Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:53

Россияда 4та консуллик очилди, Бухородан Россияга автобус қатнови бошланади


Москвадан Ўзбекистонга йўл олган автобус, 12-октябрь, 2017-йил
Москвадан Ўзбекистонга йўл олган автобус, 12-октябрь, 2017-йил

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тез орада меҳнат муҳожирларини Ўзбекистондан Россияга ташувчи автобус қатнови йўлга қўйилишини маълум қилди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса Россиянинг 4та шаҳрида янги консулликлар иш бошлаганини эълон қилди.

Sputnik нашрининг хабар қилишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, ушбу нашр мухбири билан суҳбатда, Россиянинг бир нечта федерал округида Ўзбекистоннинг бош консулликлари таъсис этилганини билдирган.

"Владивосток, Екатеринбург, Қозон ва Ростов-Дон шаҳарларида Ўзбекистоннинг бош консулликларини таъсис этиш ҳақида Россия ҳукуматининг фармойиши эълон қилинди", дея вазирдан иқтибос келтирди нашр.

Шу йилнинг 22-23 феврал кунлари Россияга борган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳамда Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев билан янги консуллик очиш ва муҳожирлар билан боғлиқ бошқа масалаларда музокаралар ўтказган эди.

Шунингдек, 25 февраль куни Sputnik нашрининг Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Зокир Умаровга таяниб хабар қилишича, тез орада меҳнат муҳожирларини Ўзбекистондан Россияга ташувчи автобус қатнови йўлга қўйилади.

Бу борада президент қарори лойиҳаси ҳозирланган ва тез орада ҳужжатнинг қабул қилиниши кутилмоқда. Хабарда ушбу қарорнинг номи ва мазмуни ҳақида маълумотлар келтирилмади.

Бунга қадар президент Мирзиёев тегишли давлат идораларига февраль ойи охирига қадар Ўзбекистон ватандошлари кўп қатнайдиган йўналишларни аниқлаб, автобус ва қўшимча поезд қатновини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берган эди.

Жумладан, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан "Йўловчи транспортда фавқулодда вазиятлар профилактикаси ва уларнинг олдини олиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидан ташқарига чиқадиган фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида" номли №42-сонли қарор қабул қилинган.

Қарорда "бир ой муддатда чартер қатновларни амалга ошириш, ҳаракатдаги темир йўл таркиби сони шу жумладан, плацкарт вагонлар улушини кўпайтириш, бюджети паст бўлган хорижий авиа ва темир йўл компаниялари, шу жумладан, “Россия темир йўллари” билан ҳамкорлик масалалари бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқиш режаланган".

Sputnik нашрига гапирган Меҳнат вазирлиги расмийсига кўра, ҳозирча Бухоро вилоятидан Россияга мунтазам автобус қатнови, шунингдек, Қозоғистон орқали Россияга қатновчи янги поезд рейсларини очиш ва поездларга қўшимча вагонлар улаш масаласи кўрилмоқда.

Меҳнат вазирлиги мулозими автобус қатнови тез орада йўлга қўйилиши, бунинг учун президент қарори даражасидаги бир неча қўшимча ҳужжат қабул қилиниши кутилаётганини билдирди.

Шу йилнинг 18 январида Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Иргиз туманидан ўтувчи "Самара-Чимкент" автомобиль йўлида автобус ёниб кетиши оқибатида 52 ўзбекистонлик нобуд бўлгач, Ўзбекистон ҳукумати муҳожирлар қатнови билан боғлиқ қатор чора-тадбирларни белгилади.

Жумладан, автотранспортда хорижга чиқаётган фуқаролар хавфсизлиги кучайтириш, давлат шартномалари асосида хорижга кетаётган меҳнат муҳожирлари учун самолёт ва поездлар чипталари арзонлаштириш, рейслар сонини кўпайтиришга қарор қилинди.

Россия ИВВ берган маълумотга кўра, ҳозирда бу давлатдаги жами мигрантларнинг 10 фоизи ёки 1 миллионга яқинини ўзбекистонликлар ташкил қилади. Ўзбекистонликрларга Россияда ишлаш учун берилган жами рухсатнома - патентнинг ярми (765 мингтаси) расмийлаштирилган.

XS
SM
MD
LG