Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:41

Бош вазир топшириғи билан Термизни “обод қилиш” бошланди


Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëев топшириғи билан мамлакат бўйлаб давом этаëтган “ободонлаштириш” жараëнининг янги тўлқини жанубга кўчди. Сурхондарë вилояти маркази Термиз шаҳрига бутун республикадан юборилган юзлаб ишчи шаҳарни 16 округга бўлган ҳолда¸ бузиш ишларини олиб бормоқда. Шахсан Меҳнат вазири бош-қош бўлаëтган бу жараëн оқибатида йиллар давомида кадастрга киритилмай келинган уйларда яшаб келган одамлар кўчада қолмоқда.

Бош ташаббускор яна Бош вазир

5 августдан Термиз шаҳридаги кўп қаватлик турар-жой бинолари жойлашган 16 та маҳаллада бузилиш ишлари бошланди.

Озодлик манбалари таъкидича¸ Афғонистон билан чегарадош Термиз шаҳрида жами 30 та маҳалла бор ва шаҳарнинг ярим ҳудудидан кўпроғидаги бузилишларга бир куннинг ўзида старт берилган.

Шаҳарнинг кўп қаватли уйлар жойлашган 16 маҳалласи 16 секторга бўлинган ва бу бузилишларни назорат қилиш масъулияти ҳокимлик¸ прокуратура¸ ички ишлар бошқармаси¸ солиқ қўмитаси каби турли давлат органларига топширилган.

Айтилишича¸ ҳар бир округнинг алоҳида мутасаддиси бор ва Термиздаги ялпи бузилишга Ўзбекистон Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов масъул этиб тайинланган.

Термиздаги бу жараëнга бевосита алоқадор расмийлардан бирининг Озодликка айтишича¸ ноқонуний уй ва бошқа қурилишларни бузиш Бош вазир Шавкат Мирзиëев топшириқ ва бевосита кўрсатмаси асосида амалга оширилмоқда:

- Бош вазир икки-уч марта келиб¸ Термизни пиëда айланиб¸ домлар орасидаги ноқонуний қурилишларни бутунлай бузиш ҳақида кўрсатма берди. Мирзиëев топшириғи билан ҳар бир вилоят Термизга меҳмон ишчилар юборди. Ҳар битта округ ҳозир биттадан вилоятга бўлиб берилган. Ҳар биттасида 30-40 дан одам ишлаяпти. Шаҳардаги барча ноқонуний қурилишлар октябрь ойига қадар тугатилиб¸ Термиз бирламчи харитада қандай бўлган бўлса¸ шу аҳволига қайтарилиши лозим. Урганчда қандай бўлган бўлса¸ бизда ҳам шундай бўлаяпти. Ҳозир иш роса қизғин кетаяпти¸ деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Термиздаги бузилишларга бевосита масъуллардан бири.

“Шаҳар бедарвоза бўлиб кетди”

Термиздаги бузилишларнинг бу қадар кенг кўлам ва катта суръатда бошланишига¸ Озодликнинг ҳокимият тизимига яқин манбасига кўра¸ ободонлаштириш баробарида¸ хавфсизлик ҳам сабаб бўлган:

- Дарë порти деган даҳамиз Афғонистон билан шундоқ чегарада жойлашган. Кечагина шу ерда бир нарса портлаб¸ бир боланинг қўл-оëғи шикаст еди. Шунинг учун¸ биринчи нарса¸ хавфсизлик. Иккинчиси¸ тозалик-озодалик. Келиб кўрсангиз¸ одамлар домлар орасига нима хоҳласа¸ шуни қуриб ташлаган. Уларни кўнглига келганча¸ дарахт ва буталар билан ўраб ташлаган. Тагида илон борми¸ чаëн борми¸ иши йўқ. Ўзларича контейнерлар қўйишган¸ домларнинг олдига ҳожатхоналар қуриб ташлашган. Бирортасига ҳокимликнинг рухсати йўқ¸ кадастрга кирмаган. Домлар олдида на болалар ўйнайдиган¸ на тўй-маърака қиладиган бир қарич ҳам очиқ жой қолмаган. Гараж ва бошқа ноқонуний қурилишлар орасига ахлат тўлиб кетган. Ана шу жойларнинг ҳаммаси йўқ қилинади энди¸ деди Сурхондарë вилоят ҳокимлигига яқин манба.

Маҳаллий ҳокимият тизимларидаги Озодлик манбаларига кўра¸ Термиз шаҳридаги кўп қаватлик уйлар орасидаги бундай қурилишлар совет замонидан бери бўлиб келган.

“Термиз катта шаҳар¸ бу қурилишларни бузиб¸ тартибга солишга шу пайтгача вақт ҳам¸ куч ҳам етмади. Бир чеккадан маҳаллаларни обод қилиб келаëтгандик. Мана энди¸ Бош вазир кўмагида бу ишларни жадаллаштириб юбордик”¸ деди 30-40 йиллик ноқонуний қурилишларнинг айнан 2016 йилга келиб бузилаëтганини изоҳлаган расмийлардан бири.

“Бузилган уйларда яшаб келганларнинг борар жойи йўқ”

Аëн бўлишича¸ ҳокимият ноқонунийлигини билса ҳам¸ чора кўрмайди¸ деган ишончда бўлган кўп қаватлик уйларда яшовчилар квартирасига қўшиб¸ ҳеч қандай рухсатсиз алоҳида икки-уч хоналик уйлар қуриб олган¸ бу қурилишларга келин тушириб¸ невара катта қилишган.

5 август куни бошланган жадал бузилишлар оқибатида айнан шундай қўшимча қурилган ноқонуний уйларда яшаб келганлар кўчада қолган.

“Термиз шаҳрининг энг камбағал аҳолиси яшайдиган “Дарë порти” даҳасидаги икки қаватлик уйларнинг олдига қурилган қўлбола айвонлар¸ уй ва қўшимча қурилишлар ваҳшийларча бузиб ташланаяпти. Уч ўғли бор бир оила бир хонали уйда яшарди. Домнинг олдидан уйга туташ қилиб¸ икки хона қуриб яшаëтганди¸ шуни бузиб ташлади.

Ўзбекистонда томорқа бериш умуман тўхтатилган бир пайтда¸ намунавий уйлардан сотиб ола олмайдиган энг кам иш ҳаққи ҳисобига¸ ëки мардикорчилик ҳисобига кун кечираëтган аҳолининг шаҳар ҳокими қарори чиқмаган¸ мабодо чиққан бўлсаю¸ мулк деб тан олиш маълумотномасига эга бўлмаган ҳар қандай бошпанаси бузилса¸ улар энди қаерга боради?

Биргина мен яшайдиган маҳаллада домда яшаб келин олган¸ ëки икки оила бир жойда яшайдиган 30 га яқин оила 5 августдан бери бир оила сифатида бир уйда яшай олмай қолди. Ëш келинлар ҳам¸ икки-уч болалик келинлар ҳам яшашга хона йўқлигидан¸ ота-онасининг уйига кетди. Бошқа иложи йўқ уларнинг”¸ деб ëзди Озодликка бузилишлар майдонига айланган Термиз маҳаллаларида яшовчилардан бири.

“Кўчада қолдирмаймиз”

Термиз шаҳридаги бузилишлар учун масъуллардан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ¸ давлат кадастрига киритилмаган ноқонуний қурилишларда йиллар давомида яшаб келган бундай оилаларга шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилишни тавсия этди.

“Ҳокимга мурожаат қилса¸ ҳоким ўрганиб чиқиб¸ ер ажратиб беради. Тўғри¸ кўпчилиги кадастрдан ўтмаган¸ лекин ўрганиб чиқиб¸ бирор чора топилади имкон қадар.

Мана сизга битта мисол – Тупроққўрғон деган маҳаллада икки хоналик уйда учта оила яшаб юрган экан. Домнинг икки бурчагидан ноқонуний уй қуриб¸ неча йиллардан бери яшаб юрган экан. Ана шуларнинг учаласига тўрт сотихдан ер берилди. Ҳозир улар ноқонуний қурилишларини бўшатиб¸ берилган ерга кўчиб чиқади”¸ деди маҳаллий ҳокимият тизими расмийси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йилдан бери республика аҳоли пунктларини ободонлаштиришга оид қабул қилиб келаëтган қатор қарор ва фармойишлари асосида мамлакатнинг аксар район ва шаҳарларида бузилиш ва қурилиш ишлари йиллардан бери давом этмоқда.

Бу жараëнга оид Озодликка оддий ўзбекистонликлардан келаëтган маълумотлардан¸ бузилишга тушган ҳудудлардаги уйлар кадастр рўйхатига киритилганига қарамай¸ аҳолига бу уйлар учун қонунда белгиланган тўлов ва компенсацияларни беришда жиддий муаммолар мавжудлиги аëн бўлади.

XS
SM
MD
LG