Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:36

Қирғизистон Суриядан 200 аёл ва 400 болани қайтармоқчи


Қирғизистон Суриядаги қочқинлар лагерида ушлаб турилган қирғизистонлик аёлларни фарзандлари билан бирга олиб келмоқчи. Бу ҳақда, Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманқулов ҳамда ЮНИСЕФ ташкилоти вакили Кристин Жольмнинг 30 октябрда бўлиб ўтган учрашуви пайтида билдирилди.

Расмий маълумотларга мувофиқ, Сурия билан Ироқдаги махсус лагерларда икки юзга яқин қирғизистонлик аёл ва тўрт юзга яқин бола сақланмоқда. Расмий Бишкек ўтган йили “Мээрим” гуманитар миссияси доирасида Ироқдаги қочқинлар лагеридан 79 болани олиб келган.

Қирғизистонлик Зарема Жумагулова тўрт фарзанди билан Суриянинг Ал-Хасака ҳудудида курдлар назоратида бўлган "Ал-Хол" лагерида сақланмоқда. Унинг опаси Аиданинг айтишича, синглиси ватанга қайтишни орзиқиб кутаяпти.

“Биз ҳукуматга мурожаат қиляпмиз. Шунинг натижаси ўлароқ энди олиб келамиз дейишяпти. Оз қолди. Синглим билан алоқа қилиб тураман, лагерда ўтирибди, ҳаммаси яхши, келамиз деб кутишяпти”,- дейди Аида.

Зарема Жумагуловани икки фарзанди билан Сурияга Туркия орқали 2014 йилда эри олиб кетган. Ўша пайтларда фарзандининг каттаси 4, кичиги бир ёшда бўлган. Аёлнинг эри кўп ўтмай вафот этган ва у ўша ернинг қонунлари бўйича бир ойдан кейин бошқа одамга турмушга чиққан. Аёл ундан ҳам икки фарзанд кўрган ва иккинчи эри ҳам жангда вафот этган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев журналистлар саволларига жавоб берар экан, Ироқ ва Сурия қамоқҳоналарида ўтирган 200га яқин аёл ва уларнинг 400га яқин фарзанди рўйхати тузилганини билдирди. Расмий Бишкек уларни қайтаришга бир неча йилдан бери ҳаракат қилиб келади.

Бу масалани Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманкулов 28 октябрда ЮНИСЕФнинг Қирғизистондаги вакили Кристан Жольм билан муҳокама қилди.

Шу пайтгача Суриядан қайтиш имкони бўлмаган Қирғизистон фуқароларининг ота-оналари ва яқинлари мамлакат раҳбарларига бир неча бор мурожаат қилиб, ёрдам сўраган.

Парламентдаги “Иймон нури” фракцияси раҳбари Нуржигит Қодирбеков қирғиз аёллари ва болаларини Суриядан қайтариш учун махсус дастурлар ишлаб чиқили зарур, деб фикр билдирди.

"Қирғизда "Адашганга ўз ўрнини топгандан кейин айб йўқ" деган нақл бор. Қайтарганимиз тўғри. Уларни жамиятга интеграция қилиш бўйича алоҳида дастур керак. Қайтганларни қандай мафкуравий таъсирдан ўтгани, аҳволи қандай бўлганини чуқур ўрганиб, ёрдам бериш керак. Аммо бу ерда ҳақиқий профессионаллар бўлиши керак. Психология, динни биладиган мутахассислар бўлса яхши бўларди. Айниқса, болалар билан ишлаш зарур. Улардан баъзилари гўдаклигида кетган. Кўпчилик ўша ерда туғилган. Улар бошқа тил, бошқа маданият, бошқа муҳит таъсирида катта бўлишмоқда. Уларга энг яхши мутахассисларни жалб қилиш ва шу йўналишда ишлаш керак. Олиб келгандан кейин жиддий иш қилиш керак”, - деди Қодирбеков.

Ўтган йилнинг баҳорида Қирғизистон ҳукумати “Меҳр” номли инсонпарварлик миссияси доирасида Ироқдаги қочқинлар лагеридан 79 нафар болани олиб келган эди. Уларнинг ярми Ироқ, Сурия ва Туркияда туғилгани маълум бўлган. Улар Қирғизистонда реабилитациядан ўтиб, бу ердаги қариндошларига қайтарилган. Айни пайтда қайтган болаларнинг аксарияти мактабда таҳсил олмоқда.

Таҳлилчи Ўрўзбек Мўлдалиев Қирғизистон қайтиб келганларни жамиятга интеграция қилишда бошқа мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олиш кераклигини таклиф қилди:

"Ўша болалар бошқа муҳитда катта бўлди. Уруш ва бошқа нарсаларни кўрди. Отасидан айрилганлар, онаси бошқа турмушга чиққанлар ҳам бор. Ўша келинлар орасида "Эрларимиз жиҳодда юрибди, биз улар билан бўлишимиз керак”, деб била туриб Сурияга кетганлар ҳам бор. Шунинг учун буларнинг барчасига диққат билан қараш керак. Уларни дерадикаллаштириш керак. Бу борада махсус дастурлар мавжуд. Масалан, Ғарбнинг ривожланган мамлакатларида, масалан, Германияда, махсус мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган дастурлар мавжуд", - дейди Ўрўзбек Мўлдалиев.

Аввалроқ махсус хизмат Қирғизистоннинг 850 нафар фуқароси Суриядаги жанговар ҳудудларга жўнаб кетгани, улардан 150 нафари у ерда ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилган. Ўзини “Исломий давлат” деб атаган террорчилик гуруҳига қўшилган Қирғизистон фуқароларининг 140 нафарга яқини аёллар экани айтилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Сурия ва Ироқдаги махсус лагерларда сақланаётган ушбу гуруҳ аъзолари бўлган аёллар ва болаларни ўз ватанига қайтариш учун махсус жамғарма тузган. У ўз фуқароларини ушбу ҳудудлардан олиб чиқмоқчи бўлган мамлакатларга маблағ беради.

Айтиш жоизки сўнгги бир неча йилда Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон ҳам Ироқ ва Суриядаги болалар ва аёлларни олиб келиш ҳаракатларини амалга оширган.

Ўзбекистон сўнгги марта 2021 йил апрелида "Меҳр-5" операцияси доирасида Суриядаги “Ал-Хол” лагеридан 93 кишини, жумладан, 24 нафар аёл ва 69 нафар болани ватанига қайтарган эди.

Ўзбекистонда 2019 йилдан бери амалга ошириб келинаётган “Меҳр-1, 2, 3 ва 4” амалиётлари чоғида Сурия, Ироқ ва Афғонистондан 438 нафар аёл ва бола олиб келинганди.

Хусусан, ўзбекистонлик илк гуруҳ - 156 аёл ва бола "Меҳр" инсонпарварлик операцияси доирасида 2019 йилнинг 30 майида махсус авиарейс билан Тошкентга олиб келинган.

2019 йилнинг октябрида “Меҳр-2” амалиёти доирасида ота-онасиз қолган 39 ўғил бола ва 25 қиз Суриядан қайтарилганди.

2020 йилнинг 8 декабрида “Меҳр-3” операцияси доирасида Суриянинг жанговар ҳаракатлар кечаётган ҳудудларидан 98 нафар ўзбекистонлик, жумладан, 25 нафар аёл ва 73 нафар бола ватанга қайтарилган.

2021 йил март ойида эса 2 март куни “Меҳр-4” амалиёти доирасида Афғонистондан 24 нафар Ўзбекистон фуқароси олиб чиқилган.

Форум

XS
SM
MD
LG