Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:21

Шавкат Мирзиёев: “Ўқитувчини кўча супиртириш менга ҳам, сиёсатга ҳам хиёнат!”


Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 13 апрель куни Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидаги йиғилишда ўқитувчиларнинг ободонлаштириш ишларига жалб қилинаётганини қаттиқ танқид қилди.

Самарқандлик ўқитувчи Диана Еникееванинг ўлимида ўзини ҳам айбдор ҳис қилган президент, бундан буён ўқитувчини мажбурий меҳнатга жалб қилган ҳокимлар, катта хизматлари бўлишидан қатъий назар, ишдан кетишини таъкидлади.

Бундан аввал Ўзбекистон Бош вазири, вилоят ҳокимлари ОАВга ўқитувчиларни дала ва ободонлаштириш ишларига жалб қилинмаслиги ҳақида ваъда берган бўлса ҳам, шу пайтгача ўқитувчилар мажбурий меҳнат қурбони бўлиб келаётган эди.

Ўзбекистон президенти Шакват Мирзиёев 13 апрель куни Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида ўтказилган йиғилишда, ўқитувчиларнинг дала ишларига жалб қилинаётганини илк бор қаттиқ танқид қилди.

Кун.уз сайтининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев самарқандлик ўқитувчи Диана Еникееванинг кўча супиришга чиқарилганида машина уриб кетганини билишини айтар экан, бу учун президент ўзини ҳам айбдордек ҳис қилган:

“Мен самарқандлик ўқитувчининг вафоти ҳақида эшитдим. Қанақадир директор, раҳбар ёки ҳоким қачондир меҳмон келади, деб икки-уч кун олдин айтган. Лекин, менинг юрагимда бу худдики, мен туфайли юз бергандек туюлди. Яна бир бора ва сўнгги марта барча раҳбарларни алоҳида огоҳлантираман: бундан буён биронта ҳудудда ўқитувчи, шифокор ёки талабалар ободонлаштиришга жалб этилса, жазо жуда қаттиқ бўлади. Ишдан олиш билан бирга ўша раҳбар қонун олдида жавобгар бўлади. Менга фарқи йўқ, жуда катта хизмат қилган ҳоким бўлса ҳам, у ишдан кетади. Мен буни айтишга мажбурман, чунки бу давом этмоқда”, деган президент.

Шавкат Мирзиёев унинг вилоятларга боришига тайёрланаётган кўзбўямачилик ишларни ҳам танқид қилар экан, жойлардаги аҳволни ўзи жуда яхши билишини айтган:

“Мен осмондан пайдо бўлиб, тушиб келмайман: бир кун олдин қайси вилоятга ташриф буюришим ҳақида маълумот етказилади. Лекин, кўп жойларда кўзбўямачиликка йўл қўйилмоқда. Очиғи, менга бу ноқулай, менда нафрат уйғотмоқда. Ўқитувчиларни мажбурлаб чиқариб қўйиб, ободонлаштириш, уларга кўча супуртириш, тайёргарлик​ка жалб этиш - сиёсатга хиёнат. Бу ҳаракатлар фақат менга эмас, сиёсатга ҳам хиёнат”, деб айтган президент.

Президент фикрича, ҳокимлар мажбурий меҳнат билан ўзларига раҳмат эмас, балки лаънат олмоқда:

“Мен девор ортида нима борлигини, Ўзбекистонда қайси кўча супурилгани ё ободлигини жуда яхши биламан. Битта нарсани айтмоқчиман: йўлни супурганингиз билан ҳеч нима ўзгармайди, одамлар раҳмат демайди, лаънат айтади. Бизни дўстларимиз ҳам кўп, душманларимиз ҳам. Сиз мана шу ишларингиз билан душманларнинг тегирмонига сув қуймоқдасиз. Бутун вилоятлар ва туманлар раҳбарлари, мана шуни билиб олинг”, деган президент.

Шавкат Мирзиёев “одамларнинг баландпарвоз ваъдалардан чарчагани”ни, ҳатто мажлисларга ҳам тайёрланган махсус одамлар келаётганини билишини ҳам айтган:

“Юракдан чиқариб айтяпман, дўст бўлсангиз, бу ишларни тўхтатинг. Шунча йилда ҳеч нарса қилмаганмиз, бир ярим йилда буларни қила олмаслигимизни ҳам биламан. Айрим пайтларда ҳеч кимга ишонмай қоляпман, йиғилишларда ҳам ҳаммаси тайёрланган одамлар... Мен халқни эшитишга, дардини тинглашга келганман, баландпарвоз гапларни айтманг”, деб айтган президент.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён ўқитувчиларни ўз иши қолиб, дала ва ободонлаштириш ишларига жалб қилинаётгани маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид қилиб келинади.

Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш, айниқса, Ислом Каримов президентлиги даврида кучайган эди.

2016 йилда президент этиб сайланган Шавкат Мирзиёев таълим соҳасида ҳам бир қанча ислоҳотлар бошлаган эди.

Жумладан, ўтган йили сентябрь ойида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов барча олийгоҳ ўқитувчи ва талабаларини пахтадан қайтариш ҳақида топшириқ берган эди.

Ўтган йили пахта терими мавсуми олдидан бир қанча вилоят ҳокимлари ўқитувчиларни пахта теримига чиқармаслик ҳақида ваъда берган эди.

Лекин ўқитувчи ва шифокорларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш давом этди.

Озодлик радиоси сўнгги ойларда:

мактаб директорларини қаторасига териб, уларни ҳақоратли сўзлар билан бирма-бир дўппослаган Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев,

ўқитувчиларни "шакал", "тварь", "эшак", "ҳайвон" деб сўккан Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев,

пахта теримига кам одам чиқарган раҳбарларни 45 минут давомида 126 марта уятли сўз билан ҳақоратлаган Паркент тумани ҳокими,

боғча мудиралари, коллеж ва мактаб раҳбарларини “итдан тарқаган” деб ҳақорат қилган Бўз тумани ҳокими Абдурашид Мамиров тўғрисидаги мақолаларни чоп этган эди.

XS
SM
MD
LG