Россиядан Ўзбекистондаги оилаларига юк юбораётган меҳнат муҳожирлари ҳар бир кило юк учун олинаётган хизмат ҳақининг қўшни Тожикистон ва Қирғизистонга нисбатан 8-10 баробар қимматлигидан арз қилишмоқда.
Озодлик мухлислари охирги пайтларда мигрантлар юборган юкларнинг йўқолиб қолиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини айтишади.
Юк ташувчи ҳайдовчилар ва тадбиркорлар муаммонинг ҳаммаси чегарадаги олиб кирилаётган ҳар бир килограмм буюм учун қўйилган “3 долларлик” божда эканига ишора қилмоқда.
“Тожикистон ва Қирғизистонга юк жўнатиш 10 баробар арзон!”
Россияда меҳнат қилаётган ўзбек муҳожирлари ўз юртига пулдан ташқари, маиший техника, кийим-кечак, турли буюм ва хўжалик молларини ҳам жўнатишади. Пулни улар, асосан банк ва пул жўнатмалари орқали юборса, мол-ҳол жўнатишда юк ташувчи ҳайдовчиларнинг хусусий бизнесларидан фойдаланади.
Айниқса, чегаралар ёпилганидан кейин ва мигрантларнинг борди-келдиси кескин чекланиши ортидан бундай хизматларга эҳтиёж янада ошди.
Ўзбекистон-Россия ва Қозоғистон-Ўзбекистон йўналиши бўйича юраётган минглаб оғир ва ўрта оғирликдаги юк ташишга мўлжалланган машиналар билан бирга, бу бизнесга енгил машиналар ҳам жалб этилгани маълум.
Озодлик радиосига Санкт-Петербургдан мурожаат қилган Бекзод исмли ўзбек муҳожири Ўзбекистонга жўнатиш учун ҳар бир килограмм юкдан 250-300 рублгача (3-4 АҚШ доллари-таҳр.) “ставка” қўйилганидан шикоят қилди. Суҳбатдош қўшни Тожикистон ва Қирғизистонга айни юкни юбориш 10 баробар арзонга тушаётганини гапирди:
- Ҳозир “Камаз”, “Газель” ва бошқа катта фураларга чегара очиқ - бемалол олиб бориб, юкларни ўткизишяпти. Ўзбекистонда киритилган қонунга кўра, 1 минг доллардан тепасига 3 доллардан бож қўйилган. Ҳар бир янги кираётган фуқарога Ўзбекистонга 6 ойда бир марта маиший техника - телевизор, совуткич олиб киришга рухсат бор. Менимча, Ўзбекистонда “Артел”га ўхшаган монополистлар чиққани учун товар ёки ҳатто эски буюм олиб кириш қийинлашиб қолди. Оқибатда сиз Ўзбекистон ичкарисидаги товарларни сотиб олишга мажбур бўласиз. Ҳозир Қирғизистонга ва Тожикистонга юкни килосини 30-60 рублга олиб боришяпти, ҳеч қандай чеклов йўқ. Ўзбекистонга эса 230 рублдан 300 рублгача қилиб қўйган! Самолётга олинадиган нарх билан бир хил қилволишган. Сўрасангиз, “Растаможкага 3 доллардан пул беряпмиз!”, дейишади, - дейди Бекзод.
Ўзбек муҳожири кўплаб водийлик муҳожирлар Тожикистоннинг Конибодоми орқали жўнатиб, чегарадан юкни олиб ўтиш ҳар килоси 60-70 рублга (салкам 1 АҚШ доллари-таҳр.) тушаётганини билдирди. У худди шундай Қирғизистоннинг Ўш шаҳри орқали ҳам юкларни Ўзбекистонга олиб кириш 70-80 рублга тенг бўлаётганини таъкидлади.
- Ўзбекистон орқали кетаётган “Камаз” ҳайдовчилари юртдошларимиз мол-мулкини бир неча баробар арзонга Бухоро ёки Нукусга ташлаб ўтиб кетяпти. Юк ташиш билан чегаралар ёпиқ бўлган бир пайтда Россияга помидор ёки мева-чева олиб келаётган “фура”чилар шуғулланяпти. Уларга мижоз топиб бериш, реклама билан эса блогерлар шуғулланяпти, - деди Бекзод.
“Муаммо ўша “3 долларлик” чекловда!”
Озодлик вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида юк ташиш бизнеси билан шуғулланаётган ҳайдовчилар билан боғланди. Исмини айтмаган тадбиркорлардан бири муаммо Ўзбекистон давлат чегарасида олинаётган “3 долларлик” божда эканига эътибор қаратди.
- Тошкентга, водийга - 250 рубл. Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразмга 270 рублдан олиб кетиляпти. Тожикистон, Қирғизистонга “растаможка” йўқ бўлгани учун уларда арзон. Тожикистонга, масалан, бир фура мебел ёки ёғочни бостириб, олиб кетсангиз ҳам кириб кетаверади. Ўзбекистонда “лес”гаям, битта сумкагаям килоси 2,5 доллардан тепада “растаможка” қилади. Бу нарса илгаридан борку! - деди бизнесмен.
Россиядан Ўзбекистонга юк ташувчи навоийлик ҳайдовчилардан бири Ўзбекистонга юк олиб кириш билан боғлиқ вазият чегарада кўплаб коррупция ҳолатлари ва адолатсизликни келтириб чиқаряпти, дейди. Исмини ошкор қилмасликни сўраган шофёр аслида Россиядан эски-туски буюмлар ва маиший техника юборилишини айтади.
- Чегарада ҳақиқатан юк ташиётган фургонлардан 3,3 доллар ҳар бир килограммга бож олинади. Боргунча молни рус, кейин қозоқ чегарасида битталаб текширишади. Ўзбекистонда эса майдалаб, ҳамма нарсани қўл аппарати билан рентген қилади, буюмларни титворади! Тожикистонликлар машинасига пломба уриб, чегараларда катта рентген аппаратларидан ўтиб, юкни ёймасдан кетаверади.
3,3 доллар деганингиз ўша 250 долларлага бориб қоляпти - ҳайдовчиларга йўл харажатлари билан 40-50 рубл қоляпти ҳар килодан. Бу пуллар давлатга тушса яхшику-я, фақат у ерда махинация кўп: қайси товар-буюмга қанча нарх қўйиб чегарадан олиб киришда, пора эвазига оғирликни камайтиришда ва ҳоказо. Аслида, Россиядан ҳатто янги нарсаларни жўнатишнинг ҳожати қолмади. Натижада бечора мигрант чўнтагидан тўлашга мажбур! Охирги пайтларда килосини 150 рублга олиб кетувчилар пайдо бўлган. Бир машина юкни йиғиб, ўзлари йўқ бўлиб кетяпти. Ундаги нарсалар эртага ёймада сотиляпти, - дейди суҳбатдош.
У муҳожирларнинг уйига юборган совға-саломлари йўлда йўқ бўлаётганига юк эгаси ва ҳайдовчи ўртасида фақат оғзаки келишув мавжудлигини ҳам сабаб қилиб кўрсатди. У айниқса Қозоғистон чегарасидаги тинтувлар юкларнинг йўқолишига ҳам олиб келаётганини билдирди.
Ижтимоий тармоқларда эса мигрантлар мол-мулкини етказиб бермаган муҳожирлар тўғрисида видеороликлар пайдо бўла бошлади.
Озодлик суҳбатлашган бошқа ҳайдовчилар ҳам Ўзбекистон ҳукумати томонидан чегарада ўрнатилган “3 долларлик” чеклов олиб ташланса улар юк ташиш нархларини кескин туширишга мажбур бўлишини маълум қилди.
(Пешкўлик ҳайдовчиларнинг 2020 йил январида президентга мурожаати)
2020 йил, 1 январдан президент Шавкат Мирзиëевнинг «Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиëжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори кучга кирганди. Қарор муаллифи Давлат божхона қўмитасидир.
Танқидчилар ушбу қарор Ўзбекистонни дунëнинг энг қашшоқ ва қолоқ давлатлари - Ҳаити¸ Зимбабве ва Венесуэла сафига қўшиши¸ коррупцияни кучайтириб¸ халқни ўз маҳсулотларини қиммат нархда сотиб олишга мажбурлаëтган саноқли монополистларга хизмат қилишини таъкидлаб келади.
Қарор лойиҳасига нисбатан жамоатчилик фикри мутлақ негатив бўлганига қарамай¸ 7 ноябрь куни Шавкат Мирзиëев уни имзолаган эди.
Ўтган йил октябрида Ўзбекистон президентининг “Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси муҳокамага чиқарилган эди.
Унда “2021 йил 1 январдан бошлаб божхона тўловлари олинмайдиган халқаро курьерлик жўнатмаларида жисмоний шахснинг манзилига келиб тушадиган товарларни республикага олиб киришнинг энг юқори меъёрини, бир календарь чоракда биринчи қабул қилинганда, 1000 AҚШ долларидан 200 AҚШ долларигача тушириш ва брутто оғирлиги 10 килограммдан ошмаслиги бўйича Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва Молия вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин", деб таъкидланган.