Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:53

"Ҳар бир қадамим кузатувда". Сайлов олдидан сиёсий фаолларга босим кучайди


Мирзиёевнинг махфий "Шоввозсой" қароргоҳини фош қилган Алексей Гаршин шу йил июлида сиёсий партия тузиш режасини эълон қилганидан буён қаттиқ назоратга олинганини айтмоқда.
Мирзиёевнинг махфий "Шоввозсой" қароргоҳини фош қилган Алексей Гаршин шу йил июлида сиёсий партия тузиш режасини эълон қилганидан буён қаттиқ назоратга олинганини айтмоқда.

Ўзбекистонда президент сайловига бир ҳафтадан кам вақт қоларкан, мамлакатдаги сиёсий мухолифат ҳамда фуқаро жамияти фаоллари ўзларига нисбатан босим кучайганини айтишмоқда. 18 октябрь куни Озодлик суҳбатлашган деярли барча фаоллар назорат остига олингани ва турли кўринишдаги босимлар бўлаётгани ҳақида гапиришди.

Ўзбекистон ҳукумати шу йил бошида президент сайловида қатнашишини эълон қилган мухолиф фаолларнинг мустақил сиёсий партияларни рўйхатга ўтказиш ҳаракатларига тўсқинлик қилган, ташаббус гуруҳлари раҳбарлари турли босимлар ва ҳужумларга учраганди.

Шу йил июлида Ўзбекистон Адлия вазирлиги мустақил "Ҳақиқат ва тараққиёт" партиясининг рўйхатдан ўтиш ҳақидаги сўровини имзо тўплашдаги камчиликлар важидан рад этди. Аввалроқ мамлакатдаги биринчи мухолиф сиёсий партия бўлган "Эрк" демократик партиясининг ўз фаолиятини қайта тиклаш уринишлари шахсан Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг қаршилигига учраган эди. 2020 йил январида бир гуруҳ "Эрк" фаоллари билан учрашган Давлетов "Эрк" партияси тарихда қолганини айтиб, унинг фаолиятига изн берилмаслигини айтган эди.

Айни пайтда амалдаги президент ва ЎзЛиДеп номзоди Шавкат Мирзиёев дохил сайловда қатнашаётган беш партия номзодларининг "ишончли вакиллари" 19 октябрь куни давлат телевидениесида ўзларининг биринчи сайловолди мунозарасини ўтказиши эълон қилинди. Марказий сайлов комиссияси нима учун сайловолди дебатлари номзодларнинг ўзлари эмас, балки ишончли вакиллар ўртасида ўтказилаётганига изоҳ бергани йўқ.

Мунозара Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг сайловни кузатиш миссияси "сайлов иштирокчилари орасида мазмунли мулоқот йўқ" деган ҳисоботи ортидан ўтказилмоқда.

Ташкилот ўзининг 8 октябрь куни эълон қилган оралиқ ҳисоботида мустақил сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиш уринишлари муваффақиятсиз бўлганини қайд этган.

Ҳисоботда шунингдек, сайловолди тарғиботларида рақобат йўқлиги, ҳукумат сайловчиларнинг ҳуқуқларини чеклашда давом этаётгани ва мустақил номзодлар иштирокига йўл очиш борасидаги тавсиялар бажарилмагани таъкидланади.

Ҳисоботда тилга олинган камчиликларга қарамасдан, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Ўзбекистондаги президент сайловини кузатиш миссияси раҳбари Оуэн Мёрфи Озодлик билан суҳбатда Тошкентга тўлақонли кузатувчилар гуруҳини юбориш қарорини ҳимоя қилди.

Жаҳонгир Отажонов Ўзбекистондан чиқарилмади

Шу йилнинг 17 октябрь куни мухолифатдаги “Эрк” демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзодини илгари сурган ва кейинчалик ўзи ва яқинларига босимлар ортидан фаолиятини вақтинчалик тўхтатишини айтган Жаҳонгир Отажонов Урганч аэропортидан чиқарилмади.

Озодлик билан суҳбатда хонанда Жаҳонгир Отажонов Истанбулга учиб кетаётган пайт учоқдан тушириб қолдирилганини айтди:

- Ўғлим футбол ўйнайди – елкаси синиб қолибди, шунга Истанбулга учишим керак эди. 17 октябрда чиқиб кетиб, 27-да қайтишга билет олгандим, операция бўлса олдида турай, деб. Қайтишим керак эди – тўйларим бор. Чегарада атташе паспортимни олиб, “5 дақиқа кутиб туринг!”, деди ва қайтиб келиб, “Сиз чиқиб кетолмас экансиз!”, деди. Шундай муаммо бўлишини сезсам-да, сабабини сўрадим. “МИБ билан суд масаласида тақиқ!”, дейишди. МИД масаласида бўлса, мен сиёсий фаолиятимни бошлаганимдан кейин шундай муаммолар бўлмасин, деб алиментларимни олдиндан тўлаб қўйганман – ҳар ой инспекторимга ҳисобот жўнатиб тураман! Юнусобод туман МИБи ҳам тақиқ йўқлигини тасдиқлаганди. Мажбур, қайтиб кетдим", - деди Жаҳонгир Отажонов.

Жаҳонгир Отажоновнинг 17 октябрь эрталабки 8:30даги HY 279 “Урганч-Истанбул” рейсидан тушириб қолдирилгани сабаблари тўғрисида унинг ўзига тақдим этилган актда “Хизмат зарурати туфайли” дея ёзилганини кўриш мумкин.

Суҳбатдош ҳозирда унга мамлакатдан чиқишга қўйилган тақиқ сабаблари борасида расмий жавоб кутаётганини билдирди.

Айни пайтда "Эрк" партияси ўзининг яна бир фаоли 26 яшар қашқадарёлик шоир Раҳмиддин Абраев ҳам шу йил августидан буён ҳибсда қолаётганини айтмоқда. Шу йилнинг май ойида "Эрк"нинг Тошкентда бўлиб ўтган қурултойида қатнашган Абраев орадан бир неча кун ўтиб, 3 йил олдин ўзига нисбатан тайинланган ҳаракатланишга тақиқни бузганликда айбланиб, ҳибсга олинган.

“Хитойчи” Валижон Калонов руҳий экспертизага жўнатилди

Шу йилнинг августидан буён ҳибсда қолаётган жиззахлик блогер Валижон Калонов эса шу кунларда экспертизадан ўтиш учун мажбуран руҳий шифохонага юборилган.

Амалдаги президентнинг ашаддий танқидчиларидан бири, “аксилхитойчи” номи билан танилган 52 яшар Валижон Калоновнинг мажбуран руҳий касалликлар диспансерига юборилганини 18 октябрь куни Озодликка унинг акаси Алижон Калонов тасдиқлади.

- Валижонни Самарқанд психдиспансерига экспертизага олиб борганди. Бунга 1-2 ҳафта бўлди. Ҳозир Жиззахга КПЗга (вақтинчалик ҳибсда сақлаш камераси-таҳр.) олиб келган. Энди Тошкентга жиннихонага экспертизага олиб борармиш. Ушлаб туришгани сабабларини айтмаяпти. Терговчига “У тентак бўлмаса, бошқа бўлмаса. Унга укол-пукол қилманглар”, дедим. Кеча озиқ-овқат олиб боргандим, узоқдан бўлса ҳам кўрай, десам, кўрсатишмади. Терговчи аҳволи яхши деяпти – ким билади, энди. Сабабларини сўрасам, у президентга туҳмат қилган, деб баҳона қилишяпти. “Коррупция бошида ўзингиз турибсиз!”, дегани учун ушлаб туришибди, бошқа сабаби йўқ, - деди Алижон Калонов.

Алижон Калоновнинг айтишича, ўзаро суҳбатда терговчи унинг укасига нисбатан бирор жиноят иши очилмагани ва у фақат Интернет тармоқларидаги сиёсий чиқишлари учун ушлаб турилганини тасдиқлаган.

Фейсбукдаги сўнгги чиқишларидан бирида Валижон Калонов сайловчиларни амалдаги президент Шавкат Мирзиёевга овоз бермасликка чақирганди.

Шу йилнинг 19 апрелида Давлат хавфсизлик хизмати Жиззах вилоят бошқармаси Валижон Калоновга нисбатан Жиноят Кодексининг 158-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатгани маълум бўлган эди.

Расмий хабарда Калонов ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Президентини ҳақоратлайдиган, унинг обрўсига путур етказадиган ва камситадиган маълумотларни тарқатиб, туҳмат қилиб келаётгани айтилган.

Германиядаги “Ўзбек форуми” инсон ҳуқуқлари гуруҳи 2021 йилнинг 21 сентябрь куни Берлинда тақдим этган ҳисоботда Ўзбекистонда ҳукумат танқидчиларини мажбуран руҳий шифохонага жойлаштириш амалиёти Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида ҳам қўлланилаётганини айтган эди.

Гаршин: “Ҳар бир қадамим кузатувда!”

Яна бир сиёсий фаол, аввалроқ коррупцияга қарши курашиш мақсадида янги сиёсий партия тузиш режасини эълон қилган Алексей Гаршин ҳам қаттиқ назоратга олинганини айтмоқда.

- Сиёсий партия ташкил этишимни эълон қилганимдан бошлаб менинг устимдан қаттиқ назорат ўрнатилди. Ҳар бир қадамимни кузатишяпти. Мен билан алоқага чиққан ёки чиқмоқчи бўлган фаолларнинг ҳаммасига “Гаршин билан муносабатга киришманг!”, деб очиқчасига таҳдид қилишаётган экан. Биринчи қаватда яшаётган қўшним ҳам уйим ёнида доимо машина турганини айтди. Бирор бошқа жойга бориб қолсам, дарҳол орқамдан топиб боришяпти. Билишимча, телефонимни биллинг орқали аниқлаб, қаердалигимни топишяпти. Ҳар қандай ортиқча ҳаракатим кузатувда эканини ҳис этяпман, деди 18 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда Алексей Гаршин.

Ўзбекистонлик таниқли блогер, президент Шавкат Мирзиёевнинг махфий “Шоввозсой” қароргоҳини фош қилган Алексей Гаршин “Озод Ватан” партияси таъсис қурултойига ҳозирлик кўрилаётганини маълум қилган эди.

Шу йил июлида Гаршин ва 20 га яқин фаоллар тез орада партиянинг илк қурултойини ўтказишга тайёргарлик кўраётганликларини айтишганди.

Айни пайтда Парижда жойлашган Марказий Осиёда Инсон Ҳуқуқлари Ассоциацияси эса тошкентлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Клара Сахарованинг ҳибсга олиниш эҳтимолидан хавотир билдирди.

Ташкилот Инсон Ҳуқуқлари йўлидаги Халқаро Ҳамкорлик (IPHR) гуруҳи билан биргаликда эълон қилган баёнотда Сахарова сиёсий сабаблар билан икки ярим йилдан кўпроқ қамоқда ўтирганидан кейин ўтган йилнинг 20 октябрида вафот этган марҳум сиёсий маҳбус Андрей Кубатиннинг синглиси экани эслатилади.

Баёнотда айтилишича, Клара Сахарова шу йилнинг 8 октябрь куни Тошкент шаҳрининг 3 -сонли Бектемир тумани Ички Ишлар Бўлими ходими томонидан "профилактика муҳокамаси" учун милиция бўлимига чақирилган. У ерда Сахарова аввалига ўзи ишлаган компания таъсаруфидаги хусусий кўп қаватли уйлар ташқарисида керакли тозалаш ишлари олиб бормаганликда, кейин эса, милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаганликда айбланган. Ходим Сахаровани "одамларни ғалаёнга ундашда" ҳам айблаган.

"Биз Ўзбекистон ҳукуматини Клара Сахаровани ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ фаолияти учун тазйиқ ва таъқибларга дучор қилинмаслигини таъминлашга, уни ҳибсга олган ва таҳдид қилган милиция ходимининг ҳаракатларини текширишга чақирамиз", дейилади ташкилот чиқарган баёнотда.

Ўтган ҳафта Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистонда “инсон ҳуқуқлари борасидаги охирги муваффақиятсизликлар”дан огоҳлантирди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти 13 октябрь куни чиқарган баёнотида таъкидланишича, қўйилаётган чекловлар Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилгани айтилаётган ислоҳотларнинг “чекланганлигини кўрсатади”.

Ташкилотга кўра, қаттиқ назорат қилинадиган Ўзбекистонда давлат ОАВларида алоҳида тарғиб қилинаётган Мирзиёевнинг 24 октябрдаги сайловда қайта сайланиши деярли аниқ.

“Ўзбекистон ислоҳотларни кун тартибига қўйиш орқали жиддий халқаро эътиборни ўзига жалб қилди, аммо инсон ҳуқуқлари соҳасидаги охирги ортга кетишлар ва сайловда мухолиф ва мустақил номзодларнинг йўқлиги бу даъволарнинг чекланганини кўрсатади”, деб айтган HRWнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳью Уильямсон.

PS: Ушбу мақола нашрга тайёрланаётган пайтда Озодлик Ўзбекистондаги фаоллардан бири мамлакатни тарк этгани ҳақида хабар олди.

Исмини ва қаерда эканини ҳозирча сир сақлашни сўраган фаол сайлов арафасида ўзи ва яқинларига нисбатан қаттиқ босимлар уни мамлакатни тарк этишга ундаганини билдирди.

XS
SM
MD
LG