Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:40

Швецияда террорчиликда айбланган Оқиловга умрбод қамоқ жазоси сўралди


30 январь куни Стокҳольмда бошланган матбуот анжуманида прокурор Ханс Иҳрман Ўзбекистон ватандоши Раҳмат Оқиловни террорчиликда айблади. Раҳмат Оқилов ўтган йилнинг апрелида Стокҳольмда пиёдалар устига юк машинасини ҳайдаган ва бу ҳужумда 5 киши ўлган эди. Прокурор унга умрбод қамоқ жазосини сўради.

9 минг саҳифалик айблов, 155та даъво

Швеция прокуратурасининг миллий хавфсизлик бўйича департаменти раҳбари ўринбосари Ханс Иҳрман Оқилов устидан дастлабки тергов хулосасини эълон қилди.

Хулосага биноан Раҳмат Оқилов террорчилик, террорчиликка уриниш, бошқаларнинг ҳаётига таҳдид солишда айбланмоқда.

Оқилов 2017 йилнинг 7 апрелида Стокҳолм марказидаги Дроттнинггатан кўчасида юк машинасини пиёдалар устига ҳайдаган, оқибатда, 11 яшар бир қизалоқ дохил 5 одам ўлган, 14 киши жароҳатланган эди.

The Local Интернет нашрининг хабар қилишича, матбуот анжумани аввалида прокурор: "Менинг мақсадим унинг (Раҳмат Оқиловнинг - таҳр.) бизнинг орамизда эркин ҳаракатланишини мутлақо чеклашдир", деб гап бошлаган.

Оқилов устидан тергов хулосаси 9 минг саҳифадан иборат, жами 1 минг 700та гувоҳлик кўрсатмасига асосланган.

Оқиловга қарши 155 киши даъво аризасини киритган, буларнинг 5 таси қурбонларнинг яқинлари, 15 таси оғир жароҳатланганга тегишли.

5 та қўлбола бомба

Сешанба куни эълон қилинган айбловда ёзилишича, Оқилов ўғирланган юк машинасини Стокҳолм марказидаги пиёдалар билан гавжум Дроттнинггатан кўчасида катта тезликда ҳайдаган, кейин қўлбола бомбани портлатишга уринган.

Айбловга кўра, қўлбола бомбалар шуруп, метал парчалари ва лезвие синиқлари билан тўлдирилган 5 та бутан гази канистирида ҳозирланган.

Ўша куниёқ қўлга олинган 39 яшар Раҳмат Оқилов жиноятни бўйнига олган ва афсус қилмаслигини билдирган.

Шунингдек, The Local Интернет нашрининг ​ёзишича, матбуот анжуманида прокурор Иҳрман Оқиловнинг "ҳужумга қадар исломий террорни қўллаб келганини кўрсатувчи аниқ ишоратлар бор"лигини билдирган.

Радикалларга алоқадорлик

Айбловга кўра, Оқилов радикаллашган шахс бўлган ва унинг радикаллашуви ҳужумдан қисқа муддат аввал юз бермаган. Яъни, унинг қанча муддат давомида ва айнан қаерда радикаллашгани ҳозирча суд жараёнида аниқланиши лозим бўлган масаладир.

Матбуот анжуманида прокурор Иҳрман, бу ҳужум воситасида Оқилов Швециянинг "Ислом давлати" экстремистик гуруҳига қарши халқаро коалиция сафидаги курашига зарар етказишни мақсад қилган, деб таъкидлади.

Айбловда яна келтирилишича, Раҳмат Оқилов ҳужумга қадар бир неча ой давомида радикал Исломий гуруҳларга алоқадорликда гумон қилинган шахслар билан онлайн алоқада бўлган ва уларга ҳам "Ислом давлати" гуруҳи номидан ҳужум қилишни таклиф қилган.

"Стокҳольм гей клуби" ​

Шу тариқа, тергов-текширув натижасида Оқилов бу ҳужумга бир неча ой давомида ҳозирлик кўрган, деган хулосага келинган. Бунга исбот ўлароқ прокурор кузатув камераларига тушган суратлар - Оқиловнинг ҳужумдан олдин Дроттнинггатан кўчасига боргани, у ерни суратга олаётгани акс этган фотосуратларни тақдим қилди.

Шунингдек, айбловда Оқилов Google тармоғида "Стокҳольм гей клуби" сўзлари билан қидирув бергани аниқлангани ҳам қўшимча қилинган.

Амалга ошмаган худкушлик

Ҳужум бўйича полиция тергови раҳбари Кристер Нилссоннинг маҳаллий Aftonbladet нашрига айтишича, Раҳмат "Оқилов ҳужумдан сўнг омон қолишини кутмаган". Аксинча, юк машинасини портлатиб, ичида ўзининг ҳам ўлшини режалаган. Шунингдек, полиция терговчилари Оқилов тергов жараёнида ҳамкорлик қилгани, барча саволларга очиқ жавоб берганини қайд этишган.

Aftonbladet нашрининг ёзишича, маҳкамага Оқиловнинг ўзи ҳам олиб келинади ва тингланади.

Швециялик журналист Ола Вестербергнинг хабар қилишича, Оқилов устидан маҳкаманинг 13 февралда бошланиши кутилмоқда.

Абдулазиз Комилов баёноти

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 14 апрелда ўтган матбуот анжуманида Оқилов 2014 йил Ўзбекистонни тарк этиб, Швецияга кетганини айтган эди.

Комилов махсус хизматлардан олинган маълумотга таяниб, Оқиловни Швецияда “Ислом давлати” радикал гуруҳи ёллаганини ҳам билдирган.

“Ислом давлати” гуруҳига алоқадорлик

Швециядаги Expressen нашри ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбасига таяниб Раҳмат Оқилов тергов пайтида Стокҳолмдаги ҳужумни содир этиш буйруғини “Ислом давлати” гуруҳидан олганини айтган.

Expressen нашрининг полициядаги манбасига таяниб хабар беришича, ​“Оқилов тергов пайтида ўзига билдирилган айбловни тан олган.

2016 йилдан бери Стокҳолмдан ташқари Европанинг бир неча шаҳрида, жумладан, Барселона, Лондон, Берлин ва Ниццада автобиллар ёрдамида террор ҳужумлари амалга оширилди.

XS
SM
MD
LG