Самарқанд Давлат университети Тарих факультетининг 2-босқичи битирувчиларидан 35 нафари жорий йилда ўз курсида қолдирилди. Озодликка боғланган талабаларга кўра, курсда қолдирилганларнинг барча битта фан- Ўрта асрлар тарихидан бўлган якуний имтиҳондан ўта олишмаган. Талабалар ушбу фан бўйича уларга тўлиқ билим берилмаганини иддао қилди. Университет раҳбарияти бу иддаони инкор қилиб, талабаларнинг ўзини билимсизликда айблади.
“Курсимизда ноҳақ қолдиришди”
Озодликка боғланган Самарқанд Давлат университети Тарих факультети талабалари ўзларининг ноҳақ равишда кейинги курсга ўтказишмаганини иддао қилди.
“СамДУнинг тарих факультетида ўқиймиз. 2-курсдан 3-курсга 35 талаба ўта олмадик. Ўзбек гуруҳидан 26 талаба, рус гуруҳидан 9 талаба 2-курсда қолдик. Биз яна бир имкон беринг, тайёрланиб кўриб, яна бир ҳаракат қилиб кўрайлик десак, рухсат беришмаяпти. Ўзи контрактга ўқиймиз. Яна бир йил ортиқча контракт пули тўлашимиз керакми энди? Талабалар имконияти ва талабларини умуман инобатга олишмаяпти. Бизни ноҳақ йиқитишаяпти”, дейди Озодликка боғланган талаба йигит.
Талабалардан яна бирининг айтишича, 35 нафар талабанинг барчаси битта фандан имтиҳон топшира олмаган.
“35 талабанинг ҳаммаси доцент Муқаддас Ҳошимова ўтадиган Ўрта асрлар тарихи фанидан йиқилдик. Нимага фақат биз-талабаларни айблашади. Ҳеч ким “Балки домла ҳам айбдордир” деб ўйлаб кўрмайди. Муқаддас опа сессия бошида 2-3 пара лекцияни ўзи ўтган. Кейин асистентлари бизга дарс ўтган. Имтиҳонга келганда яна Муқаддас опанинг ўзи пайдо бўлаяпти. Ўқитувчи ўзи ўргата олмаётгандир, деб ҳеч ким сўрамайди. Нимага 35 талаба бошқа ҳамма фанлардан бўлган имтиҳонлардан ўтадию, фақат битта фандан йиқилади?”, дейди исмини очиқламаслик шарти билан гаплашган талабалардан бири.
Доцент Ҳошимова: Талабаларнинг ўзи айбдор
Жаҳон тарихи кафедраси мудири Муқаддас Ҳошимова Озодлик билан суҳбатда талабаларнинг ўзи айблади.
- Бу талабалар ўз вақтида ўзлаштирмади. Назоратларга қатнашмади. Қатнашган бўлса ҳам ёза олмади. Уларни неча марта огоҳлантирдик. Тушунтириш хати ёзиб берди. Кейин ота-оналарига айтдик, улар ҳам ёзиб берди. Кейин талабалар “дарсни ўзи ўтмади” деяпти. Лекин ўзим ўтганман. Энди бизда устоз-шогирд тизими бор. Иккинчи курс магистрлари низом асосида 50 соат дарс ўтиб бериши керак. Улар ўзимнинг шогирдларим. Улар тайёрлангач, ўзимнинг иштирокимда улар дарс ўтган, буни яширмайман. Бу дарслар сифатсиз бўлди¸ дегани эмас. Ўзим назорат қилганман ҳаммасини.
Ректор: Уларга имкон бердик
Самарқанд Давлат университети ректори Рустам Халмурадов Озодлик билан суҳбатда курсидан ўтолмаган талабаларга ёз давомида имконият
берилгани, бироқ улар ўша имкониятдан ҳам фойдлана олмаганини таъкидлади.
- Булар уч марта имтиҳон қайтариб топширган. Биринчи марта топширади ҳамма қатори. Иккинчи ведемость деймиз, муайян вақтдан кейин қайта топширади. Учинчиси комиссияга топширади. Бир неча кишидан иборат бўлган муаллимларга. Булар ўша комиссиядан ўтмаганлар бўлиши керак. Бир марта имтиҳон топширган билан хулоса қилинмайди.
Талабаларнинг ўзи билимсиз
Доцент Ҳошимованинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, талабалар орасида билимсизлари кўпчиликни ташкил қилади.
- Шундай талабаларимиз бор. Асрларнинг фарқига бормайдиган талабаларимиз бор. Оддий мактаб программаларини билмайдиган талабаларимиз бор.
Муқаддас Ҳошимова тест жараёнларида иштирок этмагани боис, билимсиз ёшлар қандай қилиб, талабалар сафига қўшилиб қолаётганидан бехабарлигини айтди.
Ректор Рустам Халмуродов университетдаги талабалар орасида билими пастлари кўплигини таъкидлади.
- Университет бўйича 10 мингга яқин талаба бўлиб, ҳар йили 200 атрофидаги талаба курсида қолдирилади. Агар буларнинг ҳақиқий билимини тарозига соламан десангиз, бу рақам 5-10 баробар каттароқ бўлиши керак. Ҳақиқий билим талаб қилмаган десак, дейди ректор Халмурадов.
Ректор Рустам Халмуродов олийгоҳларда ислоҳот ўтказишдан аввал, боғча ва мактабларни ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлади.
Жорий йил 5 июндаги президент Мирзиёевнинг олий таълим муассасаларида таълим сифатини оширишга мўлжалланган махсус қарорида бугунги кунда олий тизимдаги ўқитиш жараёни танқид қилиниб, бунинг талабга жавоб бермаслиги таъкидланган. Қарорга кўра, эндиликда ушбу тизим тубдан ислоҳ қилиниши режаланган.