5 июнь куни Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида маҳаллий аҳоли педофил дея гумон қилган ўрта яшар эркак Тошлоқ маҳалласида яшовчи 8 яшар қизни олдин алдаб¸ кейин зўрлаб олиб кетишга уринган пайтда қўлга олинди.
Бу ҳақда воқеа тафсилотларидан хабардор маҳаллий аҳоли вакиллари Озодликка маълум қилди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати бу воқеа тафсилотларига ойдинлик киритиди.
Озодликкка тақдим қилинган расмий маълумотга кўра¸ Ўзбекистонда ҳайит нишонланаëтган 5 июнь куни тахминан соат 14 да Наврўз кўчасида яшайдиган 8 яшар қизга кўчадаги ëши 40 дан ошган эркак «мана сенга 100 минг сўм ҳайитлик, юр уйимга олиб бораман» деб айтиб¸ алдаб олиб кетмоқчи бўлган.
Прокуратура баëнотида¸ бу воқеа юзасидан қизнинг отаси Ўртачирчиқ тумани ИИБ бошлиғига ëзган мурожаатида¸ "қизча қаршилик қилганини шу маҳаллада яшовчи П.К. кўриб қолганлигини ва қўшнилар билан бирга ушбу номаълум шахсни ушлаб олганлигини, Ўртачирчиқ тумани ИИБга ҳолат юзасидан хабар қилганлигини, ушбу ҳолат юзасидан конуний қарор қабул қилишликни сўрагани" айтилади.
Ўзини Тошлоқ маҳалласи фаоли деб таништирган Абдуқаҳҳор ака Озодлик билан суҳбатда “ëш қизчани пул бериб жинсий зўрламоқчи бўлган киши маҳалла аҳли тарафидан ушланиб¸ ИИБ ходимларига топширилгани"ни айтди.
Унинг айтишича¸ Тошлоқ МФЙ ходимлари ИИБ ходимлари келгунча эҳтимолий педофилнинг аҳоли тарафидан сазойи қилиб калтакланмаслигини таъминлаган.
Озодлик тасарруфида Тошлоқ маҳалласида 8 яшар қизалоқни пул бериб уйига олиб кетмоқчи бўлган эркак кишининг қўлга олингани акс этган видеотасвир бор.
Видеода ëши катта бир аëл “сендақа ифлосларни ўлдириб юбориш керак”¸ дейди. Бунга жавобан видеодаги афтодаҳол эркак “Қўлингдан нима келади?” дея икки қўлини сарак қилиб, ўзига маломат қилаëтганларга қараб бақиради.
Озодлик ўз тасарруфидаги айни видеони ҳуқуқ-тартибот органи ходимига кўрсатганида¸ мулозим видеодаги шахснинг 5 июнь куни қизчани ўғирлашда гумонланиб қўлга олинган айни шахс эканини тасдиқлади.
Мулозимга кўра¸ қизалоқнинг отаси Ўртачирчиқ тумани ИИБ бошлиғи номига ариза ëзиб¸ зўравон жазога тортилишини талаб қилган.
Ота ўз аризасида қизининг жинсий тажовуз уриниши нишони бўлганини айтган.
Бош прокуратура матбуот хизматига кўра¸ ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан Ўртачирчиқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Озодлик айни воқеа юзасидан текширув ҳаракатлари олиб бораëтган терговчи ва Ўртачирчиқ туман ИББ бошлиғи билан ҳам гаплашди.
ИИБ бошлиғининг Озодликка айтишича¸ “ бу ҳодиса юзасидан асослантирувчи ҳужжатлар тўпланганидан кейингина матбуотга хабар берилади”.
Ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи бошқа бир мулозимнинг Озодликка айтишича¸ ҳозирга қадар гумонланувчи ва гувоҳлар кўрсатмалари олиб бўлинган.
Ўзбекистон Жиноят Кодексида педофиллик жинояти аниқ малакаланмаган.
2016 йили Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида 7 яшар қизчани зўрлашда гумонланиб ҳибсга олинган 28 яшар йигит, 119-моддаси (Зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий эҳтиёжни қондириш), 4-қисми билан (қўрқитиб содир этиш)да айбли деб топилган эди.
Жорий йил январида Андижон вилоят, Пахтаобод туманидаги Озод маҳалласида 5 яшар қизчани зўрлаб¸ кейин ўлдирган 31 яшар М.И суд ҳукми билан айни моддада кўзда тутилган жиноятда айбланиб¸ 19 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.