Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:18

Норозилар Сергели ҳокимлигидаги мажлисда Бош вазир билан муросага келди (ВИДЕО)


Ўзбекистон - Тошкент шаҳар, Сергели туманида аҳоли уйлар нархи ортиб кетганидан норозилик билдирди. 2019, 10 апрель
Ўзбекистон - Тошкент шаҳар, Сергели туманида аҳоли уйлар нархи ортиб кетганидан норозилик билдирди. 2019, 10 апрель

11 апрель, куннинг иккинчи ярмида аҳоли билан Сергели туман ҳокимлигида ўтказилган учрашувда ҳукумат раиси уйлар нархи ошиб кетганидан норозиларнинг эътирозларини тинглади ва вазиятни имкони борича ўнглаш чоралари белгиланди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган ҳокимлик мулозимига кўра, учрашувда Бош вазир Абдулла Арипов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевлар қатнашган.

Куннинг биринчи ярмида Тошкент шаҳрининг барча ҳокимликлари расмийлари ўзларининг Сергелига кўчган аҳолиси билан учрашган эди.

11 апрелдаги учрашувлар 10 апрель оқшомида Тошкент шаҳар Сергели туманидаги Қурилиш штаби олдида бўлиб ўтган норозилик акцияси ортидан ўтказилди.

Сергелида қурилаётган кўп қаватли уйлардан квартира олаётганлар нархлар дастлаб эълон қилинганидан кескин ортиб кетганидан норозилик билдирмоқда.

Норозилар Сергели ҳокимлигидаги мажлисда Бош вазир билан муросага келди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:50 0:00
Бевосита линк

Сергели ҳокимлигида 11 апрель куни ўтказилган учрашув якунлари бўйича вазиятни ўрганиш учун Ҳукумат комиссияси тузишга қарор қилинди.

Комиссияга бир ой ичида Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда банк-кредит масалаларини ўрганиш; Қурилиш вазирлиги билан эса, қурилган уйлар сифати даражасини ўрганиб, камчиликларни бартараф этиш чораларини белгилаш вазифаси юклатилди.

Сергелида норозилик акциялари 9 апрель куни бошланди. Шу куни қарийб 60 киши Президент девонига уйлар қимматлаб кетганидан шикоят қилиб борди. Норозиларнинг иддаосича, расмийлар уларни алдаб, 3 та автобусга солиб, Президент девони олдидан олиб кетган.

Бир гуруҳ тошкентлик уйлар нархи ошганига норозилик билдириб, президент девони олдида акция қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:55 0:00

10 апрель оқшомида эса, Сергелидаги Қурилиш штаби олдига яна одамлар йиғилди. Акция иштирокчиларидан бирининг Озодликка айтишича:

“150 дан ортиқ киши штабнинг олдида кеч соат 6 дан 8 гача йиғилиб турди Ҳокимликдан, қурилишинвестдан одамлар, Уй-жой бўлимининг бошлиғи С. Тўлаганов чиқди олдимизга. Нархда ўзгариш бўлмайди, дейишди”.

10 апрель оқшомидаги воқеалар акс этган видеоларда аҳоли билан ҳокимлик вакиллари ўртасидаги баҳс-мунозаралар акс этган.

Сергелида норозилик нимадан чиққанини Озодликнинг SizdanTelegram каналида 20 мартда эълон қилинган мана бу қисқа хабардан тушуниш мумкин:

“Тошкент шаҳри, Сергели тумани, 40-уй 63-хонадондан ёзмоқдаман. Кам таъминланган оилалар учун қурилган кўп қаватли уйлардан бирини бошланғич 10 фоиз тўлов билан олдик. Аммо кўчиб келганимизга 3 ой бўлмасдан уй нархи 40,1 фоизга ошди. Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади, лекин ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Эҳтиёжманд оилалар учун қурилган уйлар нархини қайта-қайта ошириш тўғри эмас-ку!”

Нархлар нега ошиб кетди?

Сергелидан уй олганлар учун ўта муҳим бўлган бу саволга Озодлик Қурилиш вазирлигининг исмини ошкор этмаслик шарти билан гапирган етакчи мутахасисидан жавоб олди.

Унинг айтишича, нархлар ошишининг уч омили мавжуд:

биринчидан , 2017 йил 2 сентябрда Президентнинг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди ва натижада қурилиш материаллари нархи кескин - 200-300 фоизга кўтарилиб кетди;

иккинчидан, 2018 йил 1 январидан бошлаб кўп қаватли арзон уй-жойлар қурилиши учун имтиёзли нархларда ажратилган цемент ва металл маҳсулотларини биржа савдолари орқали сотиш тартиби жорий этилди ва натижада қурилиш материаллари қимматлаб кетди;

учинчидан, 2017 йил 1 декабрдан ойлик иш ҳақи миқдорлари ўртача 15% га ошди, шунингдек, 2018 йилда 2017 йилга нисбатан газ, электр энергияcи тарифлари ошди, натижада яна қурилиш моллари нархлари ошди.

Қурилиш материаллари нархларининг ортиб кетишига сабаб бўлган уч омилни санаган мутахассис бундай деди:

“Юқорида келтириб ўтилган ўзгаришлар натижасида 2018 йилда 2017 йилга нисбатан асосий қурилиш моллари нархлари ўртача салкам 185,5% га ошган бўлиб, табиий равишда бу кўрсаткич кўп қаватли арзон уй-жойлар нархлари ўзгаришига таъсир этган. Лекин арзон уй-жойлар қурилишига берилган тегишли солиқ имтиёзлар сабабли, уй-жойларнинг 1 м.кв. нархлари 2018 йилда 2017 йилга нисбатан 139% дан 141,0 % гача ўсган.

2017 йилга нисбатан 2018 йилда нархларнинг ошганлиги сабабли фуқаролар томонидан дастлабки бадални тўлашни енгиллаштириш мақсадида 2018 йил 18 июлдаги 3863-сонли Президент қарорига кўра, кўп қаватли арзон уй-жойлар учун фуқаролар томонидан тўланадиган дастлабки бадал миқдори хонадон нархининг 25%и ўрнига 15%и этиб белгиланди. Бунинг натижасида юзага келган фарқ фуқаролар аризаларига асосан қайтариб тўлаб берилади”, - деди Қурилиш вазирлиги етакчи мутахассиси.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG