Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:30

Тўрткўлда ўқувчининг пешонасига ëзиб изза қилган ўқитувчи жазоланди


Иллюстрация
Иллюстрация

Тўрткўл туманидаги 5- сон санаторий мактаб-интернатининг тарих ўқитувчиси Бекмамат Нурметов Маъмурий ишлар бўйича Тўрткўл туман суди ҳукми билан жаримага тортилди.

Айни пайтда интернат ўқувчиси ва тарбиячисининг Озодлик билан суҳбатда иддао қилишларича, сил касалга мойил бўлган болаларни жисмонан бақувват қилишга ихтисослашган интернатда “менюга икки овқат ëзилиб фақат биттаси” берилмоқда.

Мактаб директори эса, Озодлик мухбири билан суҳбатда ўқувчилар тўйиб овқат еяëтгани ва уларнинг пешонасига ручка билан ëзиш изза қилишга барҳам берилганини айтди.​

Бир ой олдин кучга кирган ҳукм нусхаси Озодликка 19 октябрь куни етиб келди. Озодлик суҳбатлашган айни мактаб-интернат тарбиячиси Зулфия Мавлоновага кўра, “арзимас жарима тўлаб қутилган ўқитувчи ўз айбидан ҳулоса чиқармай мактабда ишлашда давом этмоқда”.

Ўқитувчи нега жазоланди

Озодлик тасарруфида мавжуд бўлган бўлган 1801- сонли маъмурий иш ҳужжатларида Тўрткўлдаги мактаб-интернатда “интизомсиз ўқувчиларни жазолашнинг кенг тарқалган услуби” ўз аксини топган. Ҳужжатда ëзилишича, Тўрткўл туманидаги мактаб-интернат ўқитувчиси Нурметов жорий йилнинг 18 апрелида "ўқувчининг пешонасига ручка билан ëзаëтиб тан жароҳати етказган”.

Озодлик мухбири билан 19 октябрь куни суҳбатлашган мактаб-интернат ўқувчиси бундай жазо барча ўқувчиларга қўлланилганини айтади:

- Сал гап бўлса, пешонангга ëзиб қўяди ручкаси билан. "Ахмоқ" деб ëзади, "жинни" деб ëзади. Исмингни ëзиб қўяди. Тарихчи устоз Бекмамат ака пешонасига ëзаман деганда юзи тирналиб кетган бола (исми Озодликда мавжуд) билан бир партада ўтираман. Дарс вақтида ичида запаси йўқ ручкани партага ишқалаб ўтирганда Бекмамат устоз келиб нега партага чизасан деб урди. Кейин пешонасига ëзаман деганда у юзини буриб юборганда тирналиб қонаб кетди¸ - деди Тўрткўл туманидаги 5- сон санаторий мактаб-интернатининг 9 синф ўқувчиси Озодлик билан суҳбатда.

Айни мактаб-интернат тарбиячиси Зулфия Мавлонованинг Озодликка айтишича¸ юзи тирналган ўқувчининг ота-онаси ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят қилганидан кейин ишни суд кўриб чиққан:

- Тарих ўқитувчиси Бекмамат Нурметов Маъмурий ишлар бўйича Тўрткўл туман суди ҳукми билан жаримага тортилди, аммо мактабда ишлаяпти. Болаларни изза қилиш ва уларга жисмоний жазо қўллаш давом этмоқда.

Озодликда нусхаси мавжуд маъмурий ишлар бўйича Тўрткўл туман суди ҳукмига кўра “Ўқувчини изза қилиб тан жароҳати етказган ўқитувчи” 344¸480 сўм жаримага торилган.

"Санаторийдаги ўқувчилар тўйиб овқат емаяпти"

Мактаб-интернатнинг 9 синф ўқувчиси Озодлик билан суҳбатда тўйиб овқат емаëтганидан шикоят қилди:

- Икки ой ичида бугун палов берди. Тил байрами ўтказилиб¸ Тўрткўл ТВ видеога олаëтгани учун дастурхон безалди. Аслида ҳар куни сума-сум (ëвғон шўрва) еймиз. Фақат бир бўлак нон беради. Ўқувчилар нон талашади. Менюга иккки овқат деб ëзиб қўяди аммо фақат бир овқат еймиз. Тухум емаганимизга анча бўлди.

Айни мактаб-интернат тарбиячиси Зулфия Мавлонова Озодлик билан суҳбатда доктор тавсиясига кўра сил касалга мойил ўқувчилар истеъмол қилиши керак бўлган¸ сариëғ¸ тухум¸ нўхат ва бошқа ўнлаб номдаги егулик қоғозга ëзилади, аммо ўқувчилар дастурхонига тортилмайди.

Суҳбатдош мактаб-интернатда газ йўқлиги боис, овқат кўчада ўчоқда пиширилаëтгани акс этган видео тасвирларни Озодликка юборди.

Тасвирда ховлидаги темир қозон ўчоқда шўрва пишаëтгани акс этган.

Директор инкор қилди

Тўрткўл туманидаги 5- сон санаторий мактаб-интернати директори Нурилла Рўзимов 19 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда “болаларнинг қорни тўқ”, деб айтди:

- Ҳозир мана тил байрами ўтказиб турибмиз. Болаларнинг кўнгли ҳам, қорни ҳам тўқ. Ишонмасангиз, мана мен микрофонни олиб ўқувчиларга сизнинг саволингизни бераман.

Ана шундан кейин у болаларга қарата “қорнингиз тўқми”, деб савол берди. Болалар хор бўлиб “тўқмиз”, дея жавоб беришди.

Озодлик билан суҳбатда мактаб-интернат директори ўқувчиларга жисмоний жазо бериш тўхтагани ва шу кунларда ҳеч бир ўқитувчи ўқувчининг пешонасига ëзиб сазойи қилмаëтганлигини айтди.

Тўрткўл туман ҳокимлигининг Озодлик билан суҳбатлашган мулозими мактаб-интернат доимо давлатнинг ғамхўрлиги остида экани ва яқинда 1 миллиард 700 миллион сўм сарфланиб таъмирланганини айтиш билан кифояланди.

Мулозимнинг айтишича¸ ўтган ойда¸ мактаб-интернатда тегишли органлар кенг қамровли текширув ўтаказган. Мулозим текширувчиларнинг айнан қайси ташкилотдан эканлигига аниқлама киритмади.

XS
SM
MD
LG