Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:31

Тадбиркорлардан пахта теримида қатнашиш учун тилхат ёздириб олиняпти


Cotton fields of Jizzah, Uzbekistan
Cotton fields of Jizzah, Uzbekistan

Тошкент вилоят, Бекобод шаҳридаги тадбиркорлардан пахта теримида иштирок этиш мажбурияти битилган тилхат ёздириб олиняпти. Бу ҳақда хабар берган тадбиркорларнинг айтишича, улар тилхат билан ўз зиммаларига пахта теримига ўзлари ёки ўрнига мардикор ёллаб чиқариш мажбуриятини олмоқда. Айни пайтда, вилоятнинг Ангрен шаҳридаги боғча ва мактаблар тарбиячи ва ўқитувчилари ҳам пахта териш учун ўз ўрнига одам топиш ҳақида огоҳлантирилган.

Бекобод шаҳридаги исми сир қолишини сўраган тадбиркорлардан бирининг айтишича, ҳокимлик мулозими савдо-сотиқ, қурилиш билан шуғулланадиган, бозорда савдо қиладиган тадбиркорлардан пахта теримида иштирок этиш мажбурияти ёзилган тилхатга имзо қўйдириб олмоқда. Тадбиркор тилхатнинг нусхасини Озодликка тақдим қилди:

Тадбиркорлардан пахта теримида қатнашиш учун тилхат ёздириб олиняпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

“Пахта 2017 йил” мавсуми давомида бириктирилган отряд таркибида пахта териш учун ажратилган дала майдонига бориб, белгиланган кунлик нормани бажаришга, дала майдонида талаб этилаётган қоидаларга риоя этишга ва йўл ҳаракати хавфсизлигига тўлиқ амал қилиш юзасидан огоҳлантирилдим ва юқоридаги талабларни бажаришга тилхат бераман”, деб ёзилган тадбиркорларга имзолаш учун берилган тилхатда.

Тадбиркорлардан ёздириб олинаётган тилхат нусхаси
Тадбиркорлардан ёздириб олинаётган тилхат нусхаси

​Бекобод деҳқон бозорида савдо дўкони бор тадбиркорлардан бирининг Озодликка айтишича, тилхатга имзо қўйган шахслар пахта теримига ўзи ёки ўрнига одам чиқариши керак:

“Ўзи ҳар йили шундай бўларди. Ўрнимизга одам ёллаб чиқарар эдик. Бу йил мардикорнинг ҳам нархи кўтарилган. Бир ойга камида 800 минг сўраяпти. Агар чиқармасак кейин бозор маъмурияти билан проблема бўлади”, дейди тадбиркор.

Бекобод тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими, пахта терими учун отрядлар ташкил қилинганини тасдиқлади, лекин тадбиркорлардан “тилхат” олинаётганини инкор қилди:

“Отрядлар пахта теримида иштирок этадиган ихтиёрий одамлардан тузилган. Шаҳарда, қишлоқда бекор юрган, ишсиз одамларни жалб қиляпмиз. Ҳеч қанақа тилхат-пилхат олингани йўқ”, деди туман ҳокимлиги мулозими.

Озодлик ўз тасарруфида тилхатнинг нусхаси борлигини айтиб, бунга изоҳ сўрагандан сўнг, мулозим гўшакни қўйиб қўйди.

Айни пайтда, Ангрендаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчи ҳам, шаҳар ҳокими 10 сентябрга ҳамма теримга шай бўлиб туриши ҳақида огоҳлантирганини айтди:

“Бугун мактаб директоримиз 10, узоғи билан 15 сентябрда ҳамма пахтага чиқиши мумкин, деди. Лекин, касалхонада ишлайдиган ҳамшира синглимнинг айтишича, бош шифокор уларни ҳам тайёр бўлиб туришга ёки 875 минг сўм тайёрлаб қўйишларини айтган. Синглимнинг ойлиги 400 минг ҳам эмас, қаердан топсин у бу пулни? Вазирлар Маҳкамасининг ўқитувчию шифокорлар пахта теримига жалб қилинмайди, дегани нима бўлди энди? Наҳотки Кабмин Халқаро Меҳнат ташкилоти учун “ради галочка” айтган бўлса?”, дейди ўқитувчи.

Ўзбекистонда шу пайтгача пахта теримига бюджет ташкилотлари ишчи ва ходимлари, тадбиркорларнинг мажбурий чиқарилиши кузатилган.

Аммо, Шавкат Мирзиёев президент этиб сайланганидан сўнг, қишлоқ хўжалик ишларига ўқитувчи ва шифокрларнинг мажбурий жалб этилиши мамлакат телевидениесида ва йиғилишларда бир неча марта танқид қилинди.

Халқаро пресс клуб ўтказган йиғилишларда Наманган, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимлари ҳам бу йил бирор нафар ўқитувчи ва шифокор пахта теримига жалб этилмаслиги ҳақида ваъда берган.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган хабарга кўра, вазир муовини Эркин Муҳитдинов АҚШ Сенати халқаро алоқалар бўйича қўмитаси ҳайъати аъзолари билан учрашув чоғида мажбурий меҳнатни тақиқлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 8 август кунги баённома қарори имзоланганини ва ўқитувчию шифокорлар пахта теримига чиқарилмаслигини айтган эди.

Озодлик терим жараёнидаги мажбурий меҳнат ҳолатларини кузатиб боради.

XS
SM
MD
LG