Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:00

"Жаноб Президент, Марғилондаги "Хонақоҳ мадраса"ни сақлаб қолишга ёрдам беринг!"


OzodMaktub рукни эътиборингизга Марғилон шаҳар, Ёвқочар МФЙ, Водил кўчаси 33-уйда яшовчи Баннобжон Мўминовдан келган хатни ҳавола қилмоқда. Хатда келтирилган маълумотлар ва иддаолар рукн форматидан келиб чиқиб, қўшимча ўрганилгани йўқ. Озодлик хатда номлари келтирилган барча томонлар билдириши мумкин бўлган муносабатларни ёритишга тайёр.

***

"Шаҳарнинг Бурҳониддин Марғилоний кўчаси 172-уйда жойлашган тарихий ёдгорлик - "Хонақоҳ мадраса" (Халқ банки) биноси бугунги кунда тарихий қиёфасини йўқотиш арафасида турибди.

Бюрократик идораларда сарсон-саргардон бўлиб, роса оворагарчиликлардан кейин икки йил бадалида Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармаси тарихий-бадиий экспертизасининг 2009 йил, 15 декабрдаги илмий хулосаси ва 2010 йил 7-январдаги 5П-сонли буйруғига асосан "Хонақоҳ мадраса" (Халқ банки) биноси маданий мерос объекти тариқасида давлат муҳофзасига олинган эди.

Бу мадрасадан юзлаб уламолар, қозилар,азиз авлиёлар, қорилар, шайхлар етишиб чиққан ва ўзига хос тарихга эга.

Шу давр ичида бу ёдгорлик биносидан фойдаланувчи бўлган на Халқ банки Марғилон филиали, на ҳокимлик, на Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармаси томонидан ушбу маданий мерос объекти на реставрация қилинди ва на жорий таъмирланди.

Буниси ҳам етмагандай ота-боболаримиздан қолган мазкур Мадраса ёдгорлигидан узоқ йиллардан буён текинга фойдаланаётган Халқ банки Марғилон шаҳар филиалига эгалик ҳуқуқини тиклаш ҳақида Марғилон шаҳар ҳокими 2015 йил 23 январдаги 34-сонли қарорини чиқариб берган экан.

Айнан шу қарор қабул қилиндию барча маш-машалар бошланди. Халқ банки Марғилон шаҳар филиали шундан сўнгра ушбу ёдгорликнинг олдига янги бино қуриш учун яна Марғилон шаҳар ҳокимининг қарорини чиқартиришга эришибди.

Ачинарлиси шундаки, тамал тоши дастлаб ўн бешинчи асрда қўйилган, сўнгра йигирманчи асрнинг бошида қайта тикланган бир қаватли мадрасанинг тарихий деразалари ва эшикларини тўсган ҳолатда, энг хайратланарлиси эса, оралиқ муҳофаза худудини бир метр ҳам қолдирмасдан икки қаватли Халқ банкининг биноси қурилмоқда.

Энг ёмони аждодларимиздан қолган обида ва ёдгорликларни муҳофаза қилиш асосий вазифаси бўлган Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармаси Фарғона ва Наманган вилоятлари бўйича давлат инспекцияси бошлиғи Тўлқин Собиров бу тарихий мадрасани сақлаб қолиш ўрнига айнан мана шу Халқ банкининг икки қаватли янги ноқонуний қурилаётган биносининг лойиҳасини "тасдиқлаб" берган экан.

Мен бир оддий фуқаро сифатида 2017 йил апрелдан буён бу муаммони хал этиш, обидани сақлаб қолиш, ноқонуний қурилишни тўхтатиш учун шаҳар ва вилоят ҳокимиятларига, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига, Вилоят ва Бош прокурорга, Республика миллий хавфсизлик хизматига, Президент Халқ қабулхонасига, Маданият вазирлигига, Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармасига ва Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармаси Фарғона ва Наманган вилоятлари бўйича давлат инспекциясига, Миллий тикланиш демократик партиясининг вилоят кенгашига, Олий Мажлисдаги бу партиянинг фракциясига бир неча бор мурожаат қилдим.

Аммо минг бор афсуски мурожаатларим натижасиз қолмоқда. Инспекция бошлиғи Тўлқин Собиров ва унинг уддабурон ходимлари эса, ҳар сафар менинг қўйнимни пуч ёнғоққа тўлидириш билан овора. Негаки бўлар иш бўлиб бўлган ва бу ноқонуний қурилишнинг иккинчи қавати ҳам тикланмоқда ва кейин эса ўша Тўлқин Собиров ноқонуний тасдиқлаган лойиҳага асосан мадраса ёдгорлик биносининг ичини ҳам алоҳида деворлар билан ажратиб бир неча ёрдамчи хоналар қуришар экан...

Тўлқин Собиров ўзи бундай маданий мерос объектларини муҳофаза қиладими ёки бузадими?! Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармаси ва унинг Инспекцияси ўзи нима билан шуғулланадию ва қандай ваколати бор?!

Нима эмиш, бу қурилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 августдаги 683-сонли қарори билан қурилаётган эмиш.

Ахир бу Ҳукумат қарорида реконструкция дейилган, янги капитал қурилиш дейилмаган ва энг асосийси бу қарорда Халқ банки биноси моддий маданий мерос объекти дейилмаган. Агарда Ҳукуматдагилар бу объектнинг тарихий ёдгорлик эканлигини билишганида, менимча, бошқача қарор қабул қилинар эди.

Бугунги кунда мамалакатимизда туризм соҳаси иқтисодиётимизнинг стратегик устувор йўналиши сифатида жадаллик билан ривожланаётган бир пайтда Марғилон шаҳримиздаги саноқли обидалардан бўлган Хонақоҳ мадрасасининг тарихий қиёфасини сақлаб қолган ҳолда хорижий сайёҳларга кўрсатмасак унда нимамизни кўрастамиз?!

Вилоят ҳокимимиз Шуҳрат Ғаниевнинг асл воқеалардан, менимча, хабари йўқ. Агарда тўлиқ хабари бўлганида мен ишонаманки шижоатли, ишчан ва ҳақиқий ижрочи ҳокимимиз бу ҳолатга чек қўяр эди.

Аммо Вилоят ҳокимимизни ҳам бу масаладаги мансабдорлар ҳар хил важлар билан чалғитишмоқдалар шекилли...

Аслида Марғилонда тарихан 57 та мадраса бўлган шундан иккитаси, яъни Саййид Аҳмадхўжа Эшон ва Хонақоҳ мадрасалари бугунги кунгача етиб келган холос. Шаҳардаги деярли барча моддий мерос объектлари синчдан ва гуваладан қурилган бўлиб, шу иккита мадраса пишган ғиштдан қурилган холос ва бугунги кунгача сақланиб қолган.

Миллий тикланиш демократик партиясининг Вилоят кенгаши ва Марказий кенгаши ҳамда депутатлари иштирокида бу муаммо атрофлича чуқур ўрнанилди ва ноқонунийлиги ўз исботини топди. Миллий тикланиш демократик партиясининг Олий Мажлисдаги фракцияси Маданият вазирлигига ва Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармасига мазкур муаммо бўйича сўрови ҳам эътиборсиз қолдирилмоқда. Барча орган ва ташкилотлар муаммони ўрганиш билан овораю аммо ижобий натижа эса, ҳамон йўқ!

Менимча, Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармаси ва унинг Инспекциясини ислоҳ қилиш вақти келди!

Бугунги кунда Сизнинг томонингиздан миллий қадриятларимиз, осору-атиқалару меросимиз, дину диёнатимиз ва хуллас ўзлигимизни сақлаб қолиш учун бир неча фармонлар, фармойишлар қарорларни қабул қилиб, топшириқлар бериб фидойилик билан уринаётган бир пайтингизда юқорида зикр этилган ташкилот ва уларнинг раҳбарлари бу муаммоларга панжа орасидан қарамоқдалар.

Энди менда бир оддий фуқаро сифатида бундай ноқонуний холатлар бўйича ҳақли равишда қуйидаги саволлар туғилмоқда:

1. Тарихий бино қурилишига ўз ҳисобидан маблағ сарфламаган, узоқ йиллардан буён бу ёдгорликдан бепул фойдаланаётган Халқ банки Марғилон филиалига Марғилон шаҳар ҳокимининг эгалик ҳуқуқини тиклаш ҳақидаги қарори қонунийми?

2. Тарихий обида бўлган Хонақоҳ мадрасасининг узоқ йиллардан буён текинга фойдаланувчиси бўлган “Халқ банки” номи билан моддий маданий мероси сифатида номланиши тўғрими, асли номланиши билан аталса бўлмайдими ва бунга нима тўсқинлик қилади?

3. Вазирлар Маҳкамасининг қарорида Халқ банки Марғилон филиали биносини реконструкция қилиш деб қайд этилганку, янги капитал қуриш дейилмаган ва нега бу қарорга таклиф беришда мутасадди раҳбарлар бу тарихий бинони моддий маданий мерос эканлигини, давлат томонидан муҳофаза этилишини, тарихий-меъморий қиёфасини бузилишини ва тўсилишини эътиборга олмасдан янги икки қаватли бино қуришмоқда?

4. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш билан шуғулланадиган Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан илмиш ишлаб чиқариш Бош бошқармаси Фарғона ва Наманган вилоятлари бўйича давлат инспекцияси бошлиғи Тўлқин Собиров нега ноқонуний қурилишнинг лойиҳасини тасдиқлаб бердию кейин нима учун бу қурилишни тўхтатиш учун натижасиз хатлар ёзади, қани мантиқ?

5. Аслида Инспекция бошлиғи Тўлқин Собиров ўзи бу ёдгорлик бўйича лойиҳани тасдиқлашга ва янги капитал қурилишга рухсат беришга ваколати борми ва бу масалада мутахассис сифатида лаёқатлими?

6. Ёдгорликларни моддий маданий мерос объекти сифатида давлат рўйхати ва муҳофзасига олишдан мақсад нима ўзи, уларни сақлашми ёки бузиб йўқ қилишми?

7. Энг асосийси амалдаги қонунчилигмизда давлат муҳофазасида бўлган ушбу моддий маданий мерос,тарихий ёдгорликнинг тарихий кириш эшиги ва деразаларини тўсиб, бир метр ҳам оралиқ муҳофаза майдонини ташламай олдига икки қаватли янги капитал қурилиш қилиш мумкинми?

Ҳурматли Шавкат Миромонович! Собиқ тузумда абгор бўлган ушбу мадрасани ҳозирги мустақиллик давримизда ҳам ўша тузумдаги корчалонларни иш юритишига ўхшаб кетмоқдалар.

Мен роса овораю сарсон бўлиб, ҳеч бир натижага эриша олмай шу орқали Сизга мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Мен ишонаманки, юзлаб уламою азиз авлиёлар етишиб чиққан ушбу Хонақоҳ мадрасасида олиб борилаётган ноқонуний қурилишларни тўхтатиб,бу қурилишни буздириб, миллий меъморий обидани сақлаб қоласиз ва бу билан буюк аждодларимиз руҳи поклари олдида улуғ ва савобли амални бажарган бўласиз, ҳам уларни шод этасиз ва имоним комилки, бу обиданинг қадрига етиб яна ташландиқ, яроқсиз ҳолатда йўқ бўлиб кетишини олдини оласиз. Сиздан илтимос қилган холда бу муаммо билан боғлиқ қоидабузарларга чора кўришингизни сўрайман.

Сизга икки дунё саодатини тилаб,

Марғилон шаҳар, Ёвқочар МФЙ,

Водил кўчаси 33-уйда яшовчи Баннобжон Мўминов".

******************************************************************************

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​

XS
SM
MD
LG