Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:35

"Пулсизликдан қийналдим". Россиядан депорт бўлган ўзбеклар ҳикояси


Дилфуза Ҳайитова.
Дилфуза Ҳайитова.

Россия ҳужжатларида муаммо бўлган ёки майда ҳуқуқбузарлик содир этган мигрантларни ёппасига депортация қилишда давом этмоқда. Бадарға қилинган ўзбекистонликлар эса ватанларида иш йўқлигидан, зўрға кун кечираётганларидан нолийдилар.

Дилфуза Ҳайитова ҳамда Турсунали Жўраев Россиядан Ўзбекистонга 2024 йил баҳорда қайтариб юборилган. Улар “Настояшчее время” билан суҳбатда ватандаги ҳаёти ва қандай пул топишни режалашаётгани ҳақида сўзлаб беришди.

Дилфуза Ҳайитова Россияга 2023 йил декабрда ишлагани боради ва 2024 йилнинг март ойи охирига қадар Москвада идиш-товоқ ювувчи бўлиб ишлайди. Аёл “Крокус Сити Холл” терактидан сўнг Россиянинг кўплаб шаҳарларида ўтказилган мигрантларга қарши рейдлардан бирида ушланиб, депортация қилинади.

“Ўзбекистонда на иш бор, на пул, шунинг учун Россияга кетишга мажбур бўлган эдик. Шароитим оғир, уй қуришим керак эди, – ҳикоясини бошлайди Дилфуза. – “Крокус Сити”да рўй берган қонли воқеалардан сўнг мигрантлар устидан назорат кучайди. Бир куни ишхонада тушлик қилиб ўтирганимизда полициячилар келди. Улар патентларимизни ва патент билан бирга бериладиган чекларни текширишди”.

“Мен иш берувчи билан расмий меҳнат шартномаси тузмай ишлаб юргандим, шу боис патентимни бекор қилишди. 21 кун депортация марказида сақладилар. Давлат ҳисобидан чипта сотиб бериб, юртимга қайтариб юборишди”, дейди аёл.

Депортация қилинганидан сўнг у отаси ва қизи билан бирга Термизда яшамоқда. Дилфуза қизини ёлғиз катта қилаётганини айтади.

“Ҳозир менга жуда оғир. Қизим иситмалаб ётибди, дори-дармонга пулим йўқ”, ҳасрат қилади аёл.

“Крокус”дан сўнг: Тошкентда антитеррор рейдлари - ўнлаб одам ҳибсда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:08 0:00

Дилфуза Ўзбекистонга келганидан бери иш топа олмаган, пластик идишлар териб сотишдан ишлаган пули рўзғорга урвоқ ҳам бўлмайди. Ҳозирда уч жон асосан отанинг пенсиясига яшаб туришибди.

“Пулсизликдан чарчаб кетдим. Иш йўқ. Ҳатто давлат идораларида ҳам иш топиб бўлмаяпти. Баклажка териб кунига 30 минг сўм ишлайман, бу нон ва кундалик эҳтиёжимиздан ортмайди. Бизни отам боқиб турибди”, дейди Дилфуза.

Ҳайитова Россиядан бадарға бўлганидан сўнг уй солишга энди мутлақо қурби етмаслигини айтади.

“Пул йўқ. Қуришга имконият йўқ, – дейди у. – Ёлғиз онаман. Бошим қотган. Бирон ҳомий топилганида ҳам амаллаб қуриб олардик. Депортация қилмаганларида ўзим пул ишлаб қурган бўлардим. Турмушимиз бир оз яхшиланарди”.

“Россияда кунига 300 минг сўм пул ишлардим, Ўзбекистонга келганимдан бери пулсиз юрибман. Бу ерда на иш бор, на пул”, дей сўзини якунлайди Дилфуза.

Турсунали Жўраев – Россиядан бадарға қилинган яна бир ўзбекистонлик. У 2024 йилда Россияда мигрантларга босим кескин кучайганини эслайди.

“Ҳамма ёқда полиция рус бўлмаганларни қидиришни, ҳужжатларини текширишни бошлади, – дейди у. – Бизни террорчи ўрнида кўришарди, лекин биз террорчи эмасмиз, Россияга ҳалол меҳнат қилиб пул топгани борамиз, холос”.

Турсунали Россияда 13 йил ишлаган экан: жамоат транспортида ҳайдовчилик қилган, хусусий дачада қоровул бўлган. У Россияда қонуний ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз бир неча йил ишлагани тан олади. Бир куни, ахийри, мигрантларга қарши рейд чоғида полиция қўлига тушгач, уни Ўзбекистонга депортация қилганлар.

Россияда мигрантлар ҳуқуқларини кескин чекловчи қонун қабул қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:25 0:00

“Шу йилдан бошлаб қаттиқ текширишяпти. Ҳамма ёқда мигрантларни излашади. Шунақа қилиб қўлга тушдим-да. “Крокус” терактидан кейин текширувлар кучайди, – дейди у. – Илгари полиция бизга аҳамият бермасди, ҳар куни ишга қатнаганда улар ёнидан ўтардим, шаҳарда бемалол юрардим. Ҳозир бунақа эркинлик йўқ”.

“Ҳозир ҳужжатлари бор одамни ҳам текширавериб безор қилишади. Россияда умуман ишлаб бўлмай қолди”, нолийди Турсунали.

Депортация қилинганидан сўнг Турсунали Ўзбекистонда пул топиш йўлларини излашга тушади. Айтишича, Термизда массаж ва суякларни тўғрилаш билан шуғулланишни ўйлаб юрибди.

“Ўз мутахассислигим бўйича ишламоқчиман. Хусусий клиникада ишлаш ниятим бор. Ёки битта хонани ижарага олиб, массажчи-суяк тўғриловчи кабинетини очсам ҳам бўлади”, дейди у режалари ҳақида сўзлар экан.

Россия ИИВ маълумотига кўра, жорий йилнинг январидан июл ойига қадар мамлакатда “миграция қонунчилигининг бузилиши ҳолларини аниқлашга қаратилган 176 та тадбир”, яъни аксилмигрант рейдлари ва турли текширувлар ўтказилган. Ушбу текширувлар якуни бўйича биринчи яримйилликда чет элликларни Россиядан чиқариб юбориш ва депортация қилиш билан боғлиқ маъмурий суд қарорлари 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 53,2 фоизга кўпайган.

Форум

XS
SM
MD
LG