Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:31

"Тез ёрдам" ҳайдовчилари: Бензинниям, эҳтиёт қисмларниям ёнимиздан сотиб олаяпмиз


“Биз – Бухоро вилоятининг Қоракўл, Жондор, Бухоро, Ромитан, Когон туманлари ва Бухоро шаҳри “Тез ёрдам” автомашиналари ҳайдовчиларимиз", деб бошланади эътиборингизга ҳавола қилинаётган хат.

Ҳайдовчилар ўз мактуби давомида қуйидагиларни ёзган:

"2017 йилда президент қарори билан барча “Тез ёрдам” автомашиналари вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг автокорхонасига қўшилди.

Автокорхона “Тез ёрдам” автомашиналарини ёнилғи ва эҳтиёт қисмлар билан таъминлаши керак. Аммо автокорхона маъмурияти эҳтиёт қисмларни етарли даражада етказиб бермаяпти.

Оқибатда, автомашиналар яроқсиз ҳолга келган. Автокорхона омборидан арзон эҳтиёт қисмларни беришади, қимматларини чўнтагимиздан сотиб оламиз. Оддий мисол, 6 ойдан буён мотор мойи берилмади, ўзимиз сотиб оламиз. Машиналар шиналари яроқсиз ҳолга келган, кўп маротаба тешилиб, йўлда қолиб кетмоқдамиз.

Бунинг устига, ёнилғи, яъни бензин кам берилмоқда. Берилаётган бензиннинг сифати ҳам, миқдори ҳам талабга жавоб бермайди. Автокорхона бензин қуйиш шохобчасида ёнилғидан уриб қолишади.

Ёнилғидан уриб қолингани касрига, яқинда Когон шаҳрида “Тез ёрдам” машинаси бензини тугаб ўчиб қолди ва оқибатда бемор вафот этди. Шунда ҳам ҳамкасбимизни – ҳайдовчини айбдор қилиб ишдан бўшатишди.

Автокорхона раҳбарига мурожаат қилишнинг фойдаси йўқ, ишчиларни писанд қилмайди. Ёзаман десак, гап кўп. Автокорхонадаги таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, ўз вазифасига совуққонлик ҳақида гапирмайлик. Ваколатли идоралар текширув ўтказиб, ўзи аниқлаб олар.

Хўш, давлат томонидан “Тез ёрдам” машиналари учун ажратилаётган эҳтиёт қисмлар ва ёнилғи қаерга кетмоқда? Биз – ҳайдовчилар қачонгача улар учун чўнтагимиздан пул сарфлаймиз? Биз ойлигимизга ёнилғи ва эҳтиёт қисм олайликми ё қора қозонимизни қайнатайликми?”

XS
SM
MD
LG