Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:29

“Путиннинг чўнтагини қаппайтираётган эканмиз!” – тармоқлар Озодлик суриштируви ҳақида


Озодлик суриштируви президент Мирзиёев ўзининг миллиардлаб долларлик энергетика лойиҳалари аввал-бошдан муаммоли экани ва мамлакатни энергетик коллапс ёқасига олиб келиши ҳақида уч йил аввал огоҳлантирилганини ўртага чиқарган.
Озодлик суриштируви президент Мирзиёев ўзининг миллиардлаб долларлик энергетика лойиҳалари аввал-бошдан муаммоли экани ва мамлакатни энергетик коллапс ёқасига олиб келиши ҳақида уч йил аввал огоҳлантирилганини ўртага чиқарган.

Ўзбекистон расмийлари Озодликнинг мамлакат энергетика соҳасидаги аҳволга бағишланган охирги суриштируви юзасидан сукут сақламоқда. 9 февраль куни эълон қилинган суриштирувда Озодлик ўзбекистонликлар ҳаëтида йил сайин танқислашиб бораëтган табиий газнинг қаерга ва қандай йўқолгани ҳақидаги саволларга ойдинлик киритганди.

Бир йилдан зиёд вақт давомида ўрганилган махфий қарорлар, вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ёзишмалари ҳамда корпоратив ҳисоботлар Телеграмдаги Ozodlik Surishtiruvi каналига ҳам жойланди - 100дан ортиқ махфий ва ярим махфий ҳужжатлар илк бор жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти пайшанба оқшоми эълон қилинган Озодлик суриштирувидан том маънода ларзага келди, бу борадаги муҳокама ва муноразалар давом этмоқда.

“Эфирни, адашмасам, 5-6 марта пауза қилиб кўрдим, асаблар чидаши қийин бўлди. Ўзбекистон Россиянинг энергетик назорати остида эканлигига ишонч ҳосил қилдим. 2005 йилда, Андижондан кейин эркимизни олдирдик деб ўйлардим. Йўқ, 2017 йилда ҳам 35 йилга газ конларию шу соҳа инфраструктураларини қўшқўллаб бериб юборган эканмиз”, – деб ёзди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

"Бизга нима қоляпти?"


Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази директори Алишер Илҳомов "Озодлик"нинг янги журналистик суриштируви "мамлакат миллий манфаатларига ақл бовар қилмас кўламда хиёнат" билан одамни ҳайратга солгани ҳақида ёзди.

Унинг сўзларига кўра, Озодлик журналистлари фош этган ушбу коррупция кўлами бир неча йил олдин фош этилган Шоввозсой устидаги коррупция даражасидан анча катта.


"Озодлик" чизиб берган манзара моҳияти қуйидагича: Президент Мирзиёевнинг мутлақ лаёқатсизлиги сабаблими ёки шахсий манфаати сабабми ёки президентлик курсисига эришишда олган ёрдами учун Путинга ўлгунча қарамлиги сабаблими, ҳар нима бўлганда ҳам, охир-оқибат газ секторининг қулашига олиб келган бутун коррупцион схемаларга Мирзиёевнинг ўзи яшил чироқ ёққан. Катта газ конларига эга бўлган давлат бир кечада газ экспортчисидан импорт қилувчига айланиб, қўшни Туркманистон ва Россияга қарам бўлиб қолди. Бунинг сабаби шуки, деярли бутун газ ишлаб чиқариш сектори Ўзбекистоннинг эмас, балки фақат Россия манфаатларига (ўзиникидан ташқари) хизмат қилувчи шахснинг назоратига топширилган, яъни бу ерда «Газпробанк» ва Путиннинг яқиниларидан бири Тимченко. Ўзбекистон ҳукумати ўз ғазнасидан миллиардлаб доллар ажратиб молиялаган ушбу соҳадаги шартномаларнинг асосий улуши ўша шахс ва «Газпромбанк»га тегишли бўлган офшор компанияларга берилган.

Натижа нима бўлди? Газ ишлаб чиқариш нафақат ўсмади, балки пасайиб, ички бозорда тақчиллик келиб чиқди. Бу ҳам етмагандек, Ўзбекистонга ўз маблағи ҳисобидан мутлақо кераксиз лойиҳалар, масалан, қиймати бир миллиард долларга яқин газ омбори қуриш юкланган. Умуман олганда, бу ўта кетган бемаънилик: агар ушбу завод тўлиқ қувват билан ишга туширилса, мамлакатда ишлаб чиқариладиган газнинг 60 фоизи унга сарфланади. Бундан ташқари, ушбу қўшма лойиҳада Россия томонини 155 АҚШ доллари (!) устав капиталига эга бўлган компания тамсил этган ва унинг директори эса юрист ёрдамчиси, одамлар кўзи учун ўтқазилган шахс.

Бизга нима қоляпти?

1) Мамлакат олтин-валюта заҳираларидан миллиардлаб доллар сарфланди, аммо улар шамолга соврилди.

2) Мамлакат энергия инқирозини бошдан кечирди ва ундан қачон чиқиши номаълум.

3) Мамлакатда газ қазиб олиш пасайиб кетди, у газ экспортчисидан импортчисига айланди. Натижада Ўзбекистон Россия газига боғланиб қолди ва энди Москва ноғорасига ўйнашга мажбур. Аслида, гап Москванинг муайян таъсир ўтказувчи шахслар орқали Ўзбекистондаги газ саноатини саботаж қилиш ва издан чиқаришга қаратилган мақсадли ҳаракатлари ҳақида кетмоқда. Афтидан, президентнинг ўзи бу саботажда ва мамлакат энергетика соҳасини Кремль назоратига ўтказишда иштирок этган.

Хабарингиз бор, яқинда Ўзбекистонга газ етказиш бўйича Россия билан “Йўл харитаси” имзоланган эди. Ушбу ҳужжат тафсилотлари ошкор этилмаган. Аммо айтилганлардан келиб чиқсак, Тошкентга оғир шартлар қўйилган, жумладан, мамлакат газ транспорти тизими Москва ихтиёрига ўтказилган деб тахмин қилиш мумкин.

Буларнинг барчаси учун эса муҳтарам Шавкат Миромоновичга «миннатдорлик» айтишимиз керак. Раҳмат, жаноб Президент, Шоввозсой, Сардоба, Нукус, бўшаб қолган ғазна учун, катта ташқи қарзлар учун, фуқароларнинг музлаган хонадонлари учун, ҳеч нарса йўқлигини, Каримов давридан бери ҳеч нима ўзгармаганини тушуниб, инвесторлар бизни янада кўпроқ четлаб ўтадиган бўлгани учун. Миллиардлаб долларлик шартномалар аввалгидек ҳеч қандай очиқ тендерсиз, махфий фармонлар асосида тузилмоқда. Бу мамлакатдаги коррупция ва лаёқатсизлик ҳали ҳам давом этади.

Сиз эса президентлик муддатингизни узайтирмоқчимисиз? Бет борми?"
, деб ёзди Алишер Илҳомов.

Озодлик суриштируви доирасида ҳукумат Ишчи гуруҳининг энергетикага доир махфий ҳисоботлари ва жамоатчиликдан сир тутилган президент ва ҳукумат қарорлари дохил юзлаб саҳифа ҳужжатлар илк бор эълон қилинди. Ушбу ҳужжатлар ўзбек гази оффшор ширкатлари тўри орқали рус ва ўзбек корчалонлари илкига ўтказилганини юзага чиқарди. Аксар фаоллар бу фактлардан “шок” ҳолатга тушганини баён қилган.

“Аллоҳ бизга ёрдам бер, СЕНдан ўзга нажот йўқ! Бўм-бўш бўлиб қолдим, миям қайнаб кетяпти, наҳотки, эшитганларим рост бўлса?! Шунчаликка ҳам бориш мумкинми? Ҳеч нарсани олиб кета олмайсан-ку эй жонзот барибир! Умид йўқ, ишонч ўлди, сўнгги илинж ҳам тарк этди!.. Бу момо ер, бу серқуёш ўлка, бу халқ билан нималар қилиш мумкин эди, қандай марраларни забт этиш мумкин эди... Қилганимиз хорлик, зорлик ва қуллик бўлди...” деб ёзди иқтисодчи олима ва жамоат фаоли Барногул Санақулова.

“Эшитиб асабларим дош бермади-я! Бир ўзим эмас, фарзандларим тақдири ҳам сотиб юборилибди. Бугун халқни босиб олиш учун қурол кўтариб, танк билан келиш шарт эмас. Хоинларнинг ўзи ватанни душман қўлига топшираркан”, деб таассуф изҳор қилди Диля Олимовна исмли тармоқ фойдаланувчиси.

“Мен кўрган маълумотларни миям қайта ишлолмай қолди. Бу ёқда 500 минг сўм олган ўқитувчи оммавий сазойи қилиниб қамалмоқда. Нариёқда 30 млрд доллар пулимизни олиб, қайтимига халқни иштонини ечиб, ******* ҳам қўйишмоқда, хамма жим-жит. Даҳшатдан ухлолмасам керак”, дея ичидагини тўкиб солди блогер Олимжон Ҳайдаров.

Суриштирув давомида Путинга яқин саналган олигарх ва ширкатлар Ўзбекистон миллий бойликларини “кепак пули”га қўлга киритгани аниқланган.

“Газсиз, электрсиз ўтириб, Путиннинг чўнтагини қаппайтираётган эканмиз”, дея қисқа пост қолдирди “Рост24” нашри бош муҳаррири Анора Содиқова.
Бошқа бир таниқли журналист Карим Баҳриевнинг фикрича, “Ўткан кунлар” романида Юсуфбек ҳожи тилидан айтилган “Иттифоқни не эл эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб, ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизға ақлим етмай қолди” деган огоҳлантириш Ўзбекистоннинг бугунги ҳолатига ҳам тааллуқлидир.

“Миллий манфаатлар амалдаги ҳокимиятни сақлаб қолиш ёки мустаҳкамлаш учун савдога қўйиладиган мол-матоҳ эмас. Ҳокимиятда ўтирган шахсларнинг манфаатлари миллий манфаатлардан ўзиб кетмаслиги лозим. Айниқса, улар миллий манфаатлардан устун мавқега эга бўлмаслиги даркор. “Давлат бу – мен” деган гапни 17-асрда Людовик XIV айтиши мумкин эди. Ҳозир бошқа аср, бошқа реаллик, ҳокимияти табиати ўзгача, бошқарувчиларга талабларга ўзгача”, деб суриштирувларга муносабат билдирди Телеграмдаги “Серия пенальти” канали муаллифи, халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Юрий Саруханян.

“Курсининг нархи... арзон эмас! Афсус, халқимизга жабр! Шу миллат, шу халқ учун ўз ҳаётини фидо қиладиган Чўлпонлар қолмаган!” деб ёзди Афзалхўжа Хўжаев.

Таниқли блогер ва тадқиқотчи Элдор Асанов эса киноя-кесатиққа йўғрилган ушбу постни чоп этди: “Ҳа, мендаям ҳамманикидай реакция. Лекин Ўзбекистонда яна авж олаётган цензурадан қўрққаним туфайли менам индамайман, шунчаки ўзим учун хулосалар қиламан. Қолганларам шунақа қиляпти: ижтимоий тармоқлардаги реакциялар асосан оҳ-воҳлардан ва қарғишлардан иборат. Бундан буёғиям шу бўлади, боримиз шу. Бирор ҳафтада унутамиз, ҳаммаси изига тушиб кетади. Ҳозирча битта саволга жавоб топганимдан хурсандман. “Россиялик ва қозоғистонлик ҳамкасбларида нефть-газ бор, бизнинг бечора элита нимадан тирикчилик қилар экан?” деб хавотир олардим. Энди хавотирланмайман, биздаям нефть-газ етарли экан”.

Аксар фаоллар Ўзбекистон учун мушкул вазиятдан ҳамда Кремль чангалидан чиқишнинг энг мақбул йўли сиёсий плюрализм ва чинакам демократик ислоҳотлар эканини таъкидлаган.

“Озодлик ўзбек халқи учун аср суриштирувини ўтказиб, ҳеч ким қилмаган яхшиликни қилди. Аммо ўзбек халқи ўзи учун ўзи нима қилди?” дея халқни уйғоқликка ундади блогер Мусанниф Адҳам.

Форум

XS
SM
MD
LG