20 сентябрь куни Нью-Йоркда Ўзбекистон президентиШавкат МирзиёевАҚШда истиқомат қилаëтган 18 нафар ўзбекистонлик биланбир соатдан ортиқ мулоқот қилди. Мулоқотда қатнашганлардан айримлари бу мулоқотни ижобий баҳолаган бўлса¸ " Америка овози" мухбири Навбаҳор Имомова Нью-Йорк ташриф мобайнида Ўзбекистон президентининг мухбирлардан узоқ тутилганини "сўз эркинлигидан қўрқиш" аломати сифатида талқин этди.
Озодликнинг "Қурултой" давра суҳбатида қатнашган Имомовага кўра¸ сўз эркинлигидан қўрқадиган раҳбарнинг ваъдаларига ишониш қийин.
АҚШда истиқомат қилаëтган журналист Гулноза Саид эса президент билан учраша олмаган ватандошлардан бири эканлигини айтади.
АҚШда истиқомат қилаëтган Суҳроб Исмоилов ва Шуҳратжон Аҳмаджоновларнинг Мирзиëев билан учрашиш сўровига ҳам элчилик рад жавоби берган. Улар президентнинг ватанга қайтиш чақириқларини "популизмдан бошқа эмас"¸ дея баҳолашди.
Америкада яшайдиган сиëсатшунос Фарҳод Абдураҳмон эса “мамлакатда миллий ярашув эълон қилиниши” зарурлигини таъкидлади:
- Ватандошларнинг мамлакатга қайтишлари учун¸ менимча¸ биринчи навбатда Миллий ярашув эълон этилиши зарур. Бу аввало сиёсий мотив билан чиқиб кетганларга тегишлидир. Сиёсий муҳожирлар ватанга қайтишлари учун уларга ҳар томонлама давлат томонидан тўла кафолат таъминланиши талаб қилинади. Уларга душман кўзи билан қараш, уларни назорат қилиш каби ишларга чек қўйилиши даркор. Агарки сиёсий муҳожирлар орасидан кимлардир ҳақиқатда давлатнинг зарарига қандайдир жиноий ишларни амалга оширган бўлса¸ буни алоҳида кўриб чиқиб қарор қабул қилинса¸ мақсадга мувофиқ.
Давлат сиёсий муҳожирларни шу юртнинг тўла қонли фарзандлари¸ деб қабул қилсагина ҳақиқий Миллий ярашув юзага келади. Давлатимиз ҳақиқий демократик тузум тарафдори бўлса¸ бундан буён ҳар қандай муқобил фикрга бағрикенглик билан жавоб бериши, оппозицион партиялар фаолияти учун эркин майдон яратиши лозимдир.
Кейинги ўринда интеллектуал салоҳиятга эга бўлган ва айни пайтда турли давлатларда фаолият кўрсатаётган зиёлиларни ватанга қайтаришдир. Бу масаласида давлатимиз уларнинг қайтишлари учун рағбатлантириш чораларини кўрса¸ бу иш самарали бўлади. Жумладан, уларнинг меҳнатларига ҳақ тўлашда бошқача ёндашиш, уларни масъулиятли вазифаларга тайинлаш, бу инсонлар томонидан билдириладиган турли таклифларни инобатга олиш каби ишларни амалга ошириш керак бўлади.
Маълумки, мамлакатимиздан чиқиб кетган муҳожирларнинг катта қисмини меҳнат муҳожирлари, яъни бошқача айтадиган бўлсак¸ оддий қора иш билан хорижда юрганлар ташкил этади. Уларнинг асосий қисми Россияда меҳнат қилишади. Бу турга кирувчи муҳожирларнинг ватанга қайтишлари алоҳида катта мавзудир. Токи реал янги иш ўринлари яратилмаса, муносиб меҳнат ҳақи белгиланмаса, солиқ ставкалари камайтирилмаса, иқтисодий эркинлик берилмаса, коррупция қисқармаса меҳнат муҳожирларини қайтариш қийин бўлади.
Қисқача хулоса қиладиган бўлсак, қачонки реал иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар амалга оширилса¸ кўтарилган мавзу бўйича ечим топилади¸ дея таъкидлади сиëсатшунос Фарҳод Абдураҳмон.
Эшиттириш давомида президент билан учрашган 18 ўзбекистонликдан бири¸ ҳуқуқшунос Нодир Зокировнинг "Америка овози" радиосига берган интервюсидан парча эшиттирдик:
— Президент «қандай таклифлар бор?» деб сўраганида, ижтимоий-иқтисодий шароитлар республиканинг ҳамма жойида бир хил бўлишини, жумладан пойтахт Тошкентда мавжуд коммунал шароитлар вилоятларда ҳам бўлиши кераклигини айтдим. Ўзим қўқонлик эканлигимни айтиб, Қўқонда қиш мавсумида электр энергияси ва газда узилиш бўлишини айтганимда, Президент кулиб, гапимни бўлиб:
«Мен ўзим Қўқонга куёв ҳисобланаман, у ерда шундай муаммолар борлигидан жуда яхши хабардорман. Ўзим ҳам хижолат бўлиб юраман. Бу йил Қўқонга газ ҳам электр чироғи ҳам узлуксиз етказилади»¸ деди учрашувда қатнашганлардан бири Нодир Зокиров.
"Қурултой"да билдирилган фикрлар билан тўлишича қуйида танишишингиз мумкин.