Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:25

Москвада Хитойнинг Шинжондаги сиёсатига қарши пикетлар ўтказилди (ВИДЕО)


Москвада Хитойнинг Шинжондаги сиёсатига қарши пикетлар ўтказилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:40 0:00

Пикет ташаббусчиси Баҳром Раҳмон Хитой элчихонаси олдида

Москвадаги Хитой элчихонаси олдида бир гуруҳ фаоллар Шинжон-Уйғур мухторияти маҳаллий аҳолига нисбатан қилинаётган зўравонликларни тўхтатиш талаби билан якка пикетлар ўтказди.

Қўлларига “Хитой! Концлагерни ёпинг - озодлик эшикларини очинг!”, “Хитойдан Шарқий Туркистондаги мусулмонлар концлагерини ёпишни талаб қиламиз!”” шиорларини кўтариб чиққан пикетчилар халқаро жамоатчиликни Шинжон-Уйғур мухториятида уйғур, қирғиз, ўзбек ва қозоқ миллатига мансуб одамларни таъқиб қилиш амалиётини тўхтатиш учун кўмак кўрсатишга, БМТ Хавфсизлик кенгашини бу масала юзасидан махсус резолюция қабул қилишга чақирдилар.

Москвадаги “Уйғурлар миллий-маданий бирлашмаси” раиси, асли шинжонлик Шариф Аҳмедов Озодликка кўплаб яқинлари “қайта тарбиялаш лагерларига” ташлангани, айримлари отиб ўлдирилганини айтди.

- Хитой Уйғуристондан чиқиб кетсин, у бизнинг Ватанимиз! Бошқа нарса талаб қилганимиз йўқ. Хитойлар барибир ўз лагерь, концлагерларини ёпмайди. У лагерлар да кунига мусурмонларни ариқ қазишни мажбурлар экан, Хитой партиясини кунига мақташни буюрар экан. Кейин, “Оллоҳ йўқ!” деб тан олиши керак экан лагердагилар ҳар куни, дейди Шариф Аҳмедов.

Пикетчи - уйғуристонлик Шариф Аҳмедов
Пикетчи - уйғуристонлик Шариф Аҳмедов

Россия қонунларига кўра, ҳар бир пикетчи орасида камида 50 метр масофа бўлиши шарт. Полиция плакат кўтарганлардан ҳужжатларини талаб қилди ва ҳар бир плакатдаги хитой ёзувларни таржима қилишни сўради.

Норозилик акцияси ташкилотчилари барча туркий давлат раҳбарларини шарқий туркистонликлар ҳимоясига қўшилишга даъват қилди.

- Бу ёлғиз пикетларнинг таъсири бўладими-бўлмайдими, биз шундай қилишимиз керакки, ҳукуматлар Хитойдаги қондошларимизга эга чиқиши керак, деб ўйлайман. Ахир туркий халқларнинг оёқости қилинаётганини Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон раҳбарлари қараб турмаслиги керак, - деди пикет ташаббусчиси Баҳром Раҳмон.

Баҳром Ҳамроев пикетда.
Баҳром Ҳамроев пикетда.

Норозилик акциясида қатнашган “Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти президенти Баҳром Ҳамроев халқаро ҳамжамият Хитой ҳукумати олиб бораётган сиёсатга қарши бирлашиши кераклиги тўғрисида сўзлади.

- Бизнинг асосий мақсадимиз – Хитой Шарқий Туркистондаги концлагерларини ёпиши керак. Хитой мамлакати бу қилаётган жиноятларини ўзи тан олиши керак. Бунинг учун БМТ ўзининг Хавфсизлик Кенгашига Шинжон-Уйғуристондаги вазиятни муҳокамага олиб чиқиши ва Хитой ҳукумати ҳатти-ҳаракатларини қоралаши керак! – деди ҳуқуқ фаоли.

Норозилик акцияси полиция назорати остида ўтди
Норозилик акцияси полиция назорати остида ўтди

Бундан аввалроқ Қирғизистонда, Қозоғистонда, АҚШ, Татаристон, Туркия ва бошқа давлатларда Шинжон-Уйғур мухториятидаги маҳаллий аҳоли ҳимоясига қатор норозилик акциялари бўлиб ўтганди. Қозоғистонга кўчиб келган хитойлик этник қозоқлар ҳам Олмаотада бир неча тадбир ўтказиб, қозоқ ҳукуматини «қайта тарбиялаш лагерлари»даги яқинларини озод этишга кўмаклашишга чақирган эди.

Бунинг ортидан Хитой икки минг нафардан кўпроқ этник қозоққа Қозоғистонга кўчиб кетиш учун рухсат берди. Уларнинг барчаси Хитой ва Қозоғистон фуқаролигига эга бўлган шахслардир.

Хитойда этник озчиликни ташкил этувчи миллатлар қаторида ўзбеклар ҳам борлиги маълум.

БМТнинг август ойида ўтказган текшируви натижасида Шинжон-Уйғур мухториятида 1 миллионга яқин мусулмон «экстремизмга қарши кураш» баҳонасида «қайта тарбиялаш лагерлари»да сақланаётгани аниқланган.

Хитой бу маълумотларни инкор қилиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG