Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:43

Тадқиқот: Хонаки товуқнинг тарқалишида қадимий Марказий Осиё муҳим ўрин тутган


Янги тадқиқот натижаларига кўра, Марказий Осиё товуқнинг дунёга тарқалишида муҳим ўрин тутган.

Eurasianet нашрининг тадқиқот хулосаларига таяниб ёзишича, археологлар узоқ вақтдан бери Марказий Осиё жанубидаги аҳоли пунктларида мўрт тухум қобиғи ва суякларни топиб келади. Шунингдек, Марказий Осиё топилган минглаб йиллик тарихга эга санъат асарларида тухумлар акс этган.

Эндиликда генларни секвенциялаш технологиясидаги сўнгги ютуқлар олимларга хонаки товуқнинг Ипак йўли бўйлаб тарқалишини яқиндан ўрганиш имконини берди.

Германиядаги Макс Планк номидаги Инсоният тарихи фанлари институти ходими Роберт Спенглер бошчилигидаги олимлар гуруҳи Ўзбекистон ва Тожикистондаги 12 та археологик жойда топилган тухум қобиғи намуналарини ўрганиб чиқди. Минтақадаги деярли барча археологик жойларда тухум қобиғи топилган, жумладан, Бухоро яқинидаги Боштепада. Боштепа тарихи милоддан аввалги 200 йилларга бориб тақалади.

Тадқиқоти натижалари «Товуқ қачон йўлни кесиб ўтди: Марказий Осиёдаги қадимги товуқлар бўйича археологик ва молекуляр далиллар» деб номланувчи илмий мақола ўлароқ эълон қилиниши кутилмоқда. Спенглер ва унинг ҳамкасблари 18 хил намунанинг генетик кодини аниқлаган. Намуналарнинг 16 таси оддий товуқнинг (Gallus domesticus) генетик кетма-кетлигига мос келган. Уларнинг айтишича, бу Марказий Осиёда товуқни хонакилаштириш милоддан аввалги 200 йилдан ҳозирги даврнинг XII асригача кенг тарқалган бўлганини кўрсатади.

Муаллифлар иккита гипотезани илгари сурмоқда. Биринчисига кўра, «милоддан аввалги даврнинг сўнгги асрларда товуқнинг қадимги дунё бўйлаб тез ва кенг тарқалиш жараёни тухум қўювчи вариантлар кўпайишига мос келган». Иккинчи тахминга кўра, ўз қўшинлари билан Ўрта Осиёга товуқ олиб келгани эҳтимолдан ҳоли бўлмаган Искандар Зулқарнайн давридан бошлаб мўғуллар истилосига қадар «Марказий Осиё бўйлаб қишлоқ ва шаҳарларда паррандачилик ва тухум етиштириш иқтисодиётнинг муҳим ва мунтазам қисми бўлган».

Далиллар, шунингдек, минтақада товуқларнинг маданий аҳамияти юқори бўлганини кўрсатади. Тадқиқот муаллифларнинг фикрига кўра, бу ҳолат товуқ эрта хонакилаштирилиши ва тарқалишига замин яратган.

Хўроз «қадимдан Ички Осиёда жасурлик тимсоли бўлиб келган ва зардуштийлик эътиқодига кўра, хўроз тун ва кундуз ўртасидаги абадий курашда ёруғликнинг қоронғилик устидан ғалабасини мадҳ этиш учун тонг отиши билан чақириладиган руҳни ифодалайди. Хонаки парранда Ипак йўли марказида тутган аҳамияти бундан тахминан икки минг йил олдин унинг икки ярим қитъа бўйлаб тез тарқалишига ёрдам берган бўлиши мумкин».

Зардуштийлар чизган антропоморфик хўроз-инсон мавжудотлар тасвирлари Марказий Осиёнинг бир неча ҳудудида, жумладан, Шинжонда ҳам топилган.

Илмий мақола Ипак йўлидаги кўплаб йирик шаҳар марказларида товуқ гўшти мунтазам истеъмол қилинганлигини тасдиқлайди. Товуқлар Европада эллинизм давридаёқ хонакилаштирилган бўлса-да, бу анча кичикроқ кўламда содир бўлган ва товуқ, биринчи навбатда, ўлаксахўр жонзот ўлароқ кўрилган.

XS
SM
MD
LG