларидан бири эса, беморга ўз вақтида лозим ёрдам кўрсатилганини айтди:

- Бу аёл юқори нафас йўллари инфекцияси билан олиб келинган эди. Ҳолати яхшиланмагач, ШТЁ бўлимига ўтказдик. У ерда барча ёрдамлар кўрсатилди. Иккинчи даражали нафас етишмовчилиги ва камқонликнинг оғир даражаси туфайли икки томонлама пневмониядан вафот этди.

Бироқ Тиббиёт бирлашмасининг Озодлик суҳбатлашган раҳбарларидан бири экспертиза натижалари чиқмагунича ўлим сабаби ҳақида ҳеч нарса айтилмаслигини билдирди.

Тиббиёт бирлашмасининг Гинекология бўлими врачларидан бири аёл охирги марта 21 декабрда гинекологик тиббий кўрикка келгани ва ўшанда унга касалхонага ётиш тавсия қилинганини айтди.

- Лекин у ва яқинлари врач тавсиясига қулоқ солмади, врачлар тавсиясига кўниб, вақтида ётиши керак эди, - деди шифокор.

Озодлик вафот этган хомиладор аёлнинг турмуш ўртоғи билан боғланди. Лекин, у қўнғироқ Озодликдан эканини билгач, телефонини ўчирди.

Бўз туман прокуратураси ҳомиладор аёл ўлими юзасидан суриштирув бошлаганини Озодликка билдирди.

Бўз туманида бир ярим ой ичида икки хомиладор аёл нобуд бўлди.
Бўз туманида бир ярим ой ичида икки хомиладор аёл нобуд бўлди.

Бу Бўз туманида ҳомиладор аёл нобуд бўлиши билан боғлиқ сўнгги бир ярим ой ичидаги иккинчи ҳолатдир.

1 декабрь куни Бўз туманида ис газидан заҳарланган олти ойлик ҳомиладор аёл вафот этган эди.

36 ёшли Г.С. уйи ётоқхонасида ўрнатилган иситиш печидан сизиб чиққан ис газидан ўзи ҳамда меҳмонда бўлган қўшниси О.С. билан заҳарланиб касалхонага келтирилган, лекин Бўз туман Тиббиёт бирлашмаси шифокорлари уларнинг ҳаётини сақлаб қолишолмаган.

Бу ҳолат бўйича ҳам туман прокуратураси суриштирув олиб борилаётганини Озодликка билдирган, лекин натижалари ҳануз маълум эмас.

28 ноябрь куни эса, Андижоннинг Балиқчи туманида 36 ёшли Э.К. қорнидаги учинчи фарзандини туғиш учун Тиббиёт бирлашмаси туғруқ комплексига ётганидан бир кун ўтиб оламдан ўтганди.

Балиқчи туман Тиббиёт бирлашмасининг туғруқ комплекси ходими Озодлик билан суҳбатда шифокорларнинг "астойдил ҳаракатлари"га қарамасдан она қорнидаги боланинг ҳам ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаганини айтганди.

Озодлик билан суҳбатлашган марҳуманинг қариндоши "таъмагир врачлар"нинг бепарволиги боис, оила нобуд бўлди, деб даъво қилганди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳукуматнинг январь ойидаги мажлисида тиббиёт соҳасидаги жиддий муаммолар ва етишмовчиликлар ҳақида гапирган, она ва бола соғлигини асраш, аҳолини дори воситалари билан таъминлаш ва соғлом авлод ўстириш – энг муҳим масалалар эканини таъкидлаганди.

Save the Children ташкилотига кўра, Ўзбекистон болани дунёга келтириш учун ҳавфли мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотида эса мамлакатда ўтган йилнинг ўзида оналар ўлими билан боғлиқ 59 та, болалар ўлими билан боғлиқ эса, 2.706та ҳолат қайд этилган.

XS
SM
MD
LG