Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:18

Москвада ўзбек муҳожирларини калтаклаган полициячилар устидан текширув бошланди (ВИДЕО)


Москванинг Шимолий Бутово туманида ҳужжатларни текшириш жараёнида ўзбекистонлик икки муҳожирни калтаклаган полициячилар устидан текширув бошланди.

Мигрантлар ҳимояси билан шуғулланиб келаётган москвалик юрист Валентина Чупикдан олинган маълумотларга кўра, 9 март, кундуз соат 3:30 ларда Москва жанубидаги кўчалардан бирида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари: 28 ёшли Авазбек Сулаймонов ва 23 ёшли Суннатбек Назиров ҳеч қандай асосларсиз полиция томонидан тўхтатилган.

Полиция улар “миграция режимини бузганликда” гумонланаётганини айтган. Бироқ муҳожирлар бу иш билан полиция эмас, миграция хизмати шуғулланиши лозимлигини айтиб, полицияга ҳужжатларни кўрсатишдан бош тортган.

Бунинг ортидан муҳожирлар қўлга олинган ва кўчанинг ўзидаёқ калтакланган.

Юрист Валентина Чупик бундай деди:

- Бугун менга Шимолий округнинг шахсий таркиб бўйича инспектори Чуриков Руслан Александрович қўнғироқ қилиб, бу ходимларга нисбатан хизмат текшируви бошланганини билдирди. Ўзбек йигитлари кўчада ҳақиқатан ҳеч қандай асоссиз ушланиб, полиция ходимлари томонидан калтакланиб, Шимолий Бутово полиция бўлимига келтирилган. Ҳалиям болалар қўлида телефони билан полициячилар муомаласини видеотасвирга олишга улгурган, акс ҳолда полиция ходимлари ​ҳақ​ бўлиб чиқаверарди.

Ҳуқуқ фаолининг билдиришича, бу ишга у бошқараётган ташкилот аралашгани ортидан полиция ўша куни соат 17:21 да муҳожирларни узр сўраб қўйиб юборишга ва куч ишлатган ходимларга нисбатан текширув бошлашга мажбур бўлган.

Москвада ўзбек муҳожирларини калтаклаган полициячилар устидан текширув бошланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:59 0:00

Озодликка тақдим этилган видеотасвирларда ҳужжат сўраётган полициячиларга ўзбек мигрантлари бу иш билан миграция департаменти ходимлари шуғулланиши кераклигини тушунтиришга уринаётганини кўриш мумкин.

Полиция ходими бунга жавобан “Йўқ! бу билан полиция шуғулланади, бўлимда биттаси ўтирибди – яна бирини олиб келамиз”, дея таҳдид қилади. Ниҳоят, Авазбек ва Суннатбек ҳужжатларини тақдим этади, бироқ, полициячи “миграция картасида муҳр икки жойда бўлиши керак”, деган иддао билан йигитларни қўпол тарзда полиция машинасига тиқишни бошлайди.

Бу тўқнашув давомида уларга тан жароҳатлари етказилган, муҳожирлардан бирининг юзи шилинган.

Озодлик билан суҳбатда Авазбек Сулаймонов охирги вақтларда полиция ходимлари билан бемалол тортишаётгани ва ўз ҳуқуқлари таъминланишини қўрқмасдан талаб қилаётгани сабабларини тушунтириб берди.

- “Солнечная поляна” деган новостройка олдида тўхтатди бизни полиция. Документлар жойида эканини кўриб, пул беришга ишора қилди. Мен Интернетда кўрганимдек, телефон олиб съёмка бошладим, кўкракдаги жетон знакларини суратга олдим. Улар кутмаганди – ўйлагандики, биз қўрқиб ҳаммасини чиқариб берамиз! Бу нарса ёқмади уларга. Нега тўхтатгани сабабини сўрасам, “Просто так!” деди. Уларда эса текшириш учун асос керак! Мен шу нарсалар ҳақида Валентина Чупик курсларида ва сайтида кўрганман, ўқиганман. “Ҳақларингни талаб қилинглар – қачонгача отделенияма отделения пул бериб юрасизлар!?”- дейди. Қонунларни кузатиб бораяпмиз, ўрганяпмиз, деди полиция ходимлари билан қонун тилида сўзлашишни ўрганганини гапирган Авазбек.

Авазбек Сулаймонов: Қачонгача отделенияма-отделения юрамиз?!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:45 0:00
Бевосита линк

Валентина Чупикнинг фикрича, полиция раҳбариятининг ўз ходимлари устидан текширув бошлашига оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик муҳожирлар олган видеонинг кенг тарқалиши ва бунинг ортидан улар ҳимоясига бошланган жамоатчилик муҳокамаси сабаб бўлган.

- Бундай масалаларда ОАВда кўпроқ мақола-репортажлар чиқиши зарур. Шундагина биз қандайдир реакция ёки натижа кутишимиз мумкин. Аммо “Вести.уз”да бу ҳақда тескари маълумотлар тарқатилгани менинг ғазабимни келтирди. Биласизми, бу ҳодиса юзасидан Ўзбекистон элчихонаси ҳам расмий эътироз билдирмоқчи. Алишер исмли консуллик вакили болалар телефонларини олиб, олдига чақиртирибди. Улар борса – бўлган воқеа юзасидан рус тилида ариза ёзишни буюрибди. Рус тилини билмайдиган йигитлар яна индамасдан элчихонадан қайтиб чиқиб кетибди, - деди Валентина Чупик.

Суҳбатдош у бошқараётган ташкилот қўпол муомалада бўлган ҳуқуқбузар полициячилар ўз ишидан озод этилишини талаб қилишини айтди.

Россия Мигрантлар федерацияси маълумотларига кўра, 2018 йилда Россияда миграция қайдига турган ҳорижликлар сони 11,5 фоизга ўсган.

2018 йил давомида Россиядан жисмоний шахслар 9,5 млрд АҚШ доллари миқдорида маблағ жўнатган. Бу маблағнинг асосий қисми ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари томонидан юборилган.

XS
SM
MD
LG