Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:54

Хастимомда пайғамбар улуғланган монумент ўрнатилади


Композиция суратини унинг муаллифи Баҳодир Жалоловнинг ўзи Озодликка тақдим этди.
Композиция суратини унинг муаллифи Баҳодир Жалоловнинг ўзи Озодликка тақдим этди.

Ўзбекистон Халқ рассоми Баҳодир Жалолов Тошкентнинг Ҳазрати имом (Хастимом) мажмуасига ёндош қурилаëтган Ислом маданияти маркази учун монументал ҳайкал устида ишлаëтганини айтди. Озодлик суҳбатлашган таниқли рассомга кўра¸ мармар ва гранитдан ясаладиган бу ҳайкал “дунëга абадият хабарчиси бўлиб келган улуғ элчини тамсил қилади.”

Ҳайкал макети шу кунларда Ўзбекистон Миллий банки галереясида жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилинган.

Ислом санъатининг ташриф қоғози

Ислом маданияти марказини лойиҳалаш ишларини бажараëтган ижодий гуруҳ аъзоси бўлган меъморнинг 5 декабрь куни Озодликка айтишича¸ бу ҳайкал “Ислом маданият марказининг ташриф қоғози” бўлади:

- Композиция геометрик саҳн устидаги ер курраси узра муаллақ турган чақалоқ ҳайкалидан иборат. Бу фигура дунëмизга махсус миссия билан келган ва худодан бизга абадият муждасини етказган элчи (суҳбатдош шу ўринда “посланник” сўзини ишлатди -таҳр.) образидир. “Посланник бога” дея рус тилида олдик. Ўзбек тилига ҳали таржима қилмадик. Инглизчаси messenger of eternity¸ дейди суҳбатдош.

Меъморнинг таъкидича¸ худо сўзи ишлатилса¸ баъзилар шуурида зўриқиш уйғониши ва одамлар дарров қайси худо¸ кимнинг худоси дея савол беришни бошлаши эҳтимоли мавжудлигидан¸ ижодкорлар гуруҳи¸ композиция моҳиятини кенгроқ олиб¸ уни messenger of eternity деб аташни маъқул топган.

Нур нарвонидан тушган чақалоқ

Ислом маданияти маркази биноси олдига ўрнатиладиган “Абадият хабарчиси” ҳайкали муаллифи 69 яшар Баҳодир Жалолов ҳайкал макети суратини Озодликка жўнатди ва бу композиция тафсилотларини очиқлади:

- Чиройли бир проект бўлди. Раҳбарият қўллаб-қувватлади. Макетини тайëр қилиб қўйдим. Меъморлар билан ишлаяпмиз ҳозир. Агар мен юборган фотони кўрган бўлсангиз¸ тепадан нур билан тушаëтган чақалоқ акс этган. Ўртада эса курраи замин. Тагидаги квадрат ҳам бежиз эмас. Нақшбандийнинг онасинининг мақбараси шифтидаги коинот тасвирига асосландим. Хастимомда қурилаëтган Ислом маданият маркази таркибий қисмига киради мен яратадиган ҳайкал¸ дейди рассом.

Хастимомда пайғамбар улуғланган монумент ўрнатилади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:27:23 0:00
Бевосита линк

Ўзбек рассоми пайғамбар шаклини ясадими?

Рассом ўзи яратган асарни дунëга эзгулик хушхабарини элтган зот ҳақидаги композиция деб атади:

- "Посланник" дедим бу асарни номини . Энди ўзбекчага тўғридан-тўғри "Пайғамбар" десак ¸унча тўғри бўлмайди. Хушхабар етказиш учун ерга юборилган элчи ҳақида бу асар¸ дейди рассом.

Озодлик билан суҳбатда рассом Баҳодир Жалолов “исломда ҳайкал ясаш ҳамда расм чизиш тақиқига” ҳам тўхталди:

- Яқинда Дубайда кўргазмам бўлди. Араб шайхлари¸ зодагон мусулмонлар чизган асарларимни жуда яхши қабул қилишди. Уларнинг айтишича¸ исломда расм чизиш масаласида ҳали якуний тақиқ йўқ. Дубайда жуда кўп замонавий ҳайкалларни ҳам кўрдим¸ дейди рассом.

Дунëвий давлатдаги музей

Тошкентлик мунаққид Акмал Ризаев рассом Баҳодир Жалолов янги композициясини Ислом маданияти маркази ўнгига ўрнатиш режасини олқишлади:

- Ислом маданияти маркази масжид дегани эмас. Шердор деворига ишланган одам қиëфасидаги ой¸ шеър ва кийиклар¸ масалан¸ салафийлар назарида умуман вайрон қилиниши керак. Шу маънода марказ бир мазҳаб эстетикаси доирасидан чиқиб¸ бутун ислом оламидаги нақшу нигорларни ўзига жам қилиши керак. Баҳодир Жалоловнинг асари бировда эътироз уйғотади¸ деб ўйламайман¸ ҳатто бу композиция пайғамбарни акс эттирса ҳам. Муҳаммад Пайғамбар суратлари бугунги замонавий Эрон ва Ироқда минглаб тиражда чоп қилинади. Ўрта аср миниатюраларида ҳам тасвирланган. АҚШ олий суди биноси деворига Муҳаммад Пайғамбарнинг қабариқ ҳайкали (рельефи) ўрнатилганидан ҳеч ким роҳатсиз бўлган жойи йўқ¸ дейди мунаққид.

Абадият элчилари вайрон қилинган кун абадият хабарчиси дунëга келди

Рассом Баҳодир Жалолов Тошкентдаги Миллий банк галереясида ўзининг “Абадият хабарчиси” деган композициясини жамоатчиликка тақдим қилган куни унинг 1983 йилда яратган “Абадият элчилари” деган монументал панноси бузиб ташланди. Панно Тошкентдаги “Киночилар уйи” деворига чизилган эди. Рассомнинг “Баҳор” рақс ансамбли¸ Тарих музейи деворларига чизган расмлари ҳам ўз вақтида биринчи президент Ислом Каримов буйруғи билан вайрон қилинган эди.

Баҳодир Жалолов Озодлик билан 5 декабрь кунги суҳбатда¸ бундай эврилишларга фалсафий ëндашишини айтади:

- Тяньшан тоғларидаги буддовийлар ранг кукунларидан мандала расмини минг машаққат билан чизиб¸ кейин этагини бир силкиб ўчириб ташлашади. Бир - бор¸ бир - йўқ деган фалсафа бу. Битта асарим бузилса¸ ўрнига бошқа ўнта асар яратаман. Мен бу нарсага фалсафий қарайман¸ деди Озодлик билан суҳбатда рассом.

Исломий марказ

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ислом маданияти маркази ташкил этиш тўғрисида ҳукумат қарори жорий йил августида қабул қилинган эди.

Қарорда қайд этилишича, Марказ Ўзбекистоннинг асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепцияни ишлаб чиқади ва амалга оширади.

XS
SM
MD
LG